АҚШ президенти Жо Байден 11 август куни юборган мактубида Шавкат Мирзиёевни Нью-Йоркда БМТ бош ассамблеяси доирасида ўтадиган Марказий Осиё ва АҚШ давлат раҳбарларининг (С5+1) саммитига таклиф қилди.
«Ўтган бир йил давомида биз савдо ва сармоявий алоқаларимизни мустаҳкамлаш, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий муаммоларни ҳал этишда ҳамкорлик қилиш каби ҳамкорликни янги босқичларга кўтардик. АҚШ Сизнинг сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларингизни қатъий қўллаб-қувватлайди”, – дейилади мактубда.
Шунингдек, мактубда Саида Мирзиёеванинг жорий йил бошида Оқ уйга ташрифи ҳам тилга олинган ҳамда оилавий (маиший) зўравонлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгилангани, гендер тенглиги йўлида қилинаётган ишлар эътироф этилган.
“Мен яқинлашиб келаётган йиғилишимизни интиқлик билан кутаман. Унда биз халқларимиз ҳаётидаги энг муҳим вазифаларни ҳал қилишда муваффақиятга эришамиз. Умид қиламанки, сиз мен ва бошқа етакчиларимиз билан биргаликда хавфсизлик, иқтисодий ва экологик мақсадларимизни илгари суриш учун қандай қилиб биргаликда ишлашни давом эттиришни муҳокама қиламиз. Умид қиламанки, сиз бу учун 19 ёки 20 сентябр кунлари C5+1 форматидаги расмий учрашувимизга ташриф буюрасиз”, – дейилади расмий хатда.



