Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига
Юртимизда айни пишиқчилик палласи. Мева-чеваларнинг бири пишиб тугаса, бири етилиб туради. Сабзавотлар ҳам қуёшнинг иссиқ тафтида пишиб, мазага кирган. Она-замин ўз иноятларини сочиб ташлагандек… Мўлчилик!
Пойтахт бозорлари ичида Чорсу деҳқон бозори энг гавжуми. Бу ерда игнадан тортиб «туя»гача бор. Эрталабки улгуржи бозордан кечги бозоргача савдо-сотиқ тугамайди.
Хил-хил пишган шафтолилар 10 мингдан бошлаб пулланади. Ноклар 15 мингдан 40 минггача, олма 6 мингдан 15 минг сўмгача. Қовун-тарвузлар доналаб сотилади. Катта кичиклигига қараб 5 мингдан бошланади. Помидорлар 5-7 минг сўмлар атрофида.
Халқимиз отанг бозор, онанг бозор, деганча эрта саҳарлаб бозорга боришни ёқтиришади. Бироқ, кун бўйи турли идораларда хизмат қилувчилар ишдан чиқиб «Корзинка» супермаркет тармоғи дўконларига боришга одатланишган.
«Корзинка» дўконига кирасиз. Бир-биридан чиройли меваларга кўзингиз тушиб, кўнглингиз яйрайди. Улар пештоқидаги нархларга кўзингиз тушса… Ҳайратдан кўзларингиз катта-катта бўлиб кетади.
Шафтоли 17 минг сўмдан 40 минггача, олхўри 12 минг, узум 40 минглар атрофида, нок 34 минг, олма 10 минг сўмдан юқори. Булар хорижнимикан, деган хаёлда магазин ходимига юзланасан. – Йўқ ўзимизники, – дейди қотмадан келган йигит.
Сабзавотларга назар ташлайсиз. Помидор 14 минг сўм, бодринг 10 минг сўм. Полиз экинларидан қовунлар донаси 20 минг сўмдан бошлаб пулланади.
Савол: «Korzinka» супермаркетлар тармоғи қачон «инсоф» кўчасига келади? Ёки бу кўчага қайтмас бўлиб кетдими?
