Бугун ҳаётимизни телефон, компьютер ва гаджетларсиз тасаввур қила олмаймиз. Ҳатто, айрим оналар кичик ёшдаги фарзандларининг қўлига улар тинч ўтириши учун мобил телефонларни бериб қўяди. Бу каби техник воситалар эса биз ва фарзандларимизнинг кўзларига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Хўш, бунинг оқибатлари қандай бўлади? Ушбу саволларга жавоб олиш учун пойтахтимиздаги Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказида бўлдик.
Марказ мутахассислари текширувига келган Салоҳиддин 7-синф ўқувчиси. Бундан 5-6 йил илгари кўп ва узоқ пайт мультфильм ҳамда кинолар кўргани боис унинг кўриш қобилиятида пасайиш кузатилганди. Мана, ўшандан буён у вақти-вақти билан офтальмолог кўригига келиб турибди.
– Ўғлимнинг етти ёшга тўлар-тўлмас кўзлари узоқни яхши кўрмаётганини сезиб қолдик, – дейди отаси Музаффар Абдуқодиров. – Бунга бир томондан ўзимиз ҳам айбдормиз. – Чунки уйимизда иккиталаб ноутбук бўлиб, ўғлим кўпинча унда кино ва мультфильмлар кўриб ўтирарди. Натижада узоқ пайт яқинга, гаджетга қараб ўтиргани учун узоқни кўриши ёмонлашган. Кейин шифокорга олиб бордик. У гаджетлар таъсирида ўғлимнинг кўриш қобилияти пасайганини айтиб – миопия ташхисини қўйди. Ўшандан бери офтальмолог айтган тавсияларга амал қилиб келаяпмиз. Бугун ҳам навбатдаги кўрикка олиб келдик.
Ота-оналарга ҳам маслаҳат, ҳам тавсиям шуки, фарзандларининг нима билан шуғулланаётганига эътиборли бўлишса. Имкон қадар, мобиль телефон ва компьютерлар олдида вақтларини кам ўтказишсин. Ундан кўра, очиқ ҳавода, дўстлари билан футбол ўйнашсин. Китобларини ўқишсин, бошқа ўзлари қизиққан тўгаракларга боришсин.
Касалхонада бўлганимизда беморлар орасида ёш ўсмирларга тез-тез кўзимиз тушди. Билсак, сўнгги пайтларда узоқни яхши кўра олмаслик ташхиси оқибатида, кичик жарроҳлик амалиётига келаётганлар кўп экан.
Биз уларнинг айримларини саволга тутдик. Ўзини Ҳилола Одилова деб таништирган 20 ёшли талаба қиз Қашқадарё вилоятидан келганини, тўрт соат олдин кўзларида кичик жарроҳлик амалиёти ўтказилганини айтади. Бунинг боиси у ўқишга кириш учун кўп китоб ўқиган, шу билан бирга, мобиль телефондан ҳам узоқ вақт ва нотўғри фойдаланган. Ҳилола эндиликда муолажадан кейин яхши кўраётганини айтади.
– Бундан буён кўзларимни асрашга, китоб ўқиш қоидаларига риоя қилишга ҳаракат қиламан. Кўз инсон ҳаётидаги энг муҳим аъзо эканини тушуниб етдим, дея хулоса қилди у биз билан суҳбатда.
Шундан сўнг, ёшлар орасида кўп учраётган кўз касалликлари ва уларнинг олдини олиш борасида батафсил маълумот олиш учун Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий- амалий тиббиёт маркази офтальмологи, жарроҳ Саидаҳмад Тошпўлатовга юзландик.
– Саидаҳмад ака, кўраяпмизки, касалхонада жарроҳлик амалиёти учун келаётганлар орасида ёшлар ҳам кўп? Бу нимадан далолат беради? Ёшлар орасида қандай шикоят билан мурожаат қилувчилар кўп бўляпти?
– Кўз касалликларининг тури кўп. Аммо ёшлар орасида энг кўп учрайдигани – миопия, яъни, узоқни кўриш қобилиятининг пасайганини айтиб келишади. Бундан ташқари, ёши катталар орасида катаракта ва глоукома кабилар ҳам кўпайиб бораяпти. Технологиялар ривожлангани сайин компьютер ва гаджетлардан фойдаланилмоқда. Оқибатда қуруқ кўз синдроми билан ҳам мурожаатлар қилувчилар кўп учраяпти.
– Миопия энг кўп учраётганини айтиб ўтдингиз. Бу қандай касаллик ва нимадан келиб чиқмоқда?
– Бу узоқни кўришнинг хиралашиши. Схематик равишда тушунтирадиган бўлсак, ташқаридан кўз ичига тушадиган нур соғлом кўзда кўз тубигача етиб бориши керак. Тўр пардага нур тўғри етиб келганда, одам тиниқ ва аниқ кўради. Аммо миопияда тушаётган нур кўз тубигача етиб бормагач, атроф-олам хира кўринади. Нега ёшлар орасида бу ҳолат кўп бўлаяпти, деган саволга жавоб берадиган бўлсак, аввало буни касаллик деб қарамасак ҳам бўлади. Оғир асоратларга олиб келадиган кучли даражаларини касаллик деб қарашимиз мумкин. Миопия айримларда гендан ўтса, ҳозирда кўпчиликда гаджетлар – телефон ва компьютерлардан узоқ пайт яқин масофада фойдаланиш оқибатида юзага келмоқда. Ҳаттоки, кичкина чақалоқларга ҳам айрим оналар қўл телефонларини бериб қўйишмоқда. Бу жуда нотўғри.
Сабаби боланинг кўз нури 5-6 ёшда эндигини ўсиб, ривожланаётган бўлади. Агар у гаджетлардан фойдаланиб, фақат яқин масофага қарайверса, олимларнинг тадқиқотларида исботини топган нарса шуки, аввалига кўзларнинг узоққа кўришга жавобгар мушаклари фаолияти сустлашади. Кейинчалик шу ҳолат сурункали тарзда такрорланаверса, кўзнинг узоқни кўриш функцияси яхши ишламайди. Оқибатда бола ёки ўсмирда кўриш қобилияти пасаяди. Агар бунинг олди олинмаса, кейинчалик оғир оқибатларга, яъни кўриш қобилиятининг кескин тушиб кетишига олиб келади. Бу эса инсонинг имкониятларини чеклайди. Ҳаёт сифатини тушириб юборади.
Шу боис миопиянинг илк ва ўрта даражасидаёқ кўзойнак тақиш, кўзни асраш, гаджетларга қарашни камайтириш ва инсон кун тартибини тўғри ташкиллаштирши лозим. Бу даврда миопия жиддий касаллик бўлмса ҳам ёшларнинг тўлақонли ривожланишига халақит беради. Чунки кўз орқали одам ҳаётидаги энг муҳим билим ва маълумотларни ўзлаштиради. Шунинг учун миопиянинг олдини олиш ва ривожланиб кетмаслигига жиддий қараш лозим. Жарроҳлик амалиёти эса кўзойнак тақишни хоҳламаган инсонларда амалга оширилади. 10-15 дақиқалик лазерли жарароҳлик натижасида кўриш ўткирлиги пасайган беморлар, кўзойнаксиз ҳам яхши кўрадиган бўлишади. Ҳозирда кўпчилик бу амалиёт учун келишмоқда.
– Офтальмолог кўригига қанча муддатда бориб туриш керак?
– Олти ойда бир борган яхши. Сабаби кўз иккита ва баъзида иккаласида эмас, фақат биттасида ўзгариш бўлиши мумкин. Аммо бу сезилмайди, чунки иккинчи кўз ёрдамида яхишироқ кўриб туради. Вақт ўтгач эса беморлар иккинчи кўзида ҳам касаллик аломатлари сезилгачгина шифокор ҳузурига келишади. Аммо бу вақтда касаллик анча кучайиб кетган бўлади. Шу боис биз имкон қадар юртдошларимизга ҳар олти ойда кўзларини кўрикдан ўтказишларини тавсия қиламиз. Айниқса, ёш улғаявергач, кўз касалликлари орта боради. Шуни ҳам доим назардан қочирмаслик керак.
– Кўпчилик кўз аллергиясидан ҳам шикоят қилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Бунга нима сабаб бўлаяпти?
– Бунинг сабаби табиий маҳсулотларни истеъмол қилиш боргани сари камайиб бораётгани. Қолаверса, шифокор масалҳатисиз дори воситаларини қабул қилиш ҳам кўз аллергиясини келтириш чиқариши мумкин. Истеъмол қилинган маҳсулот одам танасида аллергия чақирдими, у кўзда ҳам аллергияни уйғотиши эҳтимоли катта бўлади. Бундан ташқари, баҳор ва куз ойларидаги қуёш нуридан ҳам кўзларни асраш керак. Сабаби бу пайтдаги нурлар алларген сифатида намоён бўлиб, кўзларимизда ўзгаришлар бўлишига олиб келиши мумкин.
– Фарзанд тарбиялаётган ота-оналарга болажонларининг кўзини асраш ва у билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаслиги учун қандай маслаҳатлар берасиз?
– Ҳозирда телефон ва гаджетлардан фойдаланиш ёшлар ва болалар, ҳаттоки боғча болалари орасида кўпайиб кетган. Бу нафақат уларнинг кўзига, балки руҳий ҳолатига ҳам салбий таъсир қилаяпти. Болалар ҳаётдан узилиб, виртуал оламда, мультфильмларнинг “ичида” яшаб қолаяпти. Ҳаттоки гаджетларсиз овқат емайдиганлари, бир кун ҳам яшолмайдиганлари ҳам бор. Афсуски, шундай ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлаяпмиз.
Бу келажакда фарзандларимизнинг жамиятда ўз ўрнини топишда қийинчилик туғдиради. Шу боис ота-оналарга тавсия қилардимки, ўзлари қандай катта бўлганликларини бир эслашсин. Пайти келганда кўчада ўйнардик, пайти келганида дарс қилардик. Болалари учун ҳам шундай шароит яратишга, техникадан уларни узоқлаштиришга ҳаракат қилишсин. Очиқ ва тоза ҳавода, қуёш ва табиат бағрида бирга вақт ўтказишсин. Бу кўзлар учун ҳам жуда фойдали. Ёпиқ жойларда болаларни узоқ пайт ушлаб ўтирмаслик керак. Дўстлари билан ўйнасин, вақти келганда дарсларини қилсин. Гаджетларга муккасидан кетиш ҳеч қачон яхши оқибатга олиб келмайди.
Шу ўринда катталарга ҳам тавсиям бор: Ҳозирги кунда технология ривожланиб бораяпти. Ҳамма нарса компьютерда амалга оширилади. Компьютерда кўп ўтириш инсонда касб касалликлари юзага келишига олиб келади. Хусусан, умуртқа поғонаси, остехондриоз, кўз ксалликлари юзага келади. Мияни ҳам чарчатади. Шу боис иш жараёнида ора-орада танаффус қилиб, табиат бағрига чиқиб, тоза ҳаводан нафас олиб туриш зарур.
Суҳбатдош: Зебо НАМОЗОВА,
оператор: Саидакбар АБДУРАИМОВ.


