Сурхондарёда йилига 6,5 минг фуқарони қабул қиладиган санаторий ишга тушди

110

“Сангардак” санаторийсининг Мустақиллик байрами кенг нишонланган кунларда фойдаланишга топширилгани Сурхондарё аҳли ва қолаверса, юртимиз меҳнаткашларига муносиб совға бўлди.

Давлатимиз раҳбари 2019 йилда Сурхондарёга ташриф буюриб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига Сариосиё туманидаги денгиз сатҳидан 1500 метр баландликда жойлашган ва деярли 150 метр тепадан оқиб тушувчи “Сангардак” шаршараси яқинида жаҳон стандартлари талаблари асосида замонавий санаторий қуриш юзасидан аниқ топшириқ берган эди.

– Мажмуа 250 ўринга эга бўлган 8 қаватли бино, қабул ва даволаш бўлимлари, ошхона, сузиш ҳавзаси, туз ғори, турк ҳаммоми, конференц-заллардан иборат бўлиб, тизимдаги санаторийлар ичида энг баланди ҳисобланади, – дейди “Сангардак” санаторийси МЧЖ директори Зафар Муҳаммадиев. – Сиҳатгоҳда йилига олти ярим мингдан ортиқ фуқаро нафас олиш тизими ва юрак-қон томир касалликлари бўйича ўз саломатлигини тиклаш имконига эга бўлади.

Соғломлаштириш хизматларини юқори даражада ташкил қилиш учун санаторий энг илғор тиббий-диагностик, бальнеологик, физио ва термотерапевтик жиҳозлар ҳамда жаҳон стандартлари талабларига тўлиқ жавоб берадиган тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган.

Муассаса масъулларининг сўзларига кўра, мазкур санаторий ишга тушиши 150 нафардан зиёд маҳаллий аҳоли вакилини доимий иш билан таъминлайди.


— Бундай бунёдкорлик ишлари ўз-ўзидан бўлмайди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кўплаб эзгу ишларга бош бўлмоқда. Биз ёзувчиларга илҳом берадиган ушбу масканга қуруқ қўл билан келмадик. Дам олишга келган юртдошларимиз бадиий китобларимиздан ҳам баҳра олишсин деб, тўйга тўёна сифатида 1000 дона бадиий китоблар билан келдик. Совғамиз санаторийнинг кўркам кутубхонасидан муносиб ўрин олади, деган умиддамиз – дейди Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид.

Ишонамизки, Сангардак санаторийси юртдошларимизнинг севимли манзилига айланади, узоқ йиллар халқимиз саломатлиги, равнақи йўлида хизмат қилади.