Киши ният қилиб, ўзидан, оиласидан орттириб, уйига маиший техника сотиб олса-ю, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, у бузилиб, орзулари чиппакка чиқса, боз устига, носоз техникани дўконга қайтариб олиб келганида, сифатсиз маҳсулот созлаб берилмаса, янгисига ҳам алиштирилмаса, алам қилмайдими?
Бу каби ҳолатларда юртдош хотин-қизларимиз Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги 1211 қисқа рақамли «Ишонч телефони»га мурожаат қилиб, адолат тикланишига умид боғлашмоқда.
– Инсон ўз ҳуқуқларини, жумладан, истеъмолчилик ҳуқуқларини англаши ва уни талаб қилиши ҳуқуқий давлатнинг белгиларидан бири, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги «1211 Ишонч телефони»га келган мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Улуғбек Ҳамидов. – Ҳуқуқлари поймол бўлаётган кўплаб фуқаролар бизга телефон қилишади. Уларнинг ҳуқуқлари тикланишига кўмак бераётганимиздан мамнунмиз.
Шу йилнинг 29 апрелида андижонлик Зарнигор Қосимова «Жаҳон буюм бозори»дан «Shivaki» русумли телевизорни сотиб олади. Уйига келиб не кўз билан кўрсинки… Маҳсулотдан норози бўлиб дўконга борса, на телевизорни қайтиб олишган, на пулини қайтаришган. Мазкур ҳолатдан норози фуқаро «1211 Ишонч» телефонига сим қоқади. Вазиятни тушунтириб, ёрдам беришларини сўрайди.
Қисқа вақт ичида «Ишонч телефони» тизимининг аралашуви билан муаммо ижобий ҳал бўлишига эришилади. З.Қосимовага «Жаҳон буюм бозори»га қарашли дўкондан 3 миллион пул қайтариб берилади.
Фарғоналик Асалхон Қурбонова «Телемакон» дўконидан кредит шартномаси асосида «Samsung М-13» русумли уяли телефонини сотиб олади. Аммо алоқа воситасининг ўз-ўзидан қизиб кетиши, интернет тармоғига уланиб бўлмаслиги А.Қурбоновани ташвишга солади. Не ниятларда харид қилган телефони ишлашидан кўнгли тўлмай дўконга такрор боради. Дўкон ходимлари ўзлари телефонни техник кўрикдан ўтказган бўлиб, уни бенуқсон деб топишади ва мижозини ноумид қайтаришади. Бундай муносабатдан норози А.Қурбонова «Ишонч телефони»га мурожаат қилиб, бу хариддан норозилигини, кредит шартномасининг бекор қилинишида ёрдам беришларини сўрайди.
Жорий йилнинг 7 июнида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасидан носоз телефон дўконга қайтарилгани ҳамда кредит шартномаси бекор қилингани ҳақидаги жавоб хати келди.
Гулистонлик Сарвиноз Худойбердиева «Ишонч» дўконидан кредит шартномаси билан «Smartfon Xiаoмi Redmi 10 C» русумли уяли телефонини харид қилади. Буни қарангки, телефон электр энергиясидан қувват олаётганида куйиб кетади. С.Худойберганова телефонни янгисига алмаштириш мақсадида дўконга борса, истеъмолчилик ҳуқуқлари топталади. Ҳатто прокуратурага мурожаат қилса-да мушкули енгиллашмайди. Иложсиз қолган фуқаро умид билан «1211 Ишонч телефони»га сим қоқади.
Қисқа вақт ичида С.Худойберганованинг аризаси қаноатлантирилади. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг вилоят бошқармасидан жавоб келиб, уч кун ичида С.Худойберганова янги уяли телефонни дўкондан олиб кетиши мумкинлиги билдирилади.
Шу йилнинг июнь ойида Навоий вилоятидан Ольга Ковалевская тўловни бўлиб тўлаш шарти билан «Media Рark» тармоқ дўконларининг Навоий шаҳар филиалидан музлаткич харид қилади. Орадан кўп ўтмай маиший техника чала-ярим ишлай бошлайди. Ҳафсаласи пир бўлган Ольга Владимировна «Media Рark» дўконига қайта юзланади. Дўкон ходими мижоз уйига уста жўнатилишини, музлаткич тузатиб берилишини ваъда қилади. Бироқ дўкон масъуллари ваъдасининг устидан чиқишмайди.
Ноилож қолган О. Ковалевская 2 август куни «Ишонч телефони»га мурожаат қилади. Тизим ходимлари вазиятни тезда ўрганиб, тегишли ташкилот билан боғланишади. Қисқа вақт ичида вазият тўғриланиб, носоз музлаткич дўкон мутассадилари томонидан янгисига алмаштирилади.
Бу каби ҳолатлардан кўриб турибмизки, фуқароларнинг, айниқса, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда 1211 қисқа рақамли «Ишонч телефони» муҳим аҳамият касб этмоқда. Муҳими, мурожаатларнинг ўз вақтида ечим топаётгани аёлларнинг нафақат касаба уюшма фаолиятига, балки жамиятга бўлган ишонч туйғуларини ҳам мустаҳкамлаётир.
Ҳусния ШОКИРОВА
