Уларнинг фаолият шакллари, ижтимоий хавфи ва олдини олиш усуллари
Бугунги глобаллашув даврида миллатни, ўзликни, эътиқодни сақлаб қолиш ўта мушкул вазифага айланди. Чунки ёвуз кучлар турли миллат ва элатларни бир қолипга солиш устида бош қотиришмоқда ва бу борада аллақачонлар ишга киришганлар. Уларнинг асл мақсадлари аниқ: қандай бўлмасин, жамиятни таназзулга дучор қилиб, миллатларни умумлаштириш. Шунга кўра, турли оқимлар ва миссиялар тарғиб қилинмоқда. Миссионерлик ва прозелитизмни ҳам уларнинг сирасига киритиш мумкин.
Агар мазмун-моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак, миссионерлик ва прозелитизм дин билан боғлиқ ҳолда шаклланган ва мутаассибликка асосланган ҳодисалар ҳисобланади. Жумладан, «миссионерлик» сўзи лотинча «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», «миссионер» эса «вазифани бажарувчи» деган маъноларни англатади. Миссионерлик бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишга боғлиқ назарий ва амалий фаолият саналади.
Прозелитизм эса тўғридан-тўғри бирон-бир динга ишонган фуқарони ундан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбурлаш демакдир.

Диний секта деганда, маълум бир диндаги расмий ақидаларга зид равишда ажралиб чиққан ёки мавжуд динлар ва конфессияларга умуман алоқаси бўлмаган ҳолда дин байроғи остида фаолият кўрсатадиган гуруҳлар тушунилади. Бугунги кунда ҳар иккала йўналишга мансуб тахминан 5000 та секта фаолият кўрсатмоқда.
Миссионерлар ўз фаолиятларини йўлга қўйиш учун муҳим ҳудудларни белгилаб оладилар. Глобал даражадаги миссионерлик лойиҳаларида алоҳида мамлакат ёки минтақа эътиборда тутилади. Ҳозирги кунда христиан миссионерлари, асосан протестант марказларининг диққат-эътибори ўзлари «10-40 ойна» деб атаган ҳудудга қаратилган. У шимолий кенгликнинг 10- ва 40-параллеллари орасидаги Африканинг ғарбда — Атлантика океани қирғоқларидан Кичик ва Марказий Осиё, Арабистон ярим ороли, Жанубий Осиёнинг Тинч океани қирғоқларига қадар чўзилган.

Маълумотларга кўра, дунёдаги жами миссионерларнинг учдан икки қисмини христиан миссионерлари ташкил этади. Хусусан, протестантлик замонавий миссионерликнинг асосий ҳомийси бўлиб қолмоқда. Уларнинг фаолияти кўплаб давлатларда катта муваффақият келтирган. Бугунги кунда Жануби-шарқий Осиёдаги буддавийликка анъанавий равишда эътиқод қилиб келган айрим мамлакатлар аҳолисининг катта қисми христианликка эътиқод қилиши ана шундай зафарли юришлар натижасидир.
Дастлабки халқаро христиан миссиялари 1910 йилда Шотландиянинг Эдинбург шаҳрида пайдо бўлган. Эндиликда эса юзлаб шундай мақомга эга миссиялар фаолият юритмоқда. Уларни янада ривожлантириш, етарли моддий, маънавий ва инсон ресурслари билан таъминлаш жуда яхши йўлга қўйилган. Тамойилга кўра, халқаро миссияни ташкиллаштиришда маълум бир конфессиянинг барча бўғинлари қатнашади.
Умуман, миссионерликка тарғиб қилишнинг кўплаб усуллари ва йўналишлари бор. Ўз навбатида, унинг олдини олишнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилган ва бу бизнинг Бош қомусимизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Чунончи, унинг 31-моддасида «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди», деб таъкидланган. 18-моддасида эса, «Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар» дейилган.
Бундан ташқари, миссионерлик ва прозелитизмга боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар учун Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жавобгарлик белгиланган. Масалан, диний мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки тарқатиш, йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини, диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш, ғайриқонуний нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оқимлар, секталар фаолиятида қатнашишга ундаш, вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Албатта, ҳар бир фуқаро қонунларга қатъий риоя қилиши керак. Ана шунда у нотўғри йўлга кирмайди ёки эгри оқимларга қўшилиб қолмайди.
Бобурбек РАЖАБОВ,
ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментининг
Терроризмга қарши курашиш бўлими ходими



