Уммон ортини ёритган нур

38

Дунё илм-фани тарихида ёрқин из қолдирган улуғ мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний ўз даврида 150 дан ортиқ илмий асар ёзган. Уларнинг 40 тага яқини бизгача етиб келган. Кўплари ўзбек, инглиз, рус, форс, немис  ва  бошқа тилларга таржима қилинган.

Олимнинг асарлари мавзу жиҳатидан ғоят кенг қамровли бўлиб, математика, физика, астрономия, маъданшунослик (минералогия), геодезия, картография, метеорология, доришунослик, этнография, тарих (маданият ва динлар тарихи), филология ва фалсафа фанлари соҳаларига мансуб бебаҳо  илмий меросдир. Улар ўша вақтлардаёқ ­дунёнинг турли ҳудудларига етиб бориб, маҳаллий тилларга таржима килинган. Бир қатор асарларининг асл нусхалари Ғарб ва Шарқдаги машҳур кутубхона ва музейларда сақланади.

Беруний ўз даврининг юксак иқтидорли донишманди сифатида бир нечта  тилни мукаммал ўрганиб, ўша давр­­даги хоразм тилидан ташқари, араб, форс, суғд, юнон, сурёний ва қадимги яҳудий тилларида ёзилган китоб­ларни ўқий олган. Ҳиндистонга борганида санскрит тилини хам ўзлаштирган. Хоразм  Маъмун академиясида Абу Сахл ал-Масиҳий, Абу Наср ибн Ироқ, машҳур тарихчи Ибн Мискавайх, Ибн Сино билан биргаликда илмий фаолият олиб борган, юнон, форс, ҳинд тилларидаги машҳур асарларни арабчага таржима қилишга ҳисса қўшган. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ёзганидек, «Америка – сеҳрли диёр, Ухлар эди Колумб ҳам ҳали. Денгиз ортин ёритди илк бор – Берунийнинг ақл машъали».

Тарихий маълумотларга кўра, биринчи минг йилликнинг сўнгги йилларида қорахонийлар сомонийлар давлатини маҳв этгач, Хоразмда илмий фаолият билан шуғулланиш  мураккаблашади. Шу боис ёш Беруний ўз юртини ташлаб кетишга, бир неча йил давомида Журжонда, Теҳронга яқин Рай шаҳрида яшашга мажбур бўлади, мусофирлик азоб-уқубатларини бошидан кечиради. 1010 йилга келиб, ўз юртида осойишталик юзага келгач, Маъмун ii нинг марҳамати билан Урганчга келади. Тарихда «Маъмун академияси» номи билан машҳур «Дорул ҳикма»ни бошқаради. Бу илм масканига таниқли олимларни жалб этади, уларга зарур шарт-шароитлар яратиб беради. Жамоанинг изланишлари зое кетмайди – ушбу даргоҳда илмий тафаккур ривожига жуда катта ҳисса қўшган ноёб асарлар яратилади.

Беруний одамлар ижтимоий ҳаётда ўзига хос «шартнома» асосида яшай бошласалар, ўз эҳтиёжларини тўғри тушуниб, ўзларига ўхшаш кишилар (ҳамфикрлар) билан бирга яшаш зарурлигини англай бош­лайдилар, деб ҳисоблайди. Шу сабабли турли ҳаётий ҳолатларда ўзаро келишувчанлик зарурлигига ишонади. Унинг ижтимоий мавзудаги асарларида «Жамиятни бошқаришда жамият подшоҳга эмас, подшоҳ жамиятга хизмат қилиши керак», «Одил ҳокимнинг муҳим вазифаси – олий ва паст табақалар, кучлилар ва кучсизлар орасида тенг­лик, адолат ўрнатишдан иборат» деган ­фикрлар бор.


XIII асрда яшаган суриялик тарихчи ва табиб Христиан Иоанни Барэрей  Берунийни шундай таърифлайди: «Юнон ва ҳинд фалсафаси денгизини кечиб ўтган Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўтмиш илмларини ўрганишда мислсиз шуҳрат қозонди. У математикага оид илмларда тенгсиз мутахассис бўлиб, бу соҳага доир муҳим китоблар яратди. Ҳиндистонга бориб, у ерда бир неча йил яшади, ҳинд файласуфларидан уларнинг санъатини ўрганди, айни чоғда, уларга юнон фалсафасидан сабоқ берди. Унинг асарлари етук ва ниҳоятда ишончлидир. Ўз даврида, ундан сўнг ва ҳозирга қадар фазошунослик илмида бундай билимдон, бу илмнинг асоси ва нозик хусусиятларини чуқур биладиган олим бўлмаган».


Хоразмдаги илмий фаолияти мобайнида Беруний минералогия соҳасига бағиш­ланган «Китоб ал-жамохир фи маърифат ал-жавоҳир» («Қимматбаҳо жавоҳирлар ҳақида билимлар китоби») номли машҳур асарини ёзади. Бу асар бадиий адабиёт, инсон одоб-ахлоқи, таълим-тарбия ва бошқа маънавий жиҳатларга тааллуқли таъсирчан мушоҳадаларга, турли халқларнинг қимматбаҳо тошлар билан боғлиқ урф-­одатларига оид маълумотларга бойлиги билан ажралиб туради. Олим ўзининг кўп йиллик илмий изланишлари, амалий тажрибалари  натижаларини  минерал ва металлар ҳақидаги ноёб хулосалари билангина эмас, бошқа халқларнинг ҳаёти, тарихи, турмуш тарзи ва адабиётидан олинган маълумотлар билан ҳам бойитган. Шу билан бирга, китобда минерал ва маъданларнинг солиштирма оғирлиги, ўз давридаги баҳоси, айримларининг шифобахшлик хусусиятлари, қимматбаҳо тошларга боғлиқ халқ орасидаги ирим-сиримлар ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар келтириладики, улар асарнинг ноёб ва ишончли тарихий манба сифатидаги аҳамиятини янада оширади.

«Минералогия»да Беруний саксон тўртта шоир номини ва уларнинг асарларидан парчалар келтиради, баъзи шеърларни танқидий таҳлил қилади. Шарқшунос И.Крачковскийнинг ёзишича, асарда Қуръондан келтирилган кўплаб парчалар олимнинг ушбу муқаддас китобни чуқур билишидан далолатдир. У қизиққан илм соҳаларидан кўра, қизиқмаган соҳаларини санаб ўтиш осонроқдир.

«Минералогия» йиллар, асрлар ўтса-да, юксак маъно-моҳиятини йўқотмайдиган асар саналади. Шу боис у 2017 йили Навоий кон-металлургия комбинати раҳбариятининг саъй-ҳаракати билан ўзбек тилига ўгирилди.

Аҳмаджон Мелибоев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист