1876 йил 14 февралда Шотландияда америкалик ихтирочи Александр Белл телефон ихтироси учун патент олди. Бу қурилма ўша кезлар овозли қўнғироқлар учун хизмат қилган эди. Бугунги кунда эса «ёвузлар қўлидаги қуролга айлангани» бор гап. Чунки имкониятлари ниҳоятда кенг бўлгани боис ушбу ихтиро одамзодни ўзига тобе қилишга ҳам улгурди. Кўча-кўйда юрганимизда ҳатто оғзидан сўрғичи тушмаган болаларнинг қўлида ҳам 2-3 миллион сўмлик телефонни кўрамиз.
Фарзандини мурғаклигиданоқ китоб ўқишга қизиқтириш ўрнига «Менга халақит бермасин» деган илинжда унинг қўлига телефон тутқазаётган ота-оналар наҳотки унинг келажагига болта уришаётганини билишмаса? Аксарият ёшлар эса, ўз умрини Интернетда «танилиш» билан ўтказишаётганига нима дейсиз?
Баъзан кекса отахону онахонлардан «Телефонингга ўт тушсин!», «Телефон чиқди – бало чиқди» деган гапларни эшитиб қоламиз. Статистик маълумотларга кўра, мактаб ёшидаги болаларнинг 23 фоизи телефонга муккасидан кетган экан. Айрим «тарбияли» ёшларнинг ножўя ишлари ва нохуш қилиқлари эса аллақачон Интернет орқали тарқалиб бўлган.
Хўш, телефондан туни билан фойдаланадиганлар асосан нима иш қилишади? Ёки бу телефонга ўта қарамлик оқибатими? Йўқ, бу аслида унга ҳаддан зиёд боғланиб қолишдир. Бу эса НОМОФОБИЯга олиб келиши мумкин.
НОМОФОБИЯ мобил телефонсиз ёки ундан узоқда қолишдан қўрқиш демакдир. 2010 йили Буюк Британиянинг бир почта бўлими томонидан ўтказилган экспериментда қатнашган 2100 кишининг 53 фоизи уяли телефонини йўқотиб қўйишдан, батареяси «ўтириб» қолишидан ёки ҳисобида маблағ тугашидан хавотирда эканини айтган. Номофобларнинг ярми ҳеч қачон мобил телефонларини ўчирмайди. Бу эса, мия ва кўзга боғлиқ жиддий касалликларни келтириб чиқаради.
Биз мобил телефондан батамом воз кечинг демоқчи эмасмиз, фақат асалнинг ҳам ози ширин деганларидек, бу алоқа воситасидан зарурат туғилганда ва меъёрида фойдаланиш зарурлигини эслатмоқчимиз.
Олланазар ХУДОЁРОВ,
ЎзЖОКУ талабаси



