Сардоба номи тилга олинганда бир кечада сувга кўмилган уйлар, бошпанасидан айрилган инсонлар кўз олдимда гавдаланади. Талафот сабаб Сирдарё вилояти Оқолтин туманининг Навбаҳор маҳалласида ҳам аҳолининг йил бўйи меҳнатда топган тонналаб ҳосили сувга ғарқ бўлганди… 40 хўжалик яшайдиган ушбу маҳалланинг ўзига хос жиҳати шундаки, бутун маҳалла аҳли супурги етиштириш ва уни сотиш билан шуғулланади.
Маҳаллага кирар экансиз, тоғ-тоғ супурги хирмонларига дуч келасиз. Бу ерда ҳатто уйларнинг томлари устида ҳам йирик супурги боғламларига кўзингиз тушади. Бу ерликлар кенг далалардан тортиб, кичик томорқасигача асосан супурги экади, бошқа маҳсулотларни деярли етиштирмайди. Ҳудуддаги уйлар атрофи Сирдарёнинг бошқа маҳаллалари каби яшиллик билан эмас, кенг ёйилган супургизорлар билан ўралган.
Оқолтинликларнинг айтишича, улар ҳосилдан 100 милионгача даромад кўришади. Супурги етиштиришнинг меҳнати қанчалик оғир бўлмасин, бу маҳалла одамлари 30-40 йилдан буён шу иш билан шуғулланиб келишади.
Биз бир неча хонадонда бўлиб, ана ўша меҳнаткаш одамлар билан танишиб, жарёнларни кузатдик.
Маҳалла фуқароси бўлган Меҳмоной опанинг кичкина ҳовлиси супурги поялари билан тўлган. Қамрамонимизнинг турмуш ўртоғи, икки ўғли, келинлари ва набиралари бор.
Улар ҳар йили ер эгаларидан ижарага ер олиб, ўртача 6-7 гектарга супурги уруғларини экишади. Ҳеч ким бу хонадонда бўш вақтини зое ўтказмайди. Уларнинг оилавий даромадлари асосан супургидан келади. Шу сабабли йил бўйи ҳамма бирдек ҳаракатда. Аввало, ерга қадалган уруғлар кузда пишиб етилганидан сўнг, ўғиллари уларни ўриб ҳовлиларига олиб келишади. Келинлари эса супургини поясидан ажратиб, тозалаб беришса, махсус ясатилган машинада уруғларидан ажратиб, боғлаш ва тайёр ҳолга келтириш яна эркакларнинг вазифасига юкланади. Бу жараёнларда қўни-қўшниларнинг ҳам меҳнати сингади. Қай бир одамнинг ҳосили пишса, ҳашар орқали бир бирига ёрдам беришади. Тайёр бўлган супургиларни турмуш ўртоғи билан биргаликда бозорга улгуржи нархларда етказиб беришади.
–Асли водийликман. Сирдарёга кўчиб келганимизга 30 йилдан ошди. Ўша пайтларда ҳам бу ердагилар супурги экишарди. Биз ҳам бошқалар сингари шу меҳнатга боғланиб қолдик. Турмуш ўртоғим билан меҳнат қилиб, уй олиб ўғилларимизни ўқитиб, уйлантирдик. Ҳозир ҳам деҳқончиликнинг шу тури билан шуғулланиб келяпмиз.
Даромадларимиз анча яхши. Бу йилгисидан набираларимнинг контракт пулларини тўлаяпмиз, турли ўқув марказлари, спорт тўгараклари учун ишлатяпмиз, — дейди Меҳмоной опа Набиева.
– Бу йил бозорларда супургига талаб яхши бўляпти. Бозорларда ўртача нарх 24 минг сўм атрофида. Бу нарх йил бўйи ўзгармайди. Сабаби, поясидан ажратиб, тозаланган супургиларни қиш мавсумида ҳам томда сақлайверамиз ва истаган пайтимизда супургини боғлаб, бозорларга олиб чиқаверамиз, — дея қўшимча қилади опа.
Биз суҳбатлашган Мамуржон ака Набиев супурги ҳосили билан боғлиқ қизиқ хотиралрни ёдга олди:
– Бир йил қаҳратон қишда бир маҳалладошимизнинг уйига ўт кетиб, уйи ёниб кул бўлди. Ўшанда маҳалладагилар томимизга сақлаб қўйган супургилардан сотиб, уйнинг томини ёпиб бердик. Ота-боболаримиз ҳам шу ишни қилишгани учун бу экинга қишлоғимиздаги ҳамманинг меҳри тушган. Ҳатто болаликдаги ўйинчоғимиз ҳам супургидан иборат бўлар эди. Дадам супурги таёқларидан қўғирчоқ ясаб берганини эслайман, — дейди у.
Йиллик даромад кўрсаткичлари доимий ҳам юқори бўлавермайди. Шундай бўлсада, бу ердаги одамлар бошқа тураги деҳқончиликка ўтиб кетмайди, чунки бу ишни бир анъана ва ота касбдан қолган мерос, дейишади.
Диёра Равшанова, Ishonch.uz



