Самарқандда ўтган саккиз ойда хотин-қизлар ўртасида содир этилган 523 та жиноятнинг 380 таси оқ- қорани таниган, ёши 30 дан ошган аёллар ҳиссасига тўғри келмоқда. Улардан 10 нафари ҳали 18 ёшга тўлмаган қизлар. 200 га яқин жиноятлар ишламайдиган аёллар ва уй бекалари томонидан содир этилган.
Савол туғилади: аёлларни жиноятга ундаётган омилларнинг илдизи нималар? Уларнинг дийдаси қотиб кетишига нима сабаб бўлмоқда?
«Аёллар дафтари» тизимининг 4-босқич доирасида жойларда маҳаллабай юриш орқали, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар таҳлил этилиб, кўнгилсизликларнинг олдини олишга доир ишлар жонлантирилиши асносида айни шу саволларга ҳам жавоб изланмоқда.
…Самарқандда ҳам аёллар томонидан содир этилган бир қатор оғир жиноятлар кўпчилик қалбини жунбишга келтирди. Ургут тумани «Чағизмон» маҳалласида яшовчи қайнона-келин ўртасидаги низо фожиали якун топди. Оддийгина оилавий «ғиди-биди» охир-оқибат келин қайнонасининг бошига ғишт бўлаги билан уриб, унинг бевақт ўлимига сабабчи бўлиши билан якун топди.
Самарқанд тумани «Жарқишлоқ» маҳалласида бир оиланинг заволга юз тутиши сабаби ҳам арзимаган тушунмовчилик туфайли юз берди. Қайнонага аччиқ қилган 26 ёшли келин жаҳл устида ўзи ва 3 нафар вояга етмаган фарзандини «Янгиариқ» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Дарғом каналига ташлаганига нима дейсиз? Ана шу фожиали воқеа ортидан икки нафар гўдак увол кетди.
Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Аммо шахснинг қалтис қадамлар ташлашининг сабаблари кўп. Уларнинг баъзиларига на тарбия ва панд-насиҳат кор қилади. Пастдарғомлик И.А. оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этиши ортидан умрини панжара ортида ўтказиб келмоқда. Ачинарлиси, у ўн беш йиллик қамоқдан сўнг ҳам хулоса чиқармасдан такроран жиноятга қўл уришдан тийилмади.
Жиноятчилик хронологиясида аёллар иштирокидаги қонунбузилишлар сони ўсиб боряпти. Жорий йилнинг ўтган саккиз ойи мобайнида Самарқанд вилоятида умумий жиноятчиликда хотин-қизлар улуши 12,5 фоизга ошган. Ҳудудлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, Иштихон ва Ургут туманларида аёллар жиноятчилиги олдинги йилларга нисбатан бир неча баробарга кўтарилганини кўриш мумкин.
Маълумотларга кўз ташлаб, аёллардаги жиноятга мойилликнинг бу қадар тезкор шитобидан ёқа ушлайсан, киши. Саккиз ойда ўғрилик, тан жароҳати етказиш, фирибгарлик борасида қонун бузилишлари, шунингдек, товламачилик ҳамда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар ҳам кўпайган.
– Аёлнинг шаънига тўғри келмайдиган ишга қўл урдим, – дея ишчи гуруҳ билан мулоқотда ўз кечмишини сўзлаб беради С. – Бу очлик ёки юпунликдан эмас. Шайтон йўлдан урди, ўғрилик қилдим. Қўлга тушиб маҳаллада юзим шувут бўлди. Қонунларимиз кечиримли. Адашганимни тан олгач, жазо белгиланмади. Аммо фарзандларим олдида ерга қарайман. Ўша кезларда уларнинг мунгли нигоҳлари шууримда қотиб қолди. Ҳали-ҳануз болаларим кўзига тик боқолмайман.
Тан олиш керак, йиллар давомида жиноятчиликка қарши кураш ва олдини олиш биргина ички ишлар органларининг вазифаси, деган нотўғри қарашга таяниб келинди. Жамоатчиликнинг таъсирчан кучини деярли ҳис қилмадик. Энг катта нуқсон шундаки, йиллар давомида «фалончи жиноятга қўл урибди» дейилса, унга ижобий тавсиф беришга зўр бердик. Унинг кўнгли, оиласидаги муаммо, турмуши ичига кириб боришда расмиятчиликдан нарига ўтилмади. Аёл аксар ҳолларда ўз дарди билан якка-ёлғиз қолиб кетаверди. Натижаси юқоридаги рақамларда ҳам акс этиб турибди.
– Хотин-қизлар жиноятчилигининг олдини олиш бўйича ички ишлар идоралари ва жамоатчилик вакиллари томонидан муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда, – дейди ишчи гуруҳ аъзоси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. – Шу чоққача 6277 та оила вакилалари билан суҳбат ўтказилиб, профилактик ишлар олиб борилди. 3953 та аниқланган муаммонинг 3329 таси жойида бартараф этилиб, нотинчликка барҳам берилди.
Профилактик ҳисобда турувчи 691 нафар хотин-қизнинг муаммолари устида ишланмоқда. Уларни ишга жойлаштириш, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, даволанишга муҳтожлиги аниқланиб, даволаш, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар олиши, тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишларига кўмаклашилди.
Айни чоғда узоқ муддатга яшаш жойидан чиқиб кетган 63 163 нафар аёлнинг оилаларига ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатилиб, ягона реестрга киритилган. Четда ишлаётган аёлларнинг уйда қолган 201 228 нафар оила аъзолари, шу жумладан, фарзандларининг турмуш тарзини ўрганиш орқали 48 299 нафари манзилли қўллаб-қувватланди.
Мақсадимиз шундай: аёлнинг муборак номига гард қўнмасин. Зеро, мулоқот асносида уларнинг дарду ташвишларини билар эканмиз, қалбини безовта қилаётган туйғуларига қулоқ тутар эканмиз, шундагина кўнгилларда ниш уриши мумкин бўлган жиноятнинг манфур илдизига барҳам бера оламиз.
Нурилла ШАМСИЕВ
«ISHONCH»
