Адлия вазирлиги таклиф қилаётган “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида мамлакатда болаларга нисбатан жинсий зўравонликда айбланганлар (педофиллар)нинг алоҳида реестрини юритиш режалаштириляпти. Улар реестрда бўлган даврида ички ишлар органлари томонидан профилактик ҳисобга олинади.
Реестрга киритилган шахслар яшаш жойи ва иш жойини ўзгартирганда бу ҳақда тегишли ички ишлар органларига хабар беришлари шарт бўлади. Реестрни шакллантириш ва юритиш, шунингдек ундан ахборот олиш тартиби эса Ҳукумат томонидан белгиланади.
Шунингдек, ҳужжат лойиҳасида педофилларнинг қатор ҳуқуқларини чеклаш ҳам назарда тутилган.
Яъни, мазкур ҳужжат лойиҳаси амалиётга татбиқ қилинганда, қўлланилган жазо чорасидан, судланганлик ҳолати тугатилганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ҳамда ўзига нисбатан амнистия ёки афв этиш акти қўлланилганлигидан қатъи назар жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноят содир этган шахсларнинг таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи бошқа фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланади.
