ФАОЛЛАР ҚАРШИЛИГИГА ҚАРАМАСДАН КУЧИДА ҚОЛАЁТГАН ҚАРОР

53

Олий таълим вазирлиги интизомий жарима билан боғлиқ масалага муносабат билдирди

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан қабул қилинган бир ҳужжат катта норозиликларга сабаб бўлди. Унинг мазмуни шундан иборатки, 2023 йилнинг 9 октябрида ўтказилган вазирликнинг юқори органи йиғилишида талабалар ўртасида жиноятчилик юқори даражада қолаётгани (2022 йил 8 ойи давомида 761 нафар талабалар томонидан жиноят содир этилган) ва унинг сабаблари таҳлил қилинган. Сўнгра жиноятчилик масалаларига совуққонлик билан қараган ҳамда камчиликларга йўл қўйган масъулларга нисбатан интизомий жазо чораси, яъни, жарима қўллаш муҳокамага қўйилган ва олийгоҳлар ректорлари ҳамда мажлис қатнашчилари томонидан маъқулланган.
Бу маълумот ижтимоий тармоқларда пайдо бўлгач, олий таълим педагоглари, ҳуқуқшунослар ва меҳнат ҳуқуқи фаолларининг кескин қаршилигига учради. Жумладан, меҳнат ҳуқуқи бўйича юрист Саидали МУХТОРАЛИЕВ ўз блогида қуйидагича эътироз қолдирди:
«Вазирликнинг йиғилиш баёнида кўрсатилган юқоридаги чоралар МК 312-моддаси 1 ва 2-қисми талабларига тамомила зиддир.
Қолаверса, МК 312-моддасида кўрсатилган интизомий жарималар ҳақиқатда ходим томонидан содир қилинган интизомий қилмиш учун қўлланилади. Лекин, бошқа шахслар содир қилган жиноят учун нимага айбдор бўлмаган ходимлар жавоб бериши керак? Ходим айбдор бўлмаган ёки унинг хизмат вазифасига кирмаган ишлар учун унинг ойлик маоши тугул, унинг устамалари ва мукофотларидан маҳрум қилиш ҳам асоссиздир.
Кейин, йиғилиш баёнидаги бошқалар содир қилган ҳар бир жиноят учун ходимнинг ойлигидан 1 фоиздан қисқартириш ходимнинг аҳволини Меҳнат кодексига нисбатан ёмонлаштиради. МК 8-моддасида эса ҳеч бир ички ҳужжат ходимнинг ҳуқуқий ҳолатини норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ёмонлаштириши мумкин эмаслиги кўрсатилган.
Юқоридагиларга асосланиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан юқоридаги йиғилиш баёнининг 12-бандида кўрсатилган меҳнат қонунчилигигига зид топшириқларни бекор қилишни сўраб қоламиз».
15 октябрь куни кечқурун эса Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бу каби мулоҳазаларга нисбатан муносабат билдирди. Унда шундай ёзилади:
» Шу куни ўтказилган йиғилиш вазирликнинг навбатдаги Ҳайъат мажлиси — Коллегиал орган йиғилиши бўлиб, унда талабалар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари чуқур таҳлил қилиниб, жорий йилнинг 3 ва 6 ойликларидаги огоҳлантириш ва ҳайфсан чораларига қарамасдан жиноятчилик масалаларига совуққонлик билан қараган ҳамда камчиликларга йўл қўйган масъулларга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш муҳокамага қўйилган ва олийгоҳлар ректорлари ҳамда мажлис қатнашчилари томонидан маъқулланган.

Йиғилишда талабалар томонидан содир этилган жиноятлар статистикасига оид маълумотларнинг нотўғри юритилишига йўл қўйган, биринчи ва иккинчи чорак якунида ҳам жиноятларнинг олдини олиш бўйича берилган топшириқларга эътиборсиз қараган ва бу борада ички ишлар органлари билан ҳамкорликни йўлга қўймаган масъулларга нисбатан интизомий жазо (жарима) қўллаш масаласи муҳокама қилинди. Масъуллар томонидан мунтазам равишда «бу бизнинг ишимиз эмас» ёки » бу талаба эмас, маълумот нотўғри» дея масъулиятни ўзидан совуққонлик билан соқит қилиш тажрибага айланган.

Маълумот учун, ички ишлар органлари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган 8 ойида олий таълим муассасалари талабаларидан 724 нафари жиноят содир этган бўлиб, 2022-йилнинг шу даврига нисбатан 37 нафарга ёки 5 фоизга (2022 йил 8 ойда – 761 нафар) камайган бўлсада, ҳали ҳам салмоғи юқорилигича қолмоқда.

Таъкидлаш жоизки, агар масъуллар жавобгарликни ҳис қилса, масалаларни ижобий ҳал қилиш, жиноят илдизларини тушуниш ва уларнинг олдини олиш мумкин.
“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасида Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар тизими назарда тутилган бўлиб, бунга таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасаларининг ҳам жавобгарлиги киритилганини алоҳида қайд этиш лозим. Қонуннинг 17-моддасида таълимни давлат томонидан бошқариш органларининг ва таълим муассасаларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги вазифа ва ваколатлари кўрсатиб ўтилган.

2023 йил 9 октябрдаги вазирликнинг коллегиал йиғилиш баёнининг 12-бандидаги топшириқда тегишли масъулларга қўллаш назарда тутилган жазо чораси барча масъуллар билан муҳокамадан сўнг олдинги даврдаги огоҳлантириш ва ҳайфсан чораларига беписандлик билан ёндашувга муносабат сифатида ҳар бир ҳолат бўйича алоҳида Меҳнат кодексининг 312-моддасида белгиланган интизомий жазолардан бири бўлган ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдордаги жарима жазосини ифода этади. Бунда жавобгарлик барча раҳбарлар, яъни ректордан тортиб кафедра мудирларигача белгиланганлиги «жиноятчилик профилактикаси фақат ректор ёки проректор бўйнида» деган ҳозирги кунда шаклланган совуққонлик муҳитини соғломлаштиришга қартилган чорадир.

Яъни, олий таълим муассасасида содир этилган жиноятларнинг олдини олишга масъул бўлган, бу унинг лавозим мажбуриятлари ва меҳнат вазифаларига киритилган шахслар томонидан масъулиятсизликка йўл қўйган, зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга совуққонлик билан қараган ҳолларда жарима жазосини қўллашни назарда тутади.

Ушбу чора олий таълим муассасасида жиноятчиликка қарши курашда кескин ва муросасиз муносабатни шакллантириш, ёшлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида қўлланишини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Қолаверса, бу ҳаракатлар азиз фарзандларимизнинг ҳаётини яхшилашга қаратилганлигини эслатиб ўтамиз!

Шу билан бирга, Меҳнат кодексининг 313-моддасига кўра, интизомий жазо чорасини қўллаш, интизомий жазо чораларидан бирини танлаш иш берувчининг ҳуқуқи ҳисобланади ва тегишли буйруқ билан расмийлаштирилади. Яъни, коллегиал орган белгилаган чораларни олийгоҳ раҳбарлари асослантирилган ҳолларда ўз буйруғи билан қўллайди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳуқуқий бошқармалари томонидан бу йўналишда қонун ҳужжатлари, жумладан, меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий риоя этилиши таъминланади»

Ishonch.uz