Муаллимлар меҳнатига розими?

908

Муаллимлар ҳақида битилган ашъору изҳорларнинг адоғи йўқ. Устозларни улуғим деб алқаш фақат қоғозда қолиб кетмаяптими? Ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати муносиб рағбатлантириляптими? Касаба уюшмалари томонидан фидойи касб эгалари манфаати қандай ифодаланяпти?

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Муяссар Раҳимова билан суҳбатимиз шу хусусда бўлди.

– Аслида, устозга шогирдлар эътирофи, эътибор, муносиб иш шароити ва иш ҳақидан бўлак ҳеч нарса керак эмас. Аммо муаллимга эътиборсизлик жамиятга, миллатнинг эртасига эътиборсизликдир. Ўқитувчи қадр топмаган жамият юксалмайди. Билмадим, мамлакатимизда ўқитувчилар яна беш-ўн йил беқадр бўлганида, аҳволимиз нима кечарди?
Ўз вақтида кўрилган чоралар туфайли ўқитувчининг жамиятдаги мавқеи мустаҳкамланиб, меҳнатига ­муносиб ҳақ оладиган бўлди. Шунгами, кейинги ­пайтларда ўқитувчи дипломига эга, аммо ­бошқа соҳаларда фаолият кўрсатаётганлар орасида ўқитувчиликка қайтиш истаги пайдо бўляпти.
Бир-иккита мисол келтирай. 2016 йилда таълим тизимида ўртача иш ҳақи 1 миллион 58 минг сўмни ташкил қилган. 2021 йилда бу рақам 2 миллион 850 минг сўмга тўғри келмоқда. 5-6 миллион сўм маош олаётган муаллимлар бор. Бу эса барча ўқитувчиларни ўз устида ишлашга, малака тоифасини оширишга ундамоқда. 2016 йилда Хоразм вилоятида 7772 нафар ўқитувчи устама олган бўлса, 2021 йилда 10785 нафар муаллим устама олиб ишлаяпти.
2017-2021 йилларда хоразмлик 65 нафар ўқитувчи давлатимизнинг орден ва медалларига сазовор бўлгани ҳам соҳа вакилларининг меҳнати қадр топаётганидан далолатдир. Шунингдек, кейинги йилларда 356 нафар ўқитувчи «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланган. Кези келганда, ушбу натижаларга эришишда касаба уюшмалари бераётган таклиф ва тавсияларнинг ўрни борлигини ҳам эътироф этиш жоиз.
– Хўш, эътиборга жавобан таълим сифати ва самарадорлиги ошяптими? Айримлар ҳали ҳам ўқитувчи меҳ­нати маҳсули сезилмаяпти деган ­фикрда.
– Устозлар меҳнатининг самараси бир кун ёки бир йилда кўзга ташланмайди. Лекин бевосита ўқувчилар эришаётган ютуқлар асосида таҳлил қиладиган бўлсак, ўтган 4 йил мобайнида 22 нафар ўқувчи халқаро даражадаги, 385 нафар ўқувчи республика миқёсидаги олимпиада ва беллашувларда ғолибликни қўлга киритгани хоразмлик ўқитувчилар меҳнати маҳсулидир. Жумладан, 2020-2021 ўқув йилида фан олимпиадасининг республика босқичида 14 фан бўйича 33 нафар хоразмлик 11-синф ўқувчилари иштирок этиб, тўрт нафари ғолиблик шоҳсупасидан жой олди. Ушбу ўқувчиларнинг устозлари энг кам ойлик иш ҳақининг белгиланган миқдорларида пул мукофотларига эга бўлишди. Шунинг­дек, касаба уюшмалари томонидан шогирдлари вилоят ва республика олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этган барча ўқитувчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланмоқда.
– Дарҳақиқат, касаба уюшмалари ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунда жамоа шартномаларининг ўрни катта. Сиз масъул бўлган ҳудудда жамоа шартномасидан ўқитувчилар қанчалик манфаатдор бўлмоқда?
– Жамоа шартномалари – касаба уюшмалари аъзолари манфаатларини ифодалашда муҳим аҳамиятга эга ҳужжат. Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» дастурига киритилган тадбирлар асосида бир қатор ишлар амалга оширилди. Йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида 198 нафар пенсия ёшидаги шахсларга моддий ёрдам бериш ва уларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш учун 87 миллион 345 минг сўм ­маблағ йўналтирилди. 165 нафар ходимга юбилей саналари муносабати билан 83 миллион 378 минг сўмлик қимматбаҳо совғалар топширилди. 321 нафар ишламайдиган пенсионерга 38 миллион 837 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. 45 нафар ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож аъзоларга байрамлар арафасида 10 миллион 716 минг сўм моддий ёрдам берилди. Икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 98 нафар ёш онага 25 миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди. 1010 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандларига ўқув қуроллари ва дарсликлар харид қилиш учун 124 миллион ­173 минг сўм ажратилди.
Нодавлат корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 87 нафар болали аёлга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгилаш жорий этилиб, 21 миллион 275 минг сўм сарфланди.
Кам таъминланган ёш оилаларнинг 717 нафар аъзосига 221 миллион 344 минг сўм моддий ёрдам кўрсатилди.
Жамоа шартномаларига мувофиқ, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим бўлган 102 нафар талабанинг 214 миллион 668 минг сўмдан зиёд шартнома пуллари тўлаб берилди.
– Ходимларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш борасида қандай чоралар кўрилмоқда?
– Бу борада маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Айниқса, республикамиз бўйлаб уюштирилаётган саёҳатлар устоз ва мураббийларда катта таассурот қолдирмоқда. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 1658 нафар соҳа ходими учун юртимиздаги тарихий шаҳарларга саёҳат ва зиёратлар уюштирилди.
Йилнинг ўтган даврида 257 нафар педагог ходим Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийларда бепул соғломлаштирилди. Ушбу мақсадлар учун 365 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Йил охиригача яна 94 нафар ўқитувчини бепул дам олдириш режалаштирилган.
Умуман, касаба уюшмалари ўқитувчиларнинг энг яқин дўсти десак, хато бўлмайди. Бу дўстликда эса ўқитувчиларимиз манфаати муҳим.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»