Эзгу ғояга бюрократия соя солмоқда

1995

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 1 апрелидан бош­лаб, Президент қарорига кўра, барча умумтаълим муассасаларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилган. Ўтган даврда юртимиздаги кўплаб шоир, ёзувчи, журналистлар мактаб­ларга тавсия этилди, қисқа муддат ичида ёш ижодкорлар билан мунтазам адабий тўгараклар йўлга қўйилди, уларнинг шеър ва ҳикоялари матбуотда чоп этилди.
Лекин баъзи тарғиботчиларнинг мактаб раҳбариятига нисбатан ўринли эътирозлари ҳам учраб турибди. Қуйида ижтимоий тармоқларда билдирилаётган айрим фикрларни келтириб ўтамиз.

Адиба Умирова, шоира:

Тарғиботчи мактабга келиб, нима янгилик қилди?.. Тарғиботчилик вазифаси нега ташкил этилди? Бундан кўзланган мақсад нима? Барибир узоққа бормайди, деб тарғиботчиларга нописанд қараётганлар ёки оддий адабиёт ўқитувчиси ҳам уддалайдиган «шоу»лар билан бошини қотираётганлар билиб қўйсинларки, биз фақат мавсумий тадбирларни ўтказиш, шиорбоз кечаларда шеър тўқиб майдонга чиқиш эмас, иқтидори бору юзага чиқаришга қурби етмаган, хусусий мактабларга беришга ота-онасининг қўли калталик қилаётган билимли ва истеъдодли болаларни қўллаб-қувватлаш учун борганмиз. Биз ҳам мактабда таҳсил олганмиз, ўқитувчилар сабоқ беришган. Аммо катта шараф билан мактабга келиб, бирон ёруғлик топмасдан чиқиб кетишга виждонимиз қийналади. Иложи бўлса, адабиёт ўқитувчилари дарсига кириб, энг истеъдодли болаларни танлаб олишимизга рухсат берсалар… Ўқувчилар кўпчилигимизни танимайди, ҳали ҳеч ким жамоатчиликка таништирмаган, ўзимизни ўзимиз таништириш ноқулай… Мактабда худди осмондан тушгандек тентираб юрибмиз. Тўғри, юқорига тақдим этадиган қойилмақом режаларимиз бисёр, аммо у амалга ошмаса, бундан кимга нима фойда?.. Қани, тарғиботчиларга қўйиб берса, мактабдаги биқиқ муҳитга бироз «тоза ҳаво» олиб кирарди. Аммо тош-метин қобиқни ёриб киришнинг ўзи бўлмаяпти.

Маъмура Зоҳидова, адиба:

Ўкиниб айтаман бугун… Катта ёзувчи бириктирилган мактабида бир неча шоир, санъаткор билан китобхонликка даъват қилувчи тадбирлар ташкил этди, ижодкор болалар билан ишлади, китобга тарғиб қилди, тадбирларда кўп китоб ўқиб юрган болаларга китоблар совға қилди. Уйда ҳам, ишхонасида ҳам уларнинг ижодини ўрганди, йўл-йўриқ бераман деб кейинги гал мактаб­­га боришигача хаёл қилиб юрди. Айрим синфларга кирди, рассомликка иқтидорлиларни бир рассом олиб келиб йўналтирди.
Икки ойдан сўнг қўнғироқ қилиб айтди: «Директор писандсиз кутиб олади. Қўйинг, мактабга бормайин, менга тўғри келадиган иш эмас экан».
Раҳбар ўзининг раҳбарлик столида баланддан келмоқчи бўлади-да, ижодкор олдида қанча пастга тушаётганини билмайди, афсус. Шу зайл биз ҳаммамизники бўлган болалар олдида икки тараф, икки ён бўламиз. Раҳбар тарғиботчининг неча соат мактабда бўлганини ҳисоблаб, унга 960 минг сўм ўрнига 250 минг сўм маош ёзди. Китобхонликка қанча бола жалб қилгани ҳам, ўзи билан сафма-саф тадбирга келган, уч юздан ортиқ болага маънавий сабоқ, ўгит берган, уларни яхши инсон бўлишга даъват қилган, кўп ўқувчиларнинг хотирасида қолган машҳур санъаткор, яна бир шоирнинг кетган вақти ҳам ҳисобга олинмади.
Ёзувчи (икки ойдан кейинги хулосасига кўра) «ўзига тўғри келмайдиган» ишдан қутилгани, энсаси қотиб турадиган директорни қайтиб кўрмайдиган бўлганидан хурсанд. Мактаб раҳбари эса бир ўқитувчисини ишга қўйиш учун суҳбатга юборяпти. Айтишича, тадбирларни ёзувчидан яхшироқ ташкил этар экан.

Ирода Умарова, шоира:

Тарғиботчига хона муаммо. Ярим штатлигига қарамай, бутун иш куни – ҳафта давомида мактабда бўлиши талаб қилин­япти. Мактаб маъмурияти тарғиботчини қўллаш, китобхонлик ва ижодкорликни шакллантиришда баҳамжиҳат бўлиш ўрнига сансалорлик қиляпти.
Тарғиботчига кўпроқ байрамларда тадбирлар ташкилловчи деб қарашяпти, шуни сўрашяпти. Бу ахир тарғиботчининг ишими? Маънавий-маърифий деганда бунақа шаблонлар тушунилмасин. Булар менинг муаммоим эмас. Бошқалардан келиб чиқиб ёздим. Янглишгандирман, лекин тарғиботчи вазифасини бошқачароқ ўйлайман.

Гўзал Рўзиева, шоира:

Афсуски, мактаблардаги савия, айниқса, директорларнинг савияси қанчалик пастлигини мактабда тарғиботчи бўлиб ишлаб кўриб билдим. Улар олиб бораётган таълимга қолган кунимизни шўри қурий бошлаган анчадан бери…
Мен тарғиботчиликдан кетдим. Адабиётни, ижодни билмайдиган директорлар билан ишлаш ниҳоятда қийин иш. Ҳолбуки, ўша директорнинг ўзи хорижий тиллар факультетини тугатган қачонлардир, яъни адабиёт кўчасидан математика фани ўқитувчисидан кўра кўпроқ «ўтган». Умуман олганда ҳамма гап таълим тизимимизда деб ўйлайман. Ичдан чириб бораётгандек худди. Чунки мана шундай нўноқ раҳбарчалар таълим тизимида ўтирибди.
Гуландом Тоғаева, журналист:
Шахсан менга муносабат аянчли бўлди. 15 апрелда бордим. Олмазор туманидаги 102-заиф эшитувчилар мактаб-интернатига бириктирилган эдим. Апрель, май ойи ҳисобидан 275 минг сўм ойлик олдим. Хизматларимга жавоб ноль бўлди. Сентябрь охирида устозлар кунига тайёргарлик кўриб, ташкилотларга, ОАВларга хат қилиб, тадбир бўйи­­ча гаплашиб юрсам, табелда яна йўқлигимни билиб қолдим. Табель ёзувчидан сўрасам, директор «унга пул ёзма, кетказамиз» деб айтди, деди.
Ўша куни директор билан гаплашиш учун икки соат пойладим. Менинг кутиб ўтирганимни айтишган, шекилли, кутганим бефойда бўлди, у одам ишга келмади. Хуллас, Чирчиқдан қатнаб, йўлкира, такси кира қилиб, нима топдим? Ҳурматсизлик, нописандлик. Ваҳоланки, бошидаёқ ҳар кун келмаслигимни, аммо маънавий-маърифий тадбирларни ўтказишга розилашганмиз.
Бизга ойликни директорлар чўнтагидан бераётгандек муносабатда бўлишди. Улар мени сиғдиришмади. Уларга ўз одами керак. Аммо масаланинг ҳуқуқий ечими бўлиши керак. Маънавият тарғиботчисининг низоми, ҳуқуқлари, вазифалари акс этган, қонун йўли билан тасдиқланган йўриқнома керак. Токи, маънавият тарғиботчисига хизматкордек қарашмасин.

Норқобил Жалилов, журналист:

Тарғиботчилик бизгамас, мактабга кераклигини директор ё ХТБ мудирлари тушунганиям йўқ. Улар учун биз исталмаган бошоғриқлармиз. Лекин мен икки ойча Миробод туманидаги бир мактабда ўзимча ишладим. Тўғри, директори жуда маданиятли аёл экан. Яхши қабул қилди. Аммо ўқувчиларда қизиқиш, интилиш йўқ. Катта синфдагилари репетиторга шошилади, кичикларида адабиётга ихлос йўқ. Тизим издан чиқиб кетган. Ўнгланиши жуда қийин-ов!

Тоғаймурод Ортиқов, журналист:

Мени ҳам мактабда ижодий тарғиботчи сифатида ишлашга тавсия қилишганди. Мактабга бориб, илмий мудир билан саломлашиб турганимизда директор келиб қолди. Илмий мудир мени таништириши билан директор томдан тараша тушгандек «Сиз эртага Жалолиддин Мангуберди ҳақида маъруза қилишингиз керак» деб иш буюра бошлади. Мен «Ҳали ишга кириш-кирмаслигимни ўйлаб кўраман» деб жавоб бердим. Сўнг мактаб директорининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари билан гаплашиб англадимки, ижодий тарғиботчи шаҳар халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари, мактаб директори ва унинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари ва ҳоказолар қўл остида бўлар экан. Ярим ставка ойлик учун бошингизда мингта ғалва. Шу боисдан ижодий тарғиботчиликдан воз кечдим. Ўзини ҳурмат қилган ижодкор югурдаклик мартабасини бўйнига олмайди. Хуллас, яхши бир ғоя яна бюрократия қурбонига айланяпти.

Албатта, тарғиботчилар билан самарали ишлаётган мактаблар ҳам талайгина. Тарғиботчилар тўпланган гуруҳда ҳар куни қилинаётган ишлар ҳисоботлари бериб борилади. Турли китобхонлик танловлари ташкил қилиняпти, мушоиралар, адабий учрашувлар ўтказиляпти, адиблар музейларига саёҳат уюштириляпти, ўқувчиларнинг ижодий ишлари нашрларда ёритиляпти.
Муҳими, ярим йил ичида қанчадан-қанча ёш истеъдодлар тарғиботчилар этагидан тутиб, ижод жараёнига кириб келишди. Уларнинг келажакда яхши шоир ёки ёзувчи бўлиб етишишида мактабда ўтилаётган тўгараклар пойдевор вазифасини ўтайди. Бироқ юқоридаги эътирозли ҳолатларга ҳам барҳам берилса, нур устига нур бўларди.
Мактаб раҳбарияти ва тарғиботчиларнинг бирдамлиги бу даргоҳда янги иқтидорлар кашф этилишида катта аҳамиятга эга. Буни барчамиз – таълим муассасалари раҳбарлари ҳам, тарғиботчилар ҳам англаб етишимиз даркор. Акс ҳолда, юқорида келтирилганидек, эзгу ғоя бюрократия соясида қолиши мумкин.

Нодира ИБРОҲИМОВА,
журналист