Ҳаёт сабоқлари

955

XXI аср – илғор технологиялар асри. Демак, ёшларимиз учун ана шундай билимлар маскани керак. Тўғри, ҳозирда компьютер соҳасига ўқитадиган марказлар, тўгарак ва махсус курслар ҳар қадамда учрайди. Рақобат майдонида ғолиб келиш учун ёшларни шундай тарбиялаш лозимки, улар бу соҳага чуқурроқ кириб борсин, келгусида бандлиги таъминлансин ва муносиб даромад олиши учун уларга имконият эшиклари очилсин.

Тошкент шаҳридаги «Let`s Animate» мактаби шу мақсадда ташкил қилинди. Гулнора опа енг шимариб ишга киришди. Дастлаб янги компьютер графикасига ихтисослашган мактабга энг тажрибали устоз­ларни жамлади. Уларнинг маслаҳати билан бир эмас, замонавий техникаларнинг 9 йўналиши бўйича касбга ўргатиш ишлари бошлаб юборилди. Дарсларни янгича услубда, назария ва амалиёт уйғунлигида олиб бориш жорий этилди. Билим масканида тайёрланаётган мутахассислар салоҳияти қўшни давлатларни ҳам қизиқтириб қўйди.
Бугун мазкур мактабдан ҳаётга йўлланма олган минг нафардан ортиқ ёшлар нафақат Ўзбекистон, балки Марказий ­Осиёнинг бир қанча мамлакатларида ҳам соҳа ривожига ҳисса қўшмоқда.
Гулнора опа Нурматованинг яна бир хислати эътирофга лойиқ. Одатда таълим оламан, ҳунар ўрганаман деб келган ёшлар иқтидорига қараб танланади ва ўзига мос курсларга тавсия этилади. Янги билим даргоҳи нодавлат таълим маскани бўлганидан унда ўқиш белгиланган тўлов асосида олиб борилади. Бироқ ўқийман деб келган ёшлар орасида иқтидорли, интилувчан, аммо тўловга қурби етмайдиганлари ҳам учрайди. Гулнора опа кўп йиллик тажрибаси туфайли бундайларни назардан қочирмайди.
Шундай кезларда, Гулнора опанинг ­хаёлига ёшлигида эшитган бир ривоят келади. Айтишларича, бир мискин йигит ҳунарманд дўконига эҳсон сўраб келибди. Уста унга шундай дебди: «Ўғлим, мен ҳозир сенга бир мунча пул беришим мумкин. Аммо бу пул бугун ейишингга, нари борса, икки-уч кунга етади. Агар рози бўлсанг, мен сенга ўз ҳунаримни ўргатай. Унинг орқасидан бир умр оч қолмайсан». Йигит суюниб, устага шогирд тушибди. Тез орада қўли гул ҳунарманд бўлиб, довруғ ёйибди. Ҳалол меҳнати орқасидан даромад топиб, турмуши гўзаллашибди.
Бугун Гулнора Нурматова раҳбарлик қилаётган таълим даргоҳида бир гуруҳ ижтимоий ҳимояга муҳтож иқтидорли ёшлар ҳеч қандай тўловларсиз ўқишмоқда. Улар ҳам эртага шу илм-заковати туфайли ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишса, устоз учун бундан ортиқ бахт борми?!.
Музаффар УСМОНИЙ