Немис қизи Лиза

666

Ушбу воқеага кўп бўлмади. Аммо, агар ижозат берсангиз, гапни сал узоқроқдан бошласам.
Иккинчи жаҳон уруши сабаб Поволжье немислари қардош мамлакатлар ичкариси, шу жумладан, Марказий Осиё ҳудудига кўчиргани ҳақида эшитгансиз.
Ана шу немислардан анчагинаси Зомин қишлоғига ҳам келиб қолган. Айтишларича, улар маҳаллий аҳоли билан дўстлашиб, апоқ-чапоқ бўлиб яшаган.
Умр йўлдошим Муборак зоминлик бўлгани учун гапнинг давомини ундан эшитсак.

– 1971 йили ўрта мактабнинг 10-синфини 24 киши битирганмиз, – дея ҳикоя қилади у. – Шулардан салкам ярми немислар эди. Синфимиз жуда иноқ, дарсдан бўш пайтлари бир-биримизнинг уйимизга борардик. Кўпинча байрамларда Лизаларнинг уйида тўп­ланардик. Лизанинг онаси Вера Генриховна барчамизни меҳмон қиларди. Ҳатто бир марта бутун синфга мактаб формаси тикиб берган. Мактабни битиришга бағишланган кеча ҳам Вера холанинг мевали дарахт­лар ва гулларга тўла ҳовлисида бўлиб ўтган. Мактабни битиргач, ҳаммамиз ҳар томонга тарқалиб кетдик. Артур, Гейне, Лиза, Цибарт Самарқанд педагогика институтини битириб, мактабимизга ўқитувчи бўлиб қайтишди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, улар учун Германияга йўл олиш имконияти туғилди ва аксарияти кўчиб кетди».
…Ҳа-ҳа, демасам ҳамма гапни айтиб қўядиганга ўхшайди. Буёғини энди ўзим давом эттирай.
Хуллас, шу йил Муборакларнинг мактабни битирганига роппа-роса 50 йил тўлди. Шу муносабат билан узоқ-яқиндан келган синфдошлар 7 август куни мактабда тўпланишди. Буни қарангки, Германияга кетганларнинг ҳаммаси келишибди. Фақат Лиза бироз кечикибди.
Катта опаси Хадича ая ўша тадбирдан бир ҳафта олдин оламдан ўтиб қолгани учун Муборак кейинги зиёфатларга қатнаша олмади. Лиза уни кўргани 19 август куни эри Нуриддин билан Тошкентга келди. Ўзлари билан бирга ўрта ёшлардаги ўзбек аёл, 30 ёшлар атрофидаги қизи ва тўрт набирасини ҳам олиб келишибди. Уларни қизим ва невараларимга таништирди.
Нуриддин? Мен унга саволнамо қарадим. У «тўппа-тўғри, Нуриддин» деди. Негадир мен учрашганимизданоқ бу оқ-сариқдан келган малла йигитни немис деб ўйлагандим.
Кейин «ўзбекчани Лиза ўргатдими?», деб ҳазиллашдим.
«Йўқ, мен озарбайжонликман, ўзбекчадан ташқари, яна 7 тилни биламан, шу жумладан, жаҳондаги энг қийин тиллардан бири – венгер тилини ҳам», деб қолди.
«Қойилман» дейишдан бош­­қа иложим қолмади. Ҳайрон қолганимни кўрган Лиза эса гап қўшди, қойил у соф ўзбек тилида гапирарди:
– Тўқсонинчи йилларнинг қиши эди. Кечга яқин онам билан уйга келаётган эдик. Сой бўйида совуқ бўлишига қарамай юпунгина кийинган бир қизни кўриб қолдик. Унинг кўзлари йиғидан қизариб кетганди. Қўярда-қўймай уйга олиб келдик. Аста-секин у ўзига келиб, онамга йиғи аралаш ёрилди. Яхши кўрган йигити борлигини, ҳомиладор бўлиб қолганини, буни билган акаси уйдан ҳайдаб юборганини айтди. Биз бирга яшай бошладик. Мен уни қиз қилиб олдим. Ўзимнинг бир қиз, бир ўғлим бор эди. Уларга опа бўлди. Ёзнинг илк кунларида неварали бўлдим. Мана ўша неварам – у ёш жувонга қараб ишора қилди. Икки йил ўтар-ўтмас онам вафот этди. Тўқсон бешинчи йил биз Германияга кўчиб кетдик. Ҳовлимни катта қизим ва неварамга қолдирдим. 2010 йили неварамни узатдик. Ҳозирда унинг тўртта бир-биридан ширин фарзанди бор, – деди болакайларни кўрсатиб, – буларни Тошкентга ҳайвонот боғини кўрсатаман, дея олиб келдим. Ҳар йили болаларимдан хабар олиб тураман. Уйларини таъмирлаб бердим…
Лиза гапираётганда, мен унинг болаларга хос беғубор чеҳрасига тикилиб қолган эдим. Сўзларида заррача бўлса-да, афсус ёки миннат аломати йўқ эди. Худди шундай бўлиши керакдек…
19 август якшанба куни, у Германияга учишдан олдин Бўс­тонлиқдаги дала ҳовлимизга атайлаб биз билан хайр­лашгани келди. Бир маҳал эгнига Муборакнинг ўзбекча фасонда тикилган эски штапел кўйлагини кийиб олибди. Кейин билсам, кетаётиб Муборакдан ўша кўйлагини сўраб олибди.
«Сенинг, Ўзбекистоннинг, Зоминнинг ҳиди келади, эслаб юраман», дебди.
Германияга боргач, ўша кўйлакни кийиб олганмиш. Йиғлар эмиш.
Мана, Лизанинг келиб кетганига бир ойдан ошди, унинг очиқ чеҳраси кўз олдимдан кетмайди. Унча-мунча одамнинг қўлидан келмайдиган саховатпешалигини эсласам, ўйланиб қоламан: фариштамикан…

Мухтор ЭШБЕКОВ