Озарбайжон  маданияти вакиллари Ўзбекистонда

802

       Дини бир, тилига таржимон зарурати сезилмайдиган қардош ўлкалардан бири Озарбайжондир. Ушбу мамлакат билан юртимизнинг маданий-адабий, ижтимоий-сиёсий алоқалари ҳар қачонгидан ҳам ривожланган. Сабаби ҳар йили замонавий озарбайжон адабиёти вакилларидан тортиб, буюк шоир Ганжавий ижодигача мунтазам равишда илм аҳли томонидан ўрганиб келинмоқда. Ўз ўрнида, ўзбек адабиёти вакилларининг асарлари ҳам озарбайжонликлар томонидан таржима қилиниб, севиб мутолаа қилинмоқда.

21-23 октябрь кунлари Хоразм вилоятида “Озарбайжон  маданияти ва адабиёти” кунлари бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон Миллий мажлиси депутати, Озарбайжоннинг севимли шоира ва ёзувчиси, журналист ва жамоат арбоби Ганира Пашаева бошчилигидаги зиёлилар, санъаткорлар вакилларидан иборат меҳмонлар  Хива шаҳрига ташриф буюриб, Ичан-Қалъадаги тарихий ёдгорликлар, музей-экспозициялари билан яқиндан танишишди. Шунингдек, меҳмонлар билан Урганч давлат университетида учрашув ташкил этилиб, вилоят театрида тантанали маросим ва концерт бўлиб ўтди. Дарвоқе, меҳмонлар ундан олдин Нукус шаҳрида ҳам шундай қизиқарли маданий-маърифий тадбирларда иштирок этишганди.

Хивадан қайтган меҳмонлар пойтахтимиздаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказида бир гуруҳ ўзбек зиёлилари, ОАВ вакиллари, санъат ва маданият намоёндалари билан учрашди. Самимий руҳда кечган давра суҳбатида иштирокчилар икки давлат алоқаларини ривожлантириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди. Хусусан, келгусида озарбайжон кинолари намойишини кўпайтириш, миллий санъат намоёндалари ижодини намойиш этиш, журналистларнинг Озарбайжонга ташрифи каби масалалар ҳақида сўз юритилди. Маълум бўлишича, шу йилнинг декабрь ойида Озарбайжонда Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Тадбирда иштирокчиларга озарбайжон ёзувчиларининг ҳикоялари жамланган ва ўзбек тилига таржима қилинган “Йўқотилган қувонч” китоби тақдим этилди. Тадбирда янграган миллий куй-қўшиқлар эса икки халқ вакилларини янада яқинлаштирди.

 

Зебо НАМОЗОВА,

«Ishonch»