Ходимлар манфаатлари мудом эътиборда

440

Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон кенгаши тармоғида 15 та туман кенгаши бор.

Уларда 167 та бошланғич ташкилот фаолият юритади. Тармоқ ходимларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш доимо эътиборда. Масалан, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида турли ташкилот-муассасаларда ишловчи ходимларга яратилган ­шароитлар узлуксиз равишда мониторинг қилиб борилди, уларнинг меҳнат ҳақлари вақтида берилиши назоратга олиниб, аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилди. Шунинг­дек, 7 нафар кексага моддий ёрдам кўрсатилди. Ўз навбатида, шу давр оралиғида нодавлат ва нотижорат ташкилотлардан 21 таси аъзоликка қўшилди.
Тармоқ ходимлари ўртасида маданий-маърифий, спорт ва соғломлаштириш ишлари ҳам доимий тарзда олиб борилади. Меҳнат жамоа­ларида бошланғич касаба уюшмалари томонидан Ватан ҳимоячилари куни, Халқаро хотин-қизлар куни, Наврўз байрами, Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Мустақиллик байрами муносабати билан ҳар хил тадбирлар ва спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда.
Бундан ташқари, Самарқанд, Хива, Бухоро, Тошкент каби шаҳарлардаги тарихий обидалар ва зиёратгоҳларга саёҳатлар уюштирилмоқда. Бу йил ёзда эса тармоқдаги ташкилот-идораларда ишловчи ходимлар фарзандларидан 422 нафари соғломлаштириш оромгоҳларида мароқли дам олишди.
Хотира ва қадрлаш куни арафасида барча ташкилотлар ва ҳарбий қисмларда «Касаба уюшмалари – ҳарбийларга» акцияси доирасида «Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!» деб номланган маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, 200 нафарга яқин аскар театрда намойиш этилган концертга олиб борилди.
Яна бир гап. Барча туман кенгашлари томонидан тегишли корхоналарда ҳар ойнинг бир куни «Меҳнат муҳофазаси куни» деб ­эълон қилинган. Бу тадбир ҳам ходимлар соғлиғини асраб-авайлашга ва иш самарадорлиги ошишига хизмат қилмоқда.

Сатбай ОТЕУЛИЕВ,
Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон кенгаши раиси