Мен кўп йиллик ҳаётий тажрибага эга инсон сифатида шуни баралла айта оламанки, кейинги йилларда мамлакатимиз бутунлай ўзгарди. Янгиланаётган Ўзбекистонда янгиликлар, диққатга молик ўзгаришлар жуда кўп. Буни нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти ҳам кўриб, билиб, кузатиб турибди ва эътироф этяпти.
Меҳнат фаолиятим давомида кўп жойларда, ҳар хил лавозимларда ишлаганман. Аммо илгари турли вазирлик-идоралар раҳбарлари ва вакиллари ҳудудма-ҳудуд, хонадонма-хонадон юрганини эшитмаганман ва кўрмаганман. Аҳён-аҳёнда бирор жойга борилган тақдирда ҳам халқнинг арз-додлари диққат билан тингланмас ва муаммолари деярли ҳал этилмасди. Оқибатда одамларнинг дардига дард қўшиларди.
Бу борада сўнгги вақтларда кузатилаётган ўзгаришлар эса давлатимиз раҳбарининг турли даражадаги раҳбарлардан кабинетларидан чиқишларини, ҳудудларга бориб, мавжуд хато-камчиликларни жойида ўрганишларини ва ижобий ҳал этишларини талаб қилгани билан боғлиқдир. Зеро, халқ билан мулоқот кўплаб муаммоларни ойдинлаштиради. Улардан айримларига фақат давлат идораларининг саъй-ҳаракатлари ёки аралашуви орқали ечим топилади. Ана шу боис ҳозир барча ҳудудларда Президентнинг виртуал қабулхоналари фаолият юритяпти. Жойларда идоралар, ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимиятларнинг ҳам шундай қабулхоналари ишлаб турибди. Уларни ташкил этишдан мақсад эса битта – халқни тинглаш, унинг дардига малҳам бўлиш!
Мен иш юзасидан қариялар билан тез-тез мулоқотда бўлиб тураман. Ҳар гал учрашганимизда кўпни кўрган кексалар юртимизда рўй бераётган туб ўзгаришлардан беҳад қувонишади. Турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли туб ислоҳотларнинг ташаббускори ва ижодкори – давлатимиз раҳбаридан миннатдор бўлишади.
Бир пайтлар пластик карточкадаги пулни нақдлаштириш муаммо эди. Айрим «учар тадбиркорлар» бундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишарди. Пулни нақдлаштириб бергани учун ҳатто пенсионерлардан ҳам 30 фоизгача «хизмат ҳақи» ундиришарди. Ёки айтайлик, хорижда ишлайдиган фарзанди жўнатган маблағни миллий валютамизга айлантираётган киши «жиноятчи»га айланиб қолиш ҳеч гап эмас эди. Эндиликда буларнинг бари мамлакатимиз раҳбарининг билимдонлиги, уддабуронлиги ва сиёсий иродаси туфайли ортда қолди.
Ҳозир дунёда глобаллашув жараёнлари шиддат билан кечмоқда. Бундай вазиятда турли миллату динларга мансуб халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш ҳамда мустаҳкамлаш энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Жонажон юртимизда эса, тинч-осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, кўп миллатли халқимиз қалбида эл-юрт тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғусини янада кучайтириш борасида фахрланишга, ҳатто халқаро миқёсда эътироф этишга арзигулик ишлар амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида жаҳон ҳамжамияти олдида турган долзарб масалалар хусусида сўз юритаётиб, «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш таклифини ҳам илгари сурди. Орадан бир йил ўтгач, БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессияси 51-йиғилишида ушбу ҳужжат якдиллик билан қабул қилинди. Бу тарихий воқеа Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳонда тан олинаётганидан, юртимиз бағрикенглик масаласида бой тарих ва тажрибага эга эканидан далолат беради.
Қолаверса, мазкур резолюция айнан бизнинг давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилиши ўзига хос рамзий маънога эга. Яъни, миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлашда Ўзбекистоннинг ибрат ва намуна олишга арзигулик ўз йўли бор.
Агар тарихга назар ташласак, мамлакатимиздаги ўзаро бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатликнинг илдизлари олис мозийга бориб тақалади. Чунки юртимиз ҳудуди минг йиллар давомида Буюк Ипак йўлининг муҳим қисми бўлган. Бу ерда савдо-сотиқ, илм-фан, маданият марказлари вужудга келган. Уларнинг ривожланишида халқимизга хос бағрикенглик, меҳмондўстлик, ўзга маданият вакилларига ҳурмат муҳим ўрин тутган. Мамлакатимиз ҳудудида илмий изланишлар олиб борган япониялик олим Катонинг фикрича, Сурхондарё воҳасида топилган Будда маданияти ёдгорликлари, Бухорода аниқланган насронийлар зиёратгоҳлари ўлкамизда азалдан диний бағрикенглик ва биродарлик ҳукм сурганини англатади.
Ўзбек халқининг бағрикенглигига яқин тарихдан ҳам кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Жумладан, XIX асрда Россиянинг марказий минтақаларидан крестьянлар юртимизга мажбуран кўчирилган. Халқимиз уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатган. Ўша давр воқеаларига гувоҳ бўлган иеромонах Харитон ўз хотираларида «Маҳаллий аҳоли ночор кўчманчиларга раҳмдиллик билан муносабатда бўлди, бусиз уларнинг кўпчилиги очлик ва муҳтожликдан ўлиб кетган бўларди», деб ёзган эди.
Маълумки, Иккинчи жаҳон уруши вақтида минг-минглаб болалар ва қариялар Ўзбекистонга эвакуация қилинган. Халқимиз уларга ҳам меҳрибонлик кўрсатиб, бошпана ва нон берган. Катта авлод вакиллари яхши билишадики, қирғинбарот йилларида бир бурда нон топишнинг ўзи бўлмаган. Пойтахтимиз эса ўша даврларда ҳақли равишда «нон шаҳри» деб аталган.
Тошкентга нисбатан «Тинчлик шаҳри», «Дўстлик шаҳри» деган таърифлар ҳам бежиз қўлланилмайди. Чунки шаҳарда ҳар бир одамга қайси дин ёки миллатга мансублигига қараб эмас, ишга муносабати, феъл-атвори, одоб-ахлоқига қараб баҳо берилади ва ҳурмат кўрсатилади. Масалан, шаҳарда 533 та мағалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, уларда 70 га яқин миллат ва элат вакиллари фаолият юритишади.
Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон 2017 йилдан бошлаб дунёга очилган, кенг имкониятларга эга, демократик ўзгаришлар ва амалий ишлар амалга оширилаётган мамлакатга айланди. Янги Ўзбекистон бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти билан барча соҳаларда ҳамкорлик қилаётгани ҳам бор ҳақиқат. Ўтган давр мобайнида қонун устуворлиги, очиқлик ва ошкоралик, сўз, дин ва эътиқод эркинлиги соҳасида жуда катта ва кўп ютуқларни қўлга киритдик. Натижасини эса ҳаммамиз кўриб, ҳис этиб турибмиз.
Менинг дўстларим ва қадрдонларим орасида ўзга миллат вакиллари ҳам кўп. Улардан баъзилари қўшни республикалардаги қариндошлари билан борди-келди қилолмай, алоқалари узоқ йиллар узилиб қолди. Тўй-томошалар-ку, майли, лоақал азага ҳам боролмаган, ўз жигарини сўнгги йўлга кузатолмай, қон йиғлаганлар ҳам кўп бўлди.
Бугун-чи?.. Бугун вазият ўзгарди, «деворлар» бузиб ташланди. Минг-минглаб ҳамюртларимизга чегара ортида яшовчи яқинлари билан дийдорлашиш бахти насиб этди. Ўша кунларда одамларнинг хурсандчиликдан, дийдорлашув шодлигидан кўзлари ёшланганини бир эсланг-а…
Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар вакиллари истиқомат қилади. Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 138 та миллий маданий марказ, 34 та дўстлик жамияти эса диёримиздаги барча миллат ҳамда элатларнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, анъана ва урф-одатларини асраш ҳамда ривожлантиришда, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда олиб борилмоқда. Телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилаётир, газета-журналлар 10 дан ортиқ тилларда чоп қилинаётир.
Жамиятимиздаги ўзаро бағрикенглик, меҳр-мурувват ва эзгулик муҳити тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Юртимиз аҳолиси тинч-хотиржам яшамоқда, ўз орзу-мақсадларини бемалол амалга оширмоқда. Ёш авлод ҳам миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида камол топмоқда. Турли-туман хайрли тадбирларда нуронийлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан, «Нуронийлар – ёшларимизнинг маънавий устози» шиори остида уч авлод учрашувлари ўтказиб келинмоқда.
Ҳеч кимга сир эмас, Президентимизга ўта мураккаб сиёсий тизим, халқаро майдонда Ўзбекистонга нисбатан шаклланган салбий муносабат, иқтисодий турғунлик, қашшоқлик ва коррупция каби иллатлар «мерос» бўлиб қолган эди. Улар билан боғлиқ қийинчиликларни енгиб ўтиш, ислоҳотлар ўтказиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, халқнинг орзу-армонларини англаш ва рўёбга чиқариш жуда мураккаб ва мушкул вазифа саналарди. Бу масалаларга ечим топиш учун эса чуқур билим, юксак салоҳият, шунингдек, ўзига хос журъат ва жасорат талаб этиларди. Ҳаммамиз кўриб, кузатиб, амин бўляпмизки, бу хислатларнинг бари юртимиз раҳбарида тўла мужассам…
Бағрикенг халққа бағрикенглик қилинса, бағирлар тўлар экан. Президентимиз ўтмишдаги «прописка», хорижга чиқиш учун «стикер», мажбурий меҳнат каби кўплаб «мерос»ларни бутунлай бартараф қилди. Бундай кутилмаган ўзгаришларга аввалбошда ишонмаганлар ҳам бўлди. Тўғри-да, одамларни йиллар давомида қийнаб, чеклаб келган муаммоларнинг қисқа фурсатларда бирин-кетин ҳал этилиши – таъбир жоиз бўлса, тушга кирмаган ишлар эди.
Одамзод ҳамиша келажакка ишонч ва умид билан яшайди. Унинг эртаси бугунги кунига ҳам боғлиқ. Агар бугунги кун унда эртанги кунга ишонч уйғотмаса, умидлантирмаса, ҳаммаси бекор. Мен бу ҳаётда «Эртага ундоқ бўлади, бундоқ бўлади», «Келажакда бундоқ яшаймиз» деган мазмундаги кўп шиорларни ўқиган, баландпарвоз сўзларни кўп эшитган кишилардан бириман. Аминманки, бундан буён бундай бўлмайди. Чунки давлатимиз раҳбарининг талаби ва ташаббуси билан биз эртага қандай яшашни бугундан бошладик.
Ҳар қандай оиладаги фаровонлик ва тинчлик кўп жиҳатдан унинг аъзолари ҳамжиҳатлигига боғлиқ бўлганидек, жамият ривожи ва давлат тараққиёти ҳам халқнинг ўзаро бирдамлигига боғлиқ. Башарият тарихидан аёнки, бирон-бир давлат ёлғиз ҳолда равнақ топмайди, шу ҳудудда яшаётган турли миллату элатга мансуб одамлар жипслашмаса, бошқа мамлакатлар билан ўзаро алоқалар мустаҳкамланмаса, у эзгу мақсадларига эришолмайди.
Бинобарин, мураккаб дунёнинг кўпдан-кўп муаммолари айнан ўзаро ҳамкорлик орқали ҳал этилади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, қўшни давлатлар билан рақобат эмас, ҳамкорлик қилиш орқали минтақамиздаги муаммоларни биргаликда ҳал этиш тамойилига қатъий амал қилиб келмоқда.
Абу Райҳон Беруний ўзининг «Ҳиндистон» асарида «Бирон халқнинг у ёки бу удумларига баҳо беришда буниси менга ёқади, униси ёқмайди, дейишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Негаки, ҳар бир халқ удумлари, анъаналари минг йиллар давомида шаклланган ва ўша миллатнинг ҳаёт тарзига айланган», деб ёзганди. Буюк бобокалонимизнинг ушбу сўзлари инсониятнинг бир бутунлиги ва тараққиётини, бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг моҳиятини англашда беқиёс аҳамиятга эгадир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элатлар вакиллари Ўзбекистон халқини ташкил этади. Улар ўзаро ҳамжиҳат бўлиб, юртимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилишмоқда. Демак, мамлакатимиз яқин йилларда янада юксак марраларни эгаллаб, тараққиётга эришишига заррача шубҳа йўқ!
Рустам КАЛОНОВ,
Тошкент шаҳар ҳокими маслаҳатчиси
