Тил байрами кунлари барча жойларда тадбирбозлик бошланиб кетади. Баландпарвоз сўзлар айтилади, Навоий ва бошқа улуғ шоирлардан шеърлар ўқилади. Телевидение тил байрамига бағишлаб ўтказилган турли тадбирлар ҳақида лавҳаларни эфирга узатишдан «чарчамайди». Булардан безиб, беихтиёр бошқа каналга ўтиб, турк сериалини томоша қиласиз.
Қисқаси, биз учун тил байрами шулардан иборат. Тўғриси, мен туркларга ҳавас қиламан. Қанийди, биз ҳам фақат уларнинг сериалларига маҳлиё бўлавермасдан қардошларимизнинг ўз тилига бўлган муносабатидан ибрат олсак. Турклар бошқа тилдан сўзларни шунчаки олиб ўзлаштирмайди. Уларнинг тилида ҳам арабча, форсча сўзлар кўп учрайди. Аммо турк тилида кўпгина халқаро сўзларнинг муқобил вариантлари бор. Масалан, компьютерни bilgisayar, самолётни ucak дейишади. Ёки ой номлари ҳам туркчада бошқача аталади. Муҳими шуки, турклар жуда кўп сўзларни ўз тилига ўгиришган ва уларни халқ қабул қилган.
Биз-чи, биз…? Биз хўрозқанд чет элники дейишса, ётиб ялаймиз. Афсуски, тилимизнинг бугунги аҳволи ачинарли ҳолатда. Бунга сабаблар кўп, муаммолар етарли. Аслида ёши, касби ва мақомидан қатъи назар ҳамма-ҳаммамиз тилимиз софлиги учун жон куйдиришимиз керак. Яъни, соф ўзбек тилида сўзлашиш шарт. Афсуски, орамизда, ҳаттоки филологлар ҳам ўзбекча тоза гапиролмайди.
Ҳа, биз ўз она тилимизда уни бузмасдан сўзлаша олмаймиз. Бу – фожиа!
Биз тилимизга бағишлаб тадбирлар уюштирмайлик, тил ҳақида шеърлар ёдлаб, уни улуғламайлик, агар тилимизни ҳурмат қилмасак, буларнинг бари бекор. Агар тилни эъзозлашда бир-биримизга талабчан ва ибрат бўлмасак, ишонаверинг, тилимизнинг аҳволи янада оғирлашаверади. Бунинг бадали эса жуда қимматга тушиб, тузатиб бўлмас таназзулга олиб келиши мумкин. Тилнинг ривожи учун уни мадҳ этиб ёзилган асарлар кутилганидек натижа бермайди.
Ҳар биримиз ўзимизга савол берайлик: «Мен ўз тилимни қанчалик яхши кўраман?». Агарда тилимизни ҳам уйимиз, машинамиз, фарзандимиз, ота-онамиз каби қадрлай олсак, унинг учун нимадир қилган, тилимизнинг софлиги ва эртаси учун ҳисса қўшган бўламиз.
Зуҳро АСАДОВА
