ёхуд тотли таомлар ва чимматли келин ҳақида ҳикоялар
– Дон вилояти мени мафтун этди-ю, қайтиб қўйиб юбормади, – дея юзида табассум билан гап очади «Азиз» маданият маркази директори, ҳудуддаги ўзбек диаспораси етакчиси Қиёмхон Бобоев.
У Ростовга ўтган асрнинг 90-йилларида, армия хизматидан қайтгач, кўчиб келган. Аввалига шунчаки дўсту биродарларини йўқлаш учун келганди. Бироқ Дон уни шу қадар ром этдики, шу ерда муқим яшаб қолишга қарор қилди.
Қиёмхон мухбиримизга донлик ўзбеклар ҳаёти ва қизиқарли анъаналари ҳақида сўзлаб берди.
АЗИЗ – ЭЗГУЛИК ДЕГАНИ
Ўзбек йигитини меҳмондўст Дон нимаси билан ўзига ром этди? Энг аввало, хушдил инсонлари-ю, кўпмиллатли экани билан.
– У замонлар бошқача эди – қўни-қўшнилар бир-бирига меҳрибон эди, борди-келди қиларди. Ҳарқалай, бу ерда шунча вақт яшаб, бирор марта миллатчиликка дуч келмадим. Миллатим билан фақат бир неча ўн йиллар олдин қиёфаси славянларникига ўхшамаганлардан паспорти ва қаерда яшашини суриштиришни одат қилган полиция ходимларигина қизиқарди, – дея кулиб эслайди Қиёмхон.
Қаҳрамонимиз рафиқаси Алина билан бирга чорак асрдан буён умргузаронлик қилмоқда. Ўзбек йигити ва доғистонлик аёл орасида шу вақтгача миллий масала ҳеч қачон кўтарилмаган. Қиёмхоннинг ота-онаси доғистонлик келинни илиқ кутиб олишган. Ўзбек ва авар халқларининг муштарак жиҳатлари ҳам кўп – тили ҳам, асосий урф-одатлари ҳам.
Алина шифокор бўлиб ишлайди.
– Рафиқам доимо оила аъзоларимизнинг соғлиғи ҳақида қайғуради. Қарангки, коронавирусга чалинганим ҳам йўқ. Эҳтимол, бунга Алинанинг турли витаминлар ичиб юришга мажбурлаши сабаб бўлгандир, – дейди Қиёмхон ҳазиллашиб.
Мустаҳкам байналмилал оилада икки нафар фарзанд вояга етяпти – Азиз ва Альбина. Улар она изидан бориб, тиббиёт олийгоҳига кирган.
– Ўзбек маданият маркази ҳам «Азиз» деб номланади. Лекин бу ном ўғлимнинг шарафига қўйилмаган. Ўзбек тилида «азиз» эзгулик деган маънони англатади, – тушунча беради Қиёмхон.
Марказ 2017 йилда донликларни ўзбек халқининг маданияти билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган. Ўшанда Ростовда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити ўтказилганди. Янги муассаса раҳбарлигига Қиёмхоннинг номзоди таклиф этилди. У раҳбарликни уддалаш осон эмаслигини билса-да, шаштидан қайтмади.
Ўзбек диаспораси етакчисидан жонжаҳди билан ишлашининг сабаби ҳақида кўп сўрашади. Ахир ҳаммасига улгуриш қийин, иш оғир. Устига-устак, аниқ бир режа, аниқ бир вазифа йўқ. Одамларга ёрдам беришда ҳам асосан ўз куч ва имкониятларига таяниши керак. Қиёмхон отасининг бир ўгитини доимо ёдида тутади: «Ишлаб топганингнинг ўн фоизини муҳтожларга тарқат, хайр-эҳсон қил ва ўша пуллар сенга, албатта, яна қайтади». Дарҳақиқат, шундай.
Умуман олганда, ўзбекларда бир-бирига ёрдам бериш одатга айланган. Шунинг учун бўлса керак, пандемия пайтида минглаб мигрантлар уйига, яқинлари бағрига тезроқ қайтиш илинжида аэропортда кунлаб қолиб кетганида, донлик ўзбеклар ватандошларига озиқ-овқат етказиб бериб турди. Ваҳолонки, уларни ҳеч ким мажбурлагани йўқ – бу ишни улар қалб амри билан бажарганлар.
Ўша оғир дамларда диаспора на уйига қайтиш, на уйдан пул жўнатмасини қабул қилиш имконига эга бўлмаган ўзбек талабаларига ҳам ёрдам берди.
«Фурсатдан фойдаланиб, Россияда қолиб кетган ўзбекистонликларга вақтинчалик бошпана берган Ростов вилояти губернатори Василий Голубевга чуқур миннатдорлигимни изҳор этаман», дейди Қиёмхон Болтаевич.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда маҳаллий ҳукумат Лиховской посёлкасида ҳафталаб ватанига қайтолмай юрган минглаб ўзбекларни вақтинчалик лагерга жойлаштирганди. Вилоят маъмурияти саъй-ҳаракати билан саккиз мингдан зиёд муҳожирнинг Ўзбекистонга қайтиб кетиши таъминланди.
Қиёмхон яширмайди: баъзан ҳаммасига қўл силтаб кетгиси келади. Чунки оиласига вақт ажрата олмаган пайтлари кўп бўлади. Кўпдан-кўп бегона инсонлар муаммоси билан яшаши керак. Ахир оғир дамда ватандошлари айнан унга мурожаат қилади-да.
«Мусофир юртда улар қаерга ҳам бош уриб борсин? Диаспорадан нажот излайди-да! Баъзан бардошим етмайди. Бироқ вилоят маъмурияти, оддий ростовликлар мени қўллаб-қувватлашини кўриб, яна ўзимда куч топаман», дейди Қиёмхон.
Дондаги ўзбеклар билан бу ўлкага иш излаб келган ўзбеклар ўртасидаги фарқ шундаки, меҳнат муҳожирлари учун диаспора охирги илинждир. Улар миллатдошларидан ёрдам сўраши мумкин. Донда муқим яшаб келаётган ўзбеклар эса шу аснода миллий қадрият ва анъаналарни сақлаб қолишга уринадилар.
ЎЗБЕКИСТОН ҲАММА УЧУН ОЧИҚ
Донликлар одатда ўзбек маданияти билан «Культ плова» фестивали орқали танишишади. Ушбу тадбир ўзбек диаспораси томонидан Ростовда олти йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Унга Москва ва ҳатто Ўзбекистондан ҳам моҳир ошпазлар таклиф этилиб, бир-биридан мазали паловлар тайёрланади. Кейин тансиқ таом арзимаган пулга шаҳарликларга улашилади. Йиғилган маблағ Марказнинг хайрия жамғармаси ҳисобига ўтказилади.
«Ҳозир Азовдаги бир оиланинг оғир хасталикка чалинган фарзандига қўлдан келганча ёрдам беряпмиз. Кичик ёшдаги бошқа онкологик беморларни ҳам қўллаб-қувватлаяпмиз», дейди Ўзбек маданияти маркази раҳбари.
Дарвоқе, Ўзбекистонда ошнинг 60 га яқин тури пиширилади. Тошкент, чойхона паловлари, тўй оши шулар жумласидан. Уларнинг ҳар бири масаллиғи, тайёрланиш услуби ва албатта, таъми билан ўзига хос ва бетакрордир.
Бугунги кунда ош маданий мерос сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Унинг рецепти келгуси авлодлар учун капсуллаштирилгани ҳам бор гап.
Қиёмхон ростовликлар Ўзбекистонни албатта бориб кўриши кераклигини, бу юрт таровати уларнинг хотирасида умрбод сақланиб қолишини таъкидлайди. Қаҳрамонимизнинг хотирлашича, рафиқаси илк маротаба Ўзбекистонга келганида маҳаллий аҳоли дастурхонида ош ва нон сероблигидан ҳайратда қолган. Ёпган нон ҳар қадамда сотилади. Паловни эса ўзбеклар нонуштада ҳам, тушликда ҳам, тўю маъракаларда ҳам истеъмол қилади. Қайга боқма, ошга дуч келасан, қизиғи, у меъдага тегмайди ҳам.
– Ҳа, ўзбеклар учун овқат ейиш ўзига хос анъана, маросимдир, – таъкидлайди Қиёмхон. – Албатта, ҳамма ёппасига ош емайди, ўзбек хонадонларида турфа кабоблар, кавказ, европа таомлари ҳам тайёрланади. Таом тортиш ҳамда хизмат кўрсатиш маданияти биздаги ресторанлардан анча фарқ қилади. Ҳар ҳолда, Ростовдаги ўзбек таомлари тайёрланадиган умумий овқатланиш муассасаларида бундай тафовутни дарҳол сезасиз.
«Дўстларим мен билан бирга Ўзбекистонга келганида маҳаллий аҳоли орасида сарвқомат, кўккўз инсонларни учратиб, ҳайрон қолади. Ҳа, шундай ўзбеклар ҳам бор. Россиядаги муҳожирлар эса кўп миллионли халқимизнинг кичик бир қисми, холос», давом этади Қиёмхон.
Ростовда ўзбекистонликни кўпинча кўчаларнинг озода эмаслиги ҳайратлантиради. Ахир бу миллат вакиллари чиқиндини ҳар жойга ташлаб кетишга одатланмаган-да. Бу улар учун уят ҳисобланади.
– Бир сафар Дон вилояти марказининг Киров тумани аҳолиси олдимга келиб, кўча супуришга ишчи топиб беришимни илтимос қилишди, – дейди Қиёмхон. – Икки нафар ўзбек йигитини тавсия қилдим. Бир неча кундан кейин боягилар ишдан бўшабди. Сабабини сўрасам, «э, ака, энди бир томонни супуриб-сидириб бўлсак, бирпасдан кейин яна шу аҳвол, ҳаммаёқ чиқинди пакетлар билан тўлган», дея норозилик билдиришди.
ТАОМНИ ЭРКАКЛАР ТАЙЁРЛАЙДИ
Ростовга ўзбеклар тўй-маросим удумларини ҳам олиб келган. Баъзи маросимлар маҳаллий аҳолини лол қолдиради.
Бўлғуси келин ёки куёвни, энг аввало, уйдаги катталар маъқуллаши керак, шундан сўнг тўй маслаҳати бошланади. Бунда яқин қариндошлардан ҳар бири қайсидир харажатни ўз бўйнига олади. Масалан, бири мева-чева олиб келишини, бошқаси – ош харажатларини кўтаришини, яна кимдир тўйхона топиб беришини айтади.
«Ҳа, тўйда ҳам ошнинг ўрни бўлакча. Ўзбекнинг тўйи ушбу гўзал таомсиз ўтмайди. Тўй-маъракаларда ош икки марта – наҳорги ҳамда кечки дастурхонга тортилади. Базмга одатда 500 кишидан 1500 кишигача чақирилади. Шу боис ошпаз бир кун аввал кечаси соат учдан овқатга уннайди. Қўшни эркагу йигитлар ёрдамга келади. Ўзбекларнинг таомилига кўра, ошни эркак киши тайёрлайди, шу боис ўғил болалар кичик ёшдан пазандалик сирларини ўрганишга ошиқади», дейди Қ. Бобоев. Айтганча, қаҳрамонимиз уйда ошни ўзи пиширади.
Тўй анъаналарига қайтсак. Ўзбек қизлари ростовликлар каби никоҳ оқшомида оқ келинлик либосини кияди. Бироқ куёвнинг уйига келинчак миллий либосда кузатилиши керак. Шу алфозда у 40 кун юради – келиннинг юзи бегоналарга кўрсатилмайди. Қирқ кундан сўнг қуда томон йиғилишиб, оиланинг янги аъзосини йўқлайди. Келинга турли ҳадялар тортиқ қилинади. Баъзан ҳатто тирик қорамол совға қилиниши мумкин. Меҳмонлар ўз совғасини топшириб бўлгач, келин юзидаги пардасини очади.
Гарчанд Қиёмхоннинг ўзи бошқа миллат вакилига уйланган бўлса-да, лекин ўғлига ўзбек қизини олиб бериш орзусида. Ҳарқалай, бу масалада фарзандларини мажбурлагиси йўқ: ихтиёр ўзларида қолгани маъқул.
Онам доимо айтарди: «Эрни эр қиладиган ҳам хотин, қаро ер қиладиган ҳам хотин». Турмуш ўртоқни танлаш – ўта масъулиятли вазифа, ахир, келгусида шу инсон билан умрбод ҳаёт кечиришинг керак. Ҳар ким тенгини топгани маъқул, шунда оиладан меҳр-муҳаббат аримайди, – дейди қаҳрамонимиз.
Ўзбекларда шундай ажойиб удум бор: икки оила ўзаро қариндошлик ришталари билан боғланганининг белгиси сифатида келин ва куёв томон ўртада нон синдиради. Бу анъана Ростовга ҳам олиб келинган. Шу чоққача турмуш қурган қанчадан-қанча ўзбек ва рус йигит-қизлари учун нон синдирилди, демак, Дон заминида ҳаммамиз бир оила мисоли яшаб келяпмиз.
Мариам ПАПАХЧЯН
Муаллиф туширган ҳамда Қиёмхон Бобоевнинг шахсий архивидан олинган суратлар
Манба: №30 (2123)



