Парвозингиз бехатар бўлсин

677

Мамлакатимизда фуқаро авиациясини тубдан ислоҳ қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Авиация тизимида хизмат кўрсатувчи бир қанча янги ташкилотлар тузилди. Меҳнат муносабатларини ташкил этиш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатлари ва имтиёзларини белгилашда касаба уюшмаларининг иштироки муҳим аҳамият касб этди. Шунинг эвазига тизимда ижтимоий шерикликни ривожлантиришда, тармоқ келишувлари, жамоа шартномаларини такомиллаштириш ва амалга оширишда юқори натижаларга эришилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази («Ўзгидромет»), «Uzbekistan Airways», «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамиятлари билан тармоқ келишуви имзоланди. Ўзбекистон Авиация ходимлари касаба уюшмасига аъзо бўлган барча ташкилот-корхоналар ҳозир жамоа-шартномавий муносабатлар билан тўлиқ қамраб олинди. Бундан ташқари, амалдаги қонунлар талабларидан келиб чиқиб, янги жамоа шартномалари тузилди.
Республика кенгашининг йиллик иш режасига мувофиқ, кўрик-танловлар, спорт мусобақалари ўтказилди. Бошланғич касаба уюшмалари ўртасида «Электр энергия ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш» бўйича танлов, «Энг яхши бошланғич ташкилот» кўрик-танлови юқори савияда ўтказилди. Жорий йилда ҳам тизимдаги барча бошланғич ташкилотлар танловларда фаол иштирок этишди. Танловнинг ­республика босқичида оғир пандемия шароитида ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб, касаба уюшма қўмитаси фаолиятини ривожлантиришга ҳаракат қилган бошланғич ташкилотлар аниқланди. Бу жараёнда «Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти» МЧЖ касаба уюшма қўмитаси тармоқ ташкилотлари орасида фахрли 1-ўринни, Федерация тизимида эса 3-ўринни эгаллади.
Эндиликда янги иқтисодий муносабатларга мос келадиган ҳамда бозор шароитида ишчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган меҳнат муҳофазасининг ҳуқуқий асослари яратилмоқда. «Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил», «Касаба уюшма қўмитасининг меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши комиссияси», «Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этган энг яхши корхона», «Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши ёш мутахассис» танловлари йўлга қўйилди. Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Корхона ва ташкилотларда иш берувчи билан биргаликда хавфсизликни таъминлаш, ишчи-хизматчиларнинг меҳнат шароитини яхшилаш бўйича ижобий натижаларга эришилди. Ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Корхоналарда меҳнат қонунчилигига риоя этиш масалалари раёсат йиғилишларида тизимли равишда кўриб чиқилиб, муҳокама қилиб борилди.
Айни кезларда юридик хизматларни такомиллаштириш мақсадида барча имкониятлар ишга солинмоқда. Корхона ва ташкилотларда меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан текшириш­лар ўтказилиб, аниқланган салбий ҳолатларни дарҳол бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Ҳар бир касаба уюшма қўмитасида ходимларнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий муҳофазаси бўйича комиссиялар фаолият юритмоқда.
Тармоқ касаба уюшмаси иш берувчилар, корхоналар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда авиация ходимларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини изчил ҳимоя қилиб келмоқда. Соҳа ходимларидан келиб тушган 50 тадан ортиқ аризанинг барчасига мутахассислар томонидан ўз вақтида асосли жавоб ва тушунтиришлар берилди.
Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, маданий-­оммавий, спорт ишлари, туризмни ривожлантириш ­масалаларига ҳам катта эътибор қаратилди. Жумладан, маданий-оммавий тадбирларга касаба уюшмаси ­маблағлари ҳисобидан 845 миллион сўмдан, спорт тадбирларига 530 милллион сўмдан зиёд ­маблағ ажратилди. Мини футбол, шахмат, волейбол ва спортнинг бошқа турлари бўйича ўтказилаётган мусобақалар анъанавийлик касб этди. Санаторийлар ва дам олиш масканларида 692 нафар ходим соғлиғини тиклади, оромгоҳларда ишчи-ходимларнинг 804 нафар фарзанди мароқли ҳордиқ чиқарди.
Ёшлар масаласи тармоқ касаба уюшмасининг доимий диққат-эътиборида бўлиб келаётган вазифалардан биридир. Шунга кўра, йил давомида тармоқ бўлинмаларининг ёшлар етакчилари учун қатор мавзуларда семинарлар ташкил қилинди.
Халқаро алоқаларни изчил ривожлантириш тармоқ касаба уюшмаси зиммасидаги энг муҳим масалалардан бири саналади. Тармоқ касаба уюшмаси томонидан халқаро алоқаларни ривож­лантиришга жиддий эътибор қаратиляпти. Авиа­ходимлар касаба уюшмаси Республика кенгаши Транспортчиларнинг Халқаро Федерацияси (ITF) ва авиация ходимлари касаба уюшмалари халқаро бирлашмаси (МОП Авиа)нинг аъзоси бўлиб, алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида икки томонлама шартнома имзоланди. Россия, Украина, Беларусь, Қозоғистон, Тожикис­тон ва Қирғизистон авиация ходимлари касаба уюшмалари билан ўзаро тажриба алмашиш мақсадида авиация ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамжиҳатликда иш олиб бориш, ижтимоий тараққиётни кучайтириш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Бошланғич ташкилотларда касаба уюшма ходимлари малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўқув режасига асосан ўқув-амалий семинарлар ташкил этилиб, уларда касаба уюшма қўмиталари раислари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар ва бошқа фаоллар ўқитилди.
Гапнинг индаллосини айтганда, соҳадаги ишлар ва ислоҳотлар, бир зум бўлсин, сусайгани йўқ. Касаба уюшмаси ташкилотлари ҳамиша ишчи-ходимлар манфаатларини ишончли тарзда ҳимоя қилиб келмоқда.

Шавкат МИНГАЛИЕВ,
Авиация ходимлари
касаба уюшмаси
Республика кенгаши раиси