Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига 1 йил: ШАРАФЛИ ЙЎЛ ВА МУНОСИБ ЭЪТИРОФ

1553

Эрта тонг. Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри байрамона безатилган. 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан байрам тадбири ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан таъсис этилган танловлар ғолибларини тақдирлаш маросимига қизғин ҳозирлик кўриляпти.

Ниҳоят, орзиқиб кутилган тантанали тадбир бошланиб, давлатимиз раҳбари ­Шавкат ­Мирзиёевнинг касаба уюшмаларига байрам табригини Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ўқиб эшиттирди.
Кези келганда, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришларда энг катта жамоат ташкилоти бўлмиш касаба уюшмаларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Ўтган беш йил касаба уюшмалари ҳаётида туб бурилишлар даври бўлди. Айни пайтда тизимда 33 минг 356 та бошланғич ташкилот фаолият кўрсатиб, уларда 5,5 миллион нафардан зиёд аъзо меҳнат қилаётир.
2019 йилнинг 6 декабрида давлатимиз раҳбари томонидан «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун имзоланди. Бу касаба уюшмаларига ходимларнинг ижтимоий-меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўналишидаги фаолиятини юқори босқичга олиб чиқиш учун янада катта имкониятлар эшигини очди.
Касаба уюшмаларининг меҳнат инспекцияси қайта тикланди. Соҳани етук ва малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси ташкил этиш тўғрисида Президент қарори имзоланди.
Ўтган йилнинг 11 ноябрида ­мустақил давлатимиз тарихида илк бор давлат раҳбари касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойи қатнашчиларига табрик йўллади. 2020 йил 23 ноябрдаги қонун билан 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни сифатида белгиланди.
…Таниқли композитор, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Дилором Омонуллаева мусиқаси ва шоир ­Аъзам Зиё шеъри билан Ўзбекистон касаба уюшмалари мадҳияси янгради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан якунланаётган йил сарҳисоби сифатида ўзининг муносиб меҳнатлари билан ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, шунингдек, касаба уюшмалари ҳаракати ривожига ҳисса қўшган энг фаол, энг фидойи, энг ташаббускор инсонлар меҳнатини эътироф этиш анъанага айланди.
Бу йил ҳам Ватан тараққиёти, унинг қудратини юксалтиришда фаол иштироки билан ибратомуз ишларга қўл урган, касаба уюшмалари нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Эҳтиром» нишони билан тақдирланди. Тадбирда ушбу юксак мукофот ўз эгаларига топширилди.
Жорий йилдан эътиборан самарали меҳнати, эришган ютуқлари билан соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт, шунингдек, касаба уюшмаларининг нуфузини юксалтиришга ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ соҳа вакилларини муносиб тақдирлаш мақсадида «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати» мукофоти таъсис этилди. Бундан буён мазкур мукофот ҳар йили соҳа ­фидойиларига топшириб борилиши таъкидлаб ўтилган тадбирда ушбу мукофотнинг дастлабки совриндорлари тақдирланди.
Федерация томонидан таълим муассасаларининг математика, физика, кимё, биология, инглиз тили, информатика ва ахборот технологиялари фанлари ўқитувчилари ўртасида «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мукофоти лауреати» кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларига ҳам мукофотлар топширилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан «Аёллар дафтари» тизими яратилиб, хотин-қизлар муаммолари кенг кўламда ҳал этилмоқда. Бундай хайрли ишларда барчага ўрнак бўлаётган, аёлларнинг муаммо ва мурожаатлари ҳал этилишига салмоқли ҳисса қўшаётган масъул ходимлар ҳар қанча эъзозга лойиқ.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ана шундай фидойи ходимларни муносиб рағбатлантириш бўйича ҳудудлардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ўртасида «Энг яхши маҳалла раиси», ҳудудлардаги сектор раҳбарлари ўртасида «Энг яхши сектор раҳбари», гендер сиёсати ва мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий ҳаётида аёллар ролини ошириш борасидаги ишларни намунали ташкил этган корхона раҳбарлари ўртасида «Энг намунали аёл иш берувчи», «Аёллар дафтари» орқали кўмак олиб, иш ўрни яратган ва маҳалласидаги хотин-қизларни иш билан таъминлаган тадбиркор аёллар ўртасида «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати» мукофотлари учун танловлар ўтказилган эди.
Тадбирда ушбу танловларнинг 3-ўрин соҳибларига 3-даражали ­диплом ҳамда Президентимизнинг махсус совғаси сифатида «Spark», 2-ўрин соҳибларига 2-даражали дип­лом, Президентимизнинг махсус совғаси сифатида «Kobalt», 1-ўрин соҳибларига 1-даражали ­диплом ҳамда Президентимизнинг махсус совғаси сифатида «Gentra» автомобиллари тантанали тарзда топширилди.
Касаба уюшмалари Федерация­­си тасарруфидаги Республика болалар ва ўсмирлар спорт мактаби оғир атлетика бўлими мураббийи, Ўзбекис­тон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози, «Шуҳрат» медали соҳиби, спортнинг оғир атлетика тури бўйича жорий йилда Токио шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида рекорд ўрнатиб, олтин медални қўлга киритган Акбар Жўраев ва даст кўтаришда рекорд натижа қайд этган Муаттар Набиеванинг устози Фарҳод Мирзажоновнинг хизматлари алоҳида эътироф қилинди. Унга Президентимизнинг махсус совғаси «Malibu» автомобили берилди.
Байрам тадбирида қатнашган Қозоғистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатибалди Даулеталин, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Маликшо Маҳмадшо Неъматзода, Миср Араб Республикаси коммунал корхоналар ходимлари касаба уюшмаси Президенти Ҳешам Аҳмед Фуад Аҳмед «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати» мукофоти билан тақдирланди.
Тантанали кеча концерт дастурига уланиб кетди. Ўзбекистон халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Фаррух Зокиров, Қозоғистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Роза Римбаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Милена Матмусаева, Тожикистон халқ артисти Жўрабек Муродов, Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Дилноза Карим каби санъаткорларнинг дилтортар тароналари тадбирга ўзгача файз киритди.

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»