“ШҲТ модели” талабалар намойишида

265

 Жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб, Ўзбекистоннинг  ШҲТга раислиги даври бошланди. Мазкур муҳим воқелик муносабати билан  Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Марказий Осиёда тинчлик ва фаровонлик – ШҲТ маконида барқарорликни таъминлашнинг асосий омили” мавзусида VIII “ШҲТ модели” интерактив ўйини ташкил этилди.

Тадбир “10 ноябрь – Бутунжаҳон ёшлар куни”да онлайн ва офлайн форматларда ташкил этилди. Лойиҳа Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, SCОLARNetwork ШҲТ мамлакатлари ёшлар платформаси ҳамкорлигида, ҳамда ШҲТ Котибияти кўмагида амалга  оширилди.

Тадбирнинг асосий мақсади ШҲТга аъзо мамлакатларнинг олий ва юқори даражадаги учрашувларида сиёсий мунозараларни моделлаштириш формати доирасида ёшларнинг ташкилот фаолиятига қизиқишини рағбатлантиришдан иборатдир. Бугунги “ШҲТ модели”да ташкилотнинг асосий механизмларидан бири — ШҲТга аъзодавлатлар ҳукуматлари раҳбарлари Кенгашининг фаолияти имитация қилинди. Унда ёшларнинг ташкилот фаолияти ҳақидаги тушунчалари чуқурлашди.

Тадбирда ШҲТ минтақасидаги 8 давлатдан ва ШҲТ Котибият вакиллари делегатлари иштирок  этди.

“ШҲТ модели” делегатлари Марказий Осиёда ва умуман минтақада вазиятни яхшилаш ва барқарорликка эришиш бўйича таклифлар билан чиқди. Улар барча делегациялар томонидан таклиф этилган ташаббусларни  мужассам этган якуний ҳужжат – Баёнотни қабул қилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари, Ўзбекистон Президентининг жорий йил сентябрь ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ Давлат раҳбарлари Кенгашида билдирган таклифларининг юқорида кўрсатилган муаммоларни ҳал этишда аниқ ва амалий характерга эга эканлигини қайд этди. Хусусан, бу умумий хавф-хатар ва таҳдидларга ўз вақтида жавоб бериш, минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, ШҲТ минтақасида дўстлик ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим омил  ҳисобланишини таъкидладилар.

Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси марказининг ЖИДУ билан амалга оширилган мазкур лойиҳаси мустақил, эркин фикрлайдиган ва иқтидорли ёшлар вакилларини аниқлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш ва ижтимоий фаоллигини ривожлантиришга қаратилган.

ШҲТ Бош котиби Владимир Норовнинг қутлов нутқида делегатларнинг билдирилган ғоялари ёшларнинг чуқур ва онгли тафаккури, уларнинг интеллектуал қобилиятларини нафақат моделлаштириш доирасида, балки ўз давлатлари ва “ШҲТ оиласи” минтақасининг фаровонлиги учун асл ҳолатда давлат ва жамоат ишларида намоён этиш истаги ва қобилиятидан далолат бераётгани таъкидланди. Шунингдек, ШҲТ Бош котиби иқтидорли ёшлар Марказий Осиё тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиши мумкинлигини таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров сўзга чиқиб, ўтган йиллар давомида ШҲТ жаҳон сиёсатининг муҳим йўналишига айлангани, нуфузли халқаро тузилмалар орасида муносиб ўрин эгаллаганини, “Шанхай руҳи” тамойилларига асосланган минтақавий ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамланганлигини таъкидлади. “ШҲТ модели” интерактив ўйини республикамиз ёшларининг мамлакатларимиз халқлари ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга қаратилган ташкилотга қизиқиши ортиб бораётганини намойиш этди.

Конференция якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди. “Энг яхши маъруза”, “Энг яхши делегация” ва “Энг яхши дебют” номинациялари бўйича ғолиблар эса ШҲТ котибияти томонидан тақдирланди.

 

Зебо НАМОЗОВА