“Bebbo”: ота-оналар учун фойдали мобил илова

405

      ЮНИCEФ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда 0 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларнинг ота-оналари ва бошқа ғамхўрлик қилувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Bebbo” номли ўзининг биринчи мобил иловасини ишлаб чиқди.

Ота-оналарни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган ушбу бепул илова ота-оналарни боланинг соғлиғи ва ривожланиши бўйича овқатланиш ва кўкрак сути билан боқишдан бошлаб эрта ёшдан таълим ва ўйиннинг аҳамияти, сезгир ота-оналик, ҳимоя ва хавфсизлик каби кенг кўламли масалалар бўйича мутахассислар маслаҳати билан таъминлайди. Шунингдек, илова ота-оналар ва ғамхўрлик қилувчилар учун ўз фаровонлигини таъминлаш бўйича ҳам аниқ кўрсатмаларни ўз ичига олади.

“Bebbo” иловаси  шунингдек, ота-оналарга олинган ва режалаштирилган эмлашлар, ўтказилган тиббий кўриклар ва болалар саломатлигини текшириш ва ривожланишнинг бошқа муҳим босқичларини  қайд этиш имконини берувчи функцияларни ҳам ўз ичига олади.

–Ҳар бир ўсаётган болага ғамхўрлик, соғлик ва саломатлик, мақбул овқатланиш ва эрта таълим олиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлайдиган рағбатлантирувчи ва хавфсиз муҳит яратиш катта аҳамиятга эга. Фойдаланувчилар учун қулай “чўнтак йўриқномаси” бўлган “Bebbo” мобил иловаси ёш болаларни тарбиялашда катталарни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган, – дейди илованинг тақдимот маросимида иштирок этган Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

–Ҳаётнинг биринчи йиллари болаларнинг ривожланиши учун катта аҳамият касб этиб, уларнинг  бўлажак ҳаётига ҳам таъсир кўрсатади. Ушбу янги илова ёрдамида ота-оналарга фарзандларини вояга етказишдек  машаққатли юмушда кўмак бериш учун қўшимча восита бермоқчимиз”, – дейди ЮНИCEФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хан. –Мен барча ота-оналарни бепул, ишлатиш учун қулай “Bebbo” иловасини юклаб олишга ва фарзандлари ҳаётининг ижобий бошланишини таъминлашга чорлайман.

Тақдимот маросимида мутахассислар ушбу лойиҳа дунёнинг кўпгина давлатларида ишга туширилаётгани, аммо Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб старт олганини таъкидлашди. Онлайн хизматлар ва электрон қўлланмалар ривожланаётган бугунги кунда “Bebbo” иловаси каби электрон манбаалар ёш ота-оналарни қўллаб-қувватлашда, уларга сифатли ахборот етказиб бериш, шунингдек  ҳозирги пандемия шароитида жуда фойдали ва муҳимдир.

Зебо НАМОЗОВА,

«Ishonch»