«Ishonch» ва «Ishonch – Доверие» газеталари таҳририяти китобхонликка ўз ҳиссасини қўшиш, қолаверса, ижодий жамоанинг энг сара асарларини тўплам ҳолида мухлисларига тақдим этиш мақсадида 2018 йилдан буён китоблар чоп этиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида «Бир йилга бир назар», «Ишонч» айтадики…», «Миллатни улғайтирган йил» номлари остида нашрдан чиқарилган тўпламлар энг сара мақолалар ва бадиий ижод намуналарини ўзида жамлагани боис ўқувчилар кўнглидан ва китоб жавонларидан ўрин олди.
Хайрли анъанага содиқ қолган жамоа бу сафар 2021 йил давомида «Ishonch» ва «Ishonch – Доверие» газеталарида эълон қилинган энг сара мақолаларни тўплаб, «2021: факт ва далиллар, мулоҳаза ва мунозара, танқид ва таҳлил, талқин ва хулосалар…» китобини тайёрлади.
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида таҳририят ходимларининг шеърлари, ҳикоялари, хотиралари ва қатраларидан иборат «Бир сўз…» юзага келди.
«Биз ҳаётдан розимиз!» китобида эса «Аёллар дафтари»га киритилган опа-сингилларимизнинг ўй-ташвишлари, кечинмалари, давлатимиз томонидан кўрсатилган эътибордан кейин ҳаётларида рўй берган ижобий ўзгаришлар ҳақида Президентимизга йўллаган мактублари жамланган.
Яқинда пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида ушбу китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда жамоатчилик фаоллари, талабалар, журналистлар ва турли босма нашрлар бош муҳаррирлари иштирок этдилар.
Тадбирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров очиб, сўнгги йилларда «Ishonch» ва «Ishonch – Доверие» газеталари таҳририяти кутубхонаси» рукнида китоблар чиқариш яхши анъанага айлангани ва улар таҳририят жамоасининг ўзига хос йиллик ижодий сарҳисоби сифатида ўқувчиларга манзур бўлаётганини эслатиб ўтди.
Тақдимот маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимов ва адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддиновлар «Китоб қандай бўлмоғи керак?», «Ishonch» публицистикаси…», «Уч китоб – уч солнома» мавзуларида чиқишлар қилишди. Шунингдек, учала китобнинг мазмуни, уларда тилга олинган масалалар ва муаммолар ҳақида ўз муносабатларини баён этишди.
Тадбирда «Ishonch» ва «Ishonch – Доверие» газеталари Бош муҳаррири Ҳусан Эрматов бу тўпламларни узоқ йиллардан кейин ҳам қўлига олган инсон бугунги кунлар нафасини ҳис этиши, таҳририят жамоасининг ҳар бир воқелик ва муаммога ўз муносабати бўлганини сезиши мумкинлигини таъкидлади.
«2021: факт ва далиллар, мулоҳаза ва мунозара, танқид ва таҳлил, талқин ва хулосалар…» тўпламидаги таҳлилий-танқидий мақолалар орқали ўқувчи одамларни қийнаётган муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан билдирилган таклифлар билан танишса, «Биз ҳаётдан розимиз!» китоби орқали юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада чуқурроқ ҳис қилмоққа бошлайди. Бунга, айниқса, сурхондарёлик Насиба Атамуратова, хоразмлик Майсара Гулмонова, қашқадарёлик Феруза Раҳмонованинг мактубларини ўқиганлар яна бир бор ишонч ҳосил қилади.
Тадбирда Норқобил Жалилов, Ҳусан Карвонли, Меҳрибон Қурбонниёзова сингари ижодкорлар ва жамоатчилик фаоллари ҳам янги тўпламлар тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»
