Юртимиз тарихий обидалари билан жаҳонга машҳур. Ана шундай бетакрор иншоотлардан бири Вобкент минорасидир. Мазкур бино XII асрда қорахонийларнинг Бухородаги ноиби Садр Бурҳониддин Абдулазиз II томонидан бунёд этилган.
Рус тадқиқотчиси И.Ульянов маълумотига кўра, Садр Абдулазиз II Абдухолиқ Ғиждувоний таклифи билан 1190 йиллар бошида бу ерда дастлаб масжид қурдирган. 1196 йилда масжиднинг чап ёнида муаззин азон айтиши учун минора қурилиши бошланади ва у 11 ойда қуриб битказилади. XVI асрда, яъни шайбонийлар ҳукмронлиги даврида масжиднинг ўнг томонида мадраса бунёд этилган. XX аср бошларига келиб, бу ердаги энг дастлабки иншоот – масжид бузилиб кетган.
Вобкент минораси қурилишида турли ўлчамдаги пишган ғишт, тош, махсус «қир» қотишмаси кабилардан фойдаланилган. Минора баландлиги бўйича ўнта бўртма нақшли белбоғ билан қисмларга ажратилган. Белбоғлар орасидаги ҳар битта бўлак бир-бирини такрорламайдиган ғиштли нақшдан терилган. Пастидаги нақшлар орасида миноранинг қурилган йили ва унига бош-қош бўлган шахснинг номи ёзилган.
Вобкент минораси ва Минораи Калоннинг ташқи кўринишида ўхшашлик бўлса-да, Минораи Калоннинг муқарнаслари анча содда ишланган.
Археологик тадқиқотларга кўра, иншоот қурилган вақтда супанинг баландлиги 2,3 метрни ташкил этган. Ҳозирги вақтда супа тупроқ остида қолган.
Маълумки, архитектура ёдгорликларининг техник ҳолатини уларни реставрация қилмасдан тасаввур қилиш қийин. 2004 йилда Вобкент минорасининг тепа қисми цементли қоришмадан фойдаланилган ҳолда таъмирланган бўлишига қарамай, афсуски, бугунги кунда унинг айрим қисмларида жиддий шикастланиш, емирилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Мазкур емирилишни иншоот деворига ер остидаги тажавузкор муҳитларнинг салбий таъсири билан изоҳлаш мумкин. Назаримизда, терилган ғиштларнинг маълум қисми ер остида қолиб кетаётганлиги сабабли материалларга тузли муҳит таъсир этмоқда. Даврий ҳўлланиш ва ёзда деворнинг қуриши оқибатида тузлар материаллар ғовакларида кристалланиб, катта зўриқишларни юзага келтирмоқда. Бу эса конструкциянинг емирилишига олиб келмоқда. У хавфли жараён бўлиб, миноранинг техник ҳолати кескин ёмонлашувига ва вақти келиб қулашига ҳам олиб келиши мумкин.
Ҳозирги кунда минора деворларида тик дарзлар юзага келмоқда. Бунинг олдини олиш учун минора пойдеворини очиш, ер остида бўлаётган жараёнларни ўрганиш мақсадга мувофиқ, албатта.
Мутасаддилар ва масъуллар мазкур муаммога жиддий эътибор қаратишлари зарур. Акс ҳолда, миллий меъморчилигимиз мўъжизаларидан бири бўлмиш Вобкент минорасига қисқа вақтларда тиклаб бўлмайдиган даражада зарар етиши, бу эса, воҳа туризми салоҳияти ва маънавий қиёфасига рахна солиши муқаррар.
Мубин ВОҲИДОВ,
Бухоро муҳандислик-технология институти профессори,
техника фанлари доктори,
Инъомжон ТОЖИЕВ,
техника фанлари номзоди
