Яқинда қоғоз-қалам, ручка, дафтарлар сотадиган бир дўкончага кириб, у-бу нарса харид қилаётгандим, ёши бир жойга борган кишининг, нарсалар устидаги ёзувларни ўқий олмай, норози сўзлаганини эшитдим.
– Наҳотки, оддий қисқични ҳам четдан олиб келишса? Устидаги ёзувга қаранг – инглизча, арабча, русча… Аммо ўзбекчаси қани?
Нарсаларга қарайман: nowetbook, pencil, paper, mabed, ballon, color pencil, happy bithdey, correction pen, redmy, хуллас, барчаси инглизча, онда-сонда русча ёзувлар кўзга ташланади. Ўзбекча нарсанинг ўзи йўқ, бор бўлса, унга ҳам инглизча тамға босилган. Таажжубга солади кишини – дўконлардаги нарсалар, кўчалардаги рекламалар, дўконлар ва кафелар номлари бари инглиз тилида. Қаерда яшаётганимни билолмай қоламан.
Неварам инглизча саломлашадиган, «ҳов а ю» деб, сўрашадиган қилиқ чиқарди. Бошда индамадим. Қарасам, ота-онаси ва кичик синглисига ҳам инглизча бидирлаяпти. Суриштирсам, мактаби чет тилини билса, яхши ўзлаштирса, 100 миллиондан 500 миллионгача мукофот олар эмиш. Шунинг учун бутун мактаб инглизча гапиришга ўтибдимиш.
Қизиқ, ҳали она тилини тузукроқ ўрганмаган болаларни чет тилига меҳр қўйишга ўргатиш тўғримикан?
Яна қизиқ. Нега ўзбек тилини яхши ўзлаштирган мактабларга, болаларга ўша мукофотларнинг ўндан бирини ҳам раво кўришмайди?!
Ўзбек тили гўзал, грамматик ва лексикологик бойиш хусусиятларига эга тил. Унда ҳар қандай интернационал, тиббий ёки техник фикрларни ифодаласа бўлади. Азиз Қаюмов шундай дерди: «Домлам Эдуард Евгеньевич Бертельс «форс ва турк, ўзбек тилларини билмай, Шарқ цивилизациясини билиш мумкин эмас». Устознинг ўзи 90 ёшидан ошгач, инглиз тилида ўқиш ва ёзишга киришган. У ўзбек тилига хос нафисликни инглиз тилига татбиқ этмоқчи эди…
Инглиз тили глобал воқеликка айланиб бормоқда. Бугун жаҳондаги адабиётлар ва ахборотларнинг деярли 55 фоизи инглиз тилида тарқатилади. Шундай экан, инглиз тилини билиш глобаллашаётган дунё билан интеграцияга киришиб яшаш имконини беради.
Ўзбек халқида интернационаллашувга мойиллик кучли. Шу сабабли ўзбек тилида кўплаб тилларга оид сўзлар ва ибораларни учратиш мумкин. Ўзбек халқидаги бу четэлманиялик гоҳо четэлпарастлик даражасига етади.
Унинг инглиз тилини тарғиб этишдаги бугунги «жонбозлиги» ана шу четэлпарастлигининг давомидир. Бу хислат форс, араб, мўғул ва руслар тазйиқида шаклланган.
Баъзи мутахассислар ХХI аср охирларига келиб инглиз тили монополистик тилга айланади, деб башорат қилишмоқда. Бу жараёндан миллий тилларнинг чеккада қолиши қийин. Биллингвизм реаллигимизга айланади. Аслида, бу ёмон эмас.
Лекин ўзбек халқининг ва ўзбек тилининг инглиз тили монополизацияси пайтида мавқеи қандай бўлади, деган савол уйғонади. Монопол тазйиқига тушган объект – муассаса, халқ, маданият, тил ўз суверенитетини йўқотади, агар монопол демократ бўлса, раҳм қилса, у тор, локал доирада сақланиб қолиши мумкин. Объект ассимиляциялашувга, ўзининг имманент, тарихий белгиларини унутишга мажбур. Кўп этнослар ва цивилизациялар шундай тазйиқлар туфайли тарих саҳнасидан тушиб қолган.
Таниқли файласуф, сиёсатшунос С.Хантингтон, ХХI аср маданиятлар тўқнашуви даври бўлади, деб башорат қилганди. Аслида у, бу аср маданиятни монополизациялашга қарши курашлар даври бўлади, деганида фикрини ойдинлаштирган бўларди. Четэлманияликдан халос бўлмай, бу курашларда ўзликни асраш ва намоён этиш қийин.
Виктор АЛИМАСОВ,
фалсафа фанлари доктори
