«Ishonch» газетасининг 2021 йил 28 октябрдаги 132-сонида «Лойиҳаси гўзал эди, амалда эса…» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Паркент тумани «Истиқбол» МФЙ, Алишер Навоий кўчасидаги кўп қаватли уйлардаги камчиликлар хусусида сўз борган.
Мазкур мақолага Тошкент вилояти ҳокимлиги муносабат билдирди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Б.Мелиев имзоси билан йўлланган жавоб хатида «…Ушбу уйларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларига болалар ўйингоҳи, тандир ва ўчоқ қурилиш ишлари киритилмаган, туман ҳокимлиги ташаббуси билан болалар ва спорт майдончаси қурилган. Аҳоли томонидан мазкур ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Хонадон эгалари билан уйларнинг конструкцияларини ўзгартирмаслик юзасидан тушунтириш ишлари олиб борил…»гани ҳақида сўз юритилган.
Аммо ўша мақолада асосий урғу берилган жиҳат – оқова сувлар учун мўлжалланган ариқларнинг аянчли қиёфасию, яшил маскан учун қолдирилган жойнинг абгор ҳолати ҳақида бир оғиз ҳам гапирилмаган. Демак, танқид остига олинган ҳудудда ҳеч нарса ўзгармайди.
Аслида биз мутасаддилардан мақолага муносабатни эмас, амалий ишларни кутгандик. Афсуски, масъулларнинг ҳолатга панжа орасидан қараб, муаммони хаспўшлаши аҳолига наф келтирмайди…
Журналист бирон бир муаммони қаламга олар экан, кимнингдир обрўсига путур етказишни кўзламайди. Унинг ҳеч бир амалдорга хусумати йўқ. У шунчаки «инсон қадри учун» тамойили асосида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга соя солаётган айрим камчиликларни оммага ошкор қилиш орқали муаммони бартараф этиш ва натижада аҳолининг мушкулини осон қилиш ниятида қоғоз қоралайди, яхши ният илинжида жамиятдаги қусурларга кўзгу тутади, холос.
Таассуфки, амалдорлар орасида енгилнинг остидан, оғирнинг устидан ўтиб, ОАВда кўтарилган масалани «ўрнатилган тартибда» ҳал этаётганлари ҳам бор. Вилоят ҳокимлигидан келган жавоб хати бунинг яққол исботи. Хуллас, гапни гапир уққанга… Паркент туманидаги масъулларга сўз айтишдан наф йўқ, чоғи…
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»
