Менимча, телевидение орқали эфирга узатилаётган материаллар ичида кўпчиликка ёқмайдигани бу – реклама.
Бугунги кунда телеканалларнинг ранг-баранг дастурлари орасида бериб борилаётган рекламаларнинг давомийлиги беш-ўн дақиқадан ҳам чўзилиб кетяпти. Шу ўринда, машҳур сўз устаси, марҳум Ҳожибой Тожибоевнинг «телевизорда мазза қилиб реклама томоша қилиб ўтирсанг, орасига кино қўйиб юборадимий-ей…» деган сўзлари ёдга тушади.
Тушунамиз, реклама – телевидениенинг даромад манбаи ва бу ҳам керак. Аммо оила даврасида кўриб бўлмайдиган рекламаларга қачонгача тоқат қилиш мумкин? Минг афсуски, бундай рекламаларнинг сони кўпайса-кўпайяптики, асло камайгани йўқ. Фикримизнинг исботи сифатида қуйида бир нечта рекламаларни келтириб ўтсак.
«Orbit» рекламаси. Йигит қаршисидаги қизни ўзига ром этиш мақсадида «Orbit» сақичини чайнайди ва зум ўтмай унинг ортидан товус патлари пайдо бўлади. Бу ҳам етмагандай, йигит қизни ўзига қаратиш учун йигитларга хос бўлмаган қилиқлар қилади.
«Palmolive» совуни рекламаси. Толиққан аёл ўрнидан туриб, ювиниш хонасига киради. Ювиниб бўлгач, дўстлари ҳамроҳлигида автомашинада сайр қилади.
«Relif» рекламаси. Гемаррой касаллигини бартараф этишда қўлланиладиган дори рекламасида аёл ҳожатхонадан тушкун кайфиятда чиқади. Аёлнинг ойнадаги акси унга «Relif» дорисини тавсия қилади ва орадан саноқли сониялар ўтгач, аёл аъло кайфиятда ҳожатхонани тарк этади. Бу орада томашабинлар эътиборига мазкур доридан қандай фойдаланиш кераклиги ҳақида «мастер класc» ҳам ҳавола этилади.
«Kotex Ultra 2020» рекламасида аёлларга (узрли сабабларда) асқотадиган ҳимоя воситалари тарғиб қилинади. Бу маҳсулот рекламаси ҳақида шуни айтиш жоизки, унинг ўрни телеканалларда эмас.
«Prostaphytol» рекламаси простатани даволашда қўлланиладиган таблетка ҳақида. Таблеткадан фойдаланган эркаклар бовул қилишдаги қийинчиликлар, жинсий муносабатларда ўзига бўлган ишончнинг йўқолиши ва бошқа муаммолар таблеткани қабул қилингандан сўнг ҳолат яхшиланганлиги ҳақида очиқ-ойдин ҳикоя қилишади.
«Escapel» таблеткаси рекламасида ҳомиладорликнинг олдини олишда ўзаро яқинликдан кейинги 72 соат мобайнида фойдаланиладиган дори тарғиб этилади. Бу препарат оилали инсонлар учун тавсия этилади. Aммо бу дорини оммавий тарғиб этиш орқали баъзи бир нопок йўлга кириб қолган ёшлар учун «чиқиш йўли»ни ўзимиз кўрсатиб қўймаяпмизмикин?..
Тасаввур қилинг, кечки пайт бутун оила даврасида бирон-бир дастурни томоша қилиб ўтирибсиз, навбат рекламага келади ва юқорида санаб ўтилганларидан бири эфирга узатилди.
Буларни биргаликда кўриш… Жуда ҳам ноқулай ва ҳижолатли ҳолат, тўғри эмасми?
Балки кимдир «Оилада йиллар давомида берилган тарбия саноқли сониялардан иборат бўлган рекламалар сабаб бузилмайди», дер. Aммо телевидениенинг инсон онгига таъсир этувчи қудратли куч эканини кўпда англайвермаймиз. Ўзи шундоқ ҳам сериаллардаги «яланғоч» кадрлар кўпчиликни хуноб қилмоқда. Буларнинг бари жамият марказига қўйилган соатли бомба каби хавфлидир. Унутмайлик, қачондир у портлайди. Оқибати эса жуда оғир бўлади.
Биз танқидий фикрларимиз билан юртимиздаги телеканалларни ёмонотлиққа чиқармоқчи эмасмиз. Телеканаллар ходимлари эфирга узатилаётган рекламаларнинг ҳар жиҳатдан сифати, савияси ва менталитетимизга қанчалик мослигини инобатга олишса, яхши бўларди.
Хулоса ўрнида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Aзимнинг қуйидаги сатрлари ўринлидир:
«Ҳамма гуноҳ қилди – кўрдим мен,
Ҳамма гуноҳ қилди – жим турдим…».
Aзизлар, атрофимиздаги кўнгилни хира қиладиган воқеа-ҳодисаларга нисбатан бепарво бўлмайлик! Зеро, сукут ҳам гуноҳ билан баробар!
Шоҳрух РAҲИМОВ,
журналист
