ЙЎЛЛАРИМИЗ – ЎЙЛАРИМИЗ ёхуд муаммонинг ечимларини қандай топиш мумкин?

2072

Кўп йиллик кузатишлардан сўнг шундай хулосага келдимки, одамлар энг кўп тилга оладиган мавзу – кўча ва йўлларнинг аҳволи экан.

Тўғрисини айтсам, ўзим яшайдиган кўча ҳам ёзда тизза бўйи тупроқ бўларди. Қишда эса лой кўчада машинада тугул, пиёда юриш ҳам амримаҳол эди. Шу кўчада яшовчи қўшнилар келишиб, аввал кўчани обдон текислатдик, сўнгра тош-шағал тўктириб, ёйиб чиқдик. Ҳозир кўчамиз обод, бир текис, равон…

Аслида, нафақат қишлоқ жойларида, балки шаҳарларда ҳам йўл ва кўчаларнинг носозлигидан аҳоли қийналаётгани бор гап. Шаҳрисабз шаҳридаги «Камолот» маҳалласининг йўллари таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Ёғингарчилик кезларида Қарши туманидаги «Батош» мавзесидаги йўлларда катта-катта кўлмак­лар пайдо бўлиши аҳолини хуноб қилганича бор.

Шу ўринда бир савол: йўлларни текислайдиган, таъмирлайдиган, қурадиган ташкилотларнинг имконияти чекланганми? У ҳолда нега уларнинг ишидан аҳоли қониқиш ҳис қилмаяпти?

Бир куни Халқ депутатлари Қамаши туман кенгаши депутати Нарзулла Эшқувватов билан суҳбатлашдик. Унинг айтишича, бу йил Қамаши тумани Кичик Дўстберди қишлоғида янги мактаб қурилибди. Туман ҳокими қарори билан мактабга борадиган йўлни текислаш ва унга қум-шағал аралашмаси ётқизиш белгиланибди.

Чироқчи тумани Мойлижар қишлоғида яшовчи Дўстмурод Ғаниев ҳудуддаги йўлни асфальтлаш бўйича бир неча йиллар юқори ташкилотларга, жумладан, вилоят йўл қурилиш бош­қармасига мурожаат қилган. Аммо натижа бўлмаган. Муаммо қачонки «Ishonch» газетасида кўтарилгач, «туя гўштини еган» уч километрлик йўлга асфальт ётқизилган эди.

Ўзбекистон туризм мамлакатига айланиб бормоқда. Бир гал Шаҳрисабзга келган хорижлик сайёҳлар билан гаплашганимда улар йўлларимиздаги носозликлардан анча «ҳайратда қолишганини» ҳам яширишмади.

Қашқадарё вилоятида Ҳазрати Башир, Сийпонтош, Лангар Ота, Ҳисорак каби сайёҳлик масканлари бор. Лекин… Мабодо хорижлик ёки маҳаллий сайёҳларни гапга солсангиз, йўлларнинг абгорлиги ҳақида таассуф билан айтган фикрларни эшитасиз.

Менимча, йўл ва кўчалардаги носозликлар ҳар бир шаҳар ва қишлоқда учрайди. Ҳаттоки шағал ётқизилмаган, одамлари тош кўчага зор бўлган ҳудудлар ҳам йўқ эмас.

Халқнинг қувончига қувонч қўшадиган текис ва равон йўлларга зарурат катта. Аммо буни қандай амалга ошириш мумкин? Бунинг иложи, имкони борми? Бор, шекилли. Бунинг учун махсус Дастур қабул қилиш керак. Яъни, йўлсозликка йўналтирилган маблағлардан ташқари барча давлат ва жамоат ташкилотларининг эътибори, саховатпеша ҳомийларнинг кўмаги, оддий фуқароларнинг сафарбарлиги зарур бўлади.

Тасаввур қилинг: ҳукумат қарори билан ишлаб чиқилган Дастурга асосан, вилоят ва туман ҳокимлари ўз ҳудудларидаги йирик йўлсозлик ишларига бош-қош бўлишади, маҳалла раислари ўз маҳалласидаги, қиш­лоқ оқсоқоллари қишлоғидаги, кўчабошилар эса кўчасидаги, оддий аҳоли эса ўз уйи яқинидаги кўчаларнинг ободлиги учун ўзини масъул деб билишади. Кимдир Бўстон момо Шукурова каби ҳажга деб йиққан ёки хайру-эҳсонга аталган маблағини қишлоғи йўлларини созлашга сарфласа, кимдир элига қайишиб, кўчасига 4-5 машина тош тўктирса, яна кимдир йўлсозларга «Ҳорманг», деб бир товоқ ош олиб борса, қўни-қўшнилар ҳашарга чиқиб, шағал ва қум уюмларини ёйиб чиқса… Хуллас, ҳамма-ҳамма ҳаракатининг нафини, натижасини кўради. Агар мана шундай умумий сафарбарлик йўлга қўйилса, йўл ва кўчаларимиз ўзимиз орзу қилгандай текис ва равон бўлади.

Ажратилаётган маблағларнинг (хоҳ у давлатники бўлсин, хоҳ ҳомийларники) одилона ишлатилиши юзасидан жамоатчилик назорати ҳам ўз-ўзидан шаклланади.

Сизнингча, мамлакат миқёсидаги мазкур муаммонинг яна қандай ечимлари бор?

Акмал АБДИЕВ, «ISHONCH»