Мактаб “завуч”лари ҳисобчиликдан қачон қутулади?

341

Очиқ мулоқот

9-декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан Халқ таълими вазирлигида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.Унда вазирлик масъуллари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакили,  журналист ва блогерлар иштирок этишди.

Тадбирда маълум қилинишича, вазирлик қошида коррупцияга қарши курашиш учун комплеанс назоратини амалга ошириш бўлими ташкил қилинган. Мазкур бўлим коррупцион хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Жорий йилнинг 11 ойи давомида  вазирликнинг тегишли бўлинмалари томонидан 368,6 млрд.сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинишига эришилган бўлса, 88,0 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликлар, шундан 27,5 млрд. сўмлик ўғирлик ва камомад аниқланган.

Шу билан бирга йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун 243 нафар раҳбар ходимлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган, 3 минг 415 нафарига интизомий жазо чоралари кўрилган. 151 та ҳолат бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқ-тартибот идораларига юборилган.

Шу каби маълумотлар билан таништирилгач, очиқ савол-жавобларга ўтилди. Хусусан, журналистлар томонидан мактабларда ҳалигача хўжалик харажатлари ва биринчи синфга қабул қилиш учун пул йиғимлари учраётгани, вазирлик томонидан бунга қарши қандай чоралар кўрилаётгани сўралди. Ушбу ҳолат бўйича Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари  Темур Комилов  шундай жавоб берди:

–Вазирлик мактаблардаги ҳар қандай пул йиғимларига қарши бўлиб, махсус  бот ишга туширилган. Ота-оналар ёки коррупцион ҳолатларга учраганлар ана шу ботга ёки вазирликнинг ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкин. Аммо афсуски, кўпинча блогерлар ёки жамоатчилик томонидан пул йиғимлари кузатилаётганлиги ҳақида хабар бериладию, ким томонидан йиғилаётгани ҳолатига аниқлик киритиш мақсадида исми фамилиясини сўрасак, айтмайди. Бундай ҳолатда майда коррупционерларга қарши курашиш қийин кечади.

Мактабдаги хўжалик харажатлари учун пул йиғимларига келсак, бу тўртинчи гуруҳ харажатларига киритилиб, ҳар бир вилоят ҳокимликлари томонидан ажратилади. Ҳокимлик туманга, туман ҳокимлиги эса мактабларга тақсимлайди. Ҳокимликлар бу харажатларга турли даражада маблағ ажратгани боис, айрим директорлар томонидан ўқитувчилардан пул йиғимлари йиғиш кузатилиши мумкин. Бироқ айни пайтда мактабларда бюджетдан ташқари пул топиш имкониятлари бор ва шу йўл билан топилган маблағларни мактабдаги хўжалик харажатларига сарфлашни таъкидлаймиз. Пул йиғиш ҳолатини ҳар қанақасига ҳам қоралаймиз ва бундай ҳолатлар исботланса, директорлар жавобгарликка тортилади, –дея сўзини тугатди вазир ўринбосари.

Юқорида йўл қўйилган молиявий хато ва камчиликларнинг сабаби ўрганилса, тизимда бухгалтерия ҳисоб-китоблари марказлаштирилган ҳолда амалга ошрилиши маълум бўлади. Рақамлар ортидан чуқурроқ таҳлил қилганимизда ҳам асосий ўзлаштириш ёки хатоликлар туман ёки шаҳар халқ таълими бўлимлари “бухгалтерия”сида юзага келаётганини сезиш қийин эмас.

Масалан, ҳозирги тартибга кўра, туманда 30та ёки 50 та мактаб бўлган тақдирда ҳам уларнинг маоши, устамаси, касаллик варақалари билан боғлиқ барча харажатлар аввало мактабларнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари, томонидан таълим муассасасининг ўзида ҳисоб-китоб қилиниб, сўнг туман халқ таълими бўлимларига топширилади. Молиявий саводхонликка эга бўлмаган директор ўиринбосарлари учун эса бу ортиқча иш бўлиши билан бирга, ҳисоблаш жараёнида кўплаб хатоликларнинг  юзага келишига олиб келади. Энди тасаввур қилинг, туманда 40-50та мактаби бор. Туман ХТБ ҳисобчилари ҳар бир мактабдаги ҳар бир ўқитувчининг маошини унинг ишлаган кунлари бўйича тўғри чиқарилган ёки йўқлигини 100 фоиз текшириб ўтира олмайди. Айрим хатоликларнинг олдини олиши мумкин холос. Шу каби ҳолатлар сабабли ҳам айрим вазиятларда  директор ўринбосарларининг саводсиз “ҳисобчи”га айланиб қолиши оқибатида, уларнинг бўйнида камомадни тўлаш ёки жаримага тортилиш ҳолатлари учраб турибди. Бу уларга ортиқча бош оғриқ бўлаётгани турган гап. Қолаверса шу каби жиҳатлар сабабли ҳам ХТВда ҳар йили  молиявий хато ва камчиликлар катта кўрсаткичларга тенг бўлади.

Шуни инобатга олиб ”Ishonch” мухбири масъулларга “Мактаб “завуч”лари қачон ҳисобчиликдан қутулади?” деган савол билан мурожаат қилганида Халқ таълими вазирлиги Молия департаменти директори Илҳом Сираджев қуйидагича жавоб берди:

– Тўғри, бу энг оғриқли жиҳатлардан бири. Бизга энг кўп мурожаатлар ойлик маошлар хато ҳисоблангани  бўйича келиб тушади. Бу муаммонинг ечими фақат рақамлаштиришга ўтиш. Чунки ойлик маошни ҳисоблашда 30дан ошиқ меъёрий ҳужжатлар билан ишланади. Устамаларнинг ҳам тури кўп. Бу ишни мураккаблаштирадиган жиҳатларидан бири. Шу боис биз ҳозирда онлайн платформа яратаяпмиз. Бу ерда барча кўрсаткичлар бўйича ўқитувчининг маълумотлари киритилади ва тизим автоматик тарзда педагогнинг маошини ҳисоблаб беради. Шу платформани ишга туширсак, мактаб завучларининг ҳам туман ХТБ ҳисобчиларининг ҳам оғири енгиллашади. 2022 йилда платформани синовдан ўтказиб, агар ижобий самара берса, республика миқёсида тадбиқ этишни режалаштирганмиз, –деди И. Сираджев сўзига якун ясар экан.

Зебо НАМОЗОВА,

«ISHONCH»