ёхуд бир чоракка ҳам чидамаётган дарсликлар
Бу коррупция эмасми?
Уйда ўғлим билан шуғулланиш, унга дарс қилишда кўмаклашиш жараёнида бир нарса эътиборимни тортди: «Алифбе» китобидан гоҳ у, гоҳ бу варақ узилиб тушарди.
Бунинг учун бошида ўғлимни айбладим, «китобни эҳтиёт қил», деб койиган ҳам бўлдим. Бу китоб ва бошқа ўқув қуроллари Президент совғаси экани ва улар мактабда яхши ўқиш учун болаларга бепул совға қилинганини ўз тилида тушунтирдим.
Афсуски, «Алифбе» биринчи чорак якунланмай, яроқсиз аҳволга келди…
Фарзандимнинг ўқитувчиси билан суҳбатлашиб, шуни билдимки, бу муаммо фақат менинг ўғлимда эмас экан. Ҳамма гап дарсликнинг ўзида экан.
– Нафақат битта-иккита, балки синфдаги барча ўқувчиларнинг «Алифбе»си шу аҳволга келиб бўлган, – дейди 15 йилдан буён Бухоро вилояти Жондор туманидаги 31-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаётган Маҳфуза Рўзиева. – Албатта, бу ўқитувчиларга ҳам, ўқувчиларга ҳам, ота-оналарга ҳам ноқулайлик туғдирмоқда. Жорий йилги «Алифбе» жуда сифатсиз экан. Болажонларга ҳарф ва сўзларни қалам билан бўғинлаб ўргатамиз. Кейинчалик қалам изини ўчирамиз десак, китобдаги ҳарфлар ҳам ўчиб кетяпти (Буни ўзим ҳам синаб кўрдим, ҳақиқатан ҳам, китобдаги ҳарфлар оддий ўчирғичда ўчиб кетаркан – муаллиф). Биринчи синфга борган болаларда масъулият ҳали у қадар шаклланмаган бўлади. Шу сабабми, уларнинг кўпчилиги «Алифбе»нинг кўчиб тушган варақларини йўқотиб ҳам қўйишади. Натижада уйда мустақил шуғуллана олишмаяпти. Фарзандининг ўқишига эътиборли оналар «Алифбе»ни тикиб беришади. Чунки варақларни бошқа усулда қайта бириктиришнинг иложи йўқ. Аммо ҳамма ҳам бир хил эмас. Китобларнинг кўпи умуман яроқсиз ҳолга келиб бўлди.
Гарчи ўзим гувоҳи бўлиб турган бўлсам-да, фақат битта педагогнинг фикри билан кифояланмадим. Бошқа бошланғич синф ўқитувчилари ҳам «Алифбе»нинг сифатсизлигидан нолишди.
– Бу китоб жуда сифатсиз нашр этилган. Шу боис кўп ноқулайликлар туғдирмоқда. Ҳар бир ўқувчининг «Алифбе» китобини қўлдан келганча қайта «таъмирлаб», бетлар йўқолмаслиги учун тикиб чиқишга мажбур бўляпмиз, – дейди бошланғич синф ўқитувчиси Мақсад Савурова. – Нима энди дарсликларни қайта-қайта тикиб ўқиймизми?
Мен ўтган йилги «Алифбе»ни ҳам кўздан кечирдим ва бу йилги дарслик анча сифатсиз нашр этилганига гувоҳ бўлдим. Қизиқ…
Ўзи тўрт ой ўқитиладиган «Алифбе» ҳар йили минглаб ўқувчиларга Президент совғаси сифатида бошқа дарсликлар ва ўқув қуроллари қаторида совға қилинади. Бу хайрли ташаббус ва ғамхўрлик мактабга энди қадам қўйган болаларнинг бир олам қувончига сабаб бўлса, ота-оналарнинг чўнтагига енгилликдир.
Афсуски, айрим кишиларнинг эътиборсизлиги сабаб, дарсликлар борасидаги бу ғамхўрлик «яхшилик тилаб, ёмонлик қилиш» бўлиб қолмаяптими? Аслида саводни чиқариш мақсадида нашр этилган дарсликнинг сифатсизлиги саводсизликка сабаб бўлмаяптими?..
– Бу китоб жуда сифатсиз нашр этилган. Шу боис кўп ноқулайликлар туғдирмоқда. Ҳар бир ўқувчининг «Алифбе» китобини қўлдан келганча қайта «таъмирлаб», бетлар йўқолмаслиги учун тикиб чиқишга мажбур бўляпмиз, –дейди бошланғич синф ўқитувчиси Мақсад Савурова. – Нима энди дарсликларни қайта-қайта тикиб ўқиймизми?
Умид қиламизки, дарсликка масъул бўлган ноширлар ва мутасаддилар бу ҳақда жиддий ўйлаб, кейинги ўқув йилида «Алифбе»нинг титилишига ва қайта-қайта тикилишига йўл қўйишмайди. Масъул ташкилотлар эса ушбу масалани жиддий ўрганиб кўриши зарурга ўхшайди. Зеро, бу жараёнда коррупция унсурлари мавжудга ўхшайди. Ҳолбуки, биз коррупция деганда фақат порани тушунамиз. Аслида бу иллатнинг кўзга кўринмас ришталари кўп.
Маълумки, биринчи синф дарсликлари ҳар йили янгиланади. Бутун республикага тарқатиладиган китобларга давлат бюджетидан озмунча пул сарфланмаслигини тахмин қилиш учун иқтисодчи бўлиш шарт эмас.
Шундай экан, дарсликларнинг сифати ва савиясига эътиборсиз бўлишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ!
Зуҳро АСАДОВА,
журналист

