Ишларингизга омад , Шарофатхон!

1134

Қизиқ, бир макон ва бир шароитда яшаймиз-у, кўпинча кўз ўнгимизда униб-ўсган, ўзлигини намоён қила бошлаган инсонлар ҳақида деярли ҳеч нарсани билмаймиз. Уларнинг ички дунёси, маънавий-руҳий олами негадир эътиборимизни тортавермайди. Аслида бундай замондошларимизнинг ҳаёти ҳам, ўзи ҳам мўъжиза, қўлида бир олам сеҳру жозиба, қалбида эса дунёларга татигулик меҳр-муҳаббат жамланган бўлади. Агар бу сифатлар она замин ва юртга садоқат туйғулари билан уйғунлашиб кетган бўлса, нур устига аъло.

Шарофат ҳамшира бўлиб ишлайверса ҳам бўларди. Лекин ҳаёти мазмунини деҳқончиликсиз тасаввур эта олмади, ота-онаси йўлини танлади. Ака-укалари, опа-сингиллари ҳамжиҳатлигида гулчилик билан шуғулланди.
– Бу ишни уйимиз томини очиб, бир парча ерда гул кўчатлари етиштиришдан бошлагандик, – дейди Шарофат. – 3 миллион сўмга голланд гуллари уруғини олиб келиб, тайинли кўчат ололмаган пайтларимиз ҳам бўлган. Бора-бора ғам-ташвишлар ортда қолиб, бу юмуш билан банд бўлиш кундалик эҳтиёжимга айланди. Бугун, минг қатла шукурки, биз етиштираётган анвойи гуллар нафақат Жиззах, балки Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд вилоятлари хиёбонларини ҳам безаб турибди.
Президентимиз топшириғига биноан, яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раи­­си Қудратилла Рафиқов ва Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ воҳадаги аёллар бандлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган тадбиркор Шарофат Нориеванинг иш тажрибасини ўрганди. Аниқланишича, у Шароф Рашидов туманида ташкил этган МЧЖ шаклидаги «Гулчи опа томорқа хизматлари» кластерида айни пайтда 114 нафар хотин-қиз доимий, 200 нафари эса мавсумий иш билан таъминланган.
Шарофат юртимизда тадбиркорликка кенг йўл очилгач, соҳага жиддий киришди. Туманда «Холмўминов Зоҳид» фермер хўжалигини ташкил этди. Дастлаб 25 гектарлик боғда турли мевали ва манзарали дарахтлар, хиёбонбоп майсалар, буталар ва гул кўчатлари етиштирди. У бошқараётган фермер хўжалиги вақт ўтиши билан кўп тармоқли йирик хўжаликка айланди. Эндиликда жамоа аҳли пахтачилик, ғаллачилик, балиқчилик, паррандачилик, қуёнчилик ва эчкичилик билан ҳам шуғулланиб, яхши натижаларга эришмоқда.
Шарофат Нориева тикувчилик, эшик-дераза ясайдиган цехларни ҳам ишга туширган. Шунинг­дек, унинг раҳбарлигида давлат-хусусий шериклик асосида иккита мактабгача таълим ташкилоти ва замонавий қаҳвахона ишлаб турибди.
Шарофат Нориева юртимизда тадбиркорларга берилаётган имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланмоқда. Жумладан, бултур ўғли Зоҳидбек 17 гектар ер олиб, Ёшлар кооперацияси ташкил этишига бош-қош бўлди. Натижада маҳалладаги кам таъминланган оилаларнинг 15 нафардан ортиқ ўғил-қизи шу ҳудудда деҳқончилик қилиб, икки-уч мартадан ҳосил олишди. Фермер 50 нафар аёлни жамлаб, томорқадан фойдаланиш сирларини ўртоқлашди. Эҳтиёжмандларга техника, уруғ ва ишчи кучи бўйича ёрдам берди. Австралиядан 400 бош соғиладиган зотдор эчки келтириб, 50 бошини «Темир дафтар»га киритилган оилаларга бўлиб берди. Кўп ўтмай яна бир йирик лойиҳага қўл уриб, ҳудуддаги хотин-қизларни иш билан таъминлашни ўз зиммасига олган агрокластерга асос солди.
– Ҳозир 50 турдаги гул ҳамда 15 турдаги мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштириш билан машғулмиз, – дейди Шарофат Нориева. – Чунки 200 та хонадон билан кооперация асосида ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Бир сотих бўш ерга эга оила эгаларининг ҳар бирига октябрь-ноябрь ойларида 5 минг дона хризантема, митти атиргул, кала ва кан гуллари қаламчаларини бепул етказиб бердик. Шунингдек, уларга 5 тупдан ток, хурмо ва бошқа мевали, 200 тупдан павловния дарахти ниҳолларини бепул тарқатдик. Худо хоҳласа, келаси йил май ойида гулларнинг ҳар тупини 4500 сўмдан сотиб оламиз. Бир йилдан сўнг павловниянинг ҳар донасини 8-10 минг сўмдан, уч йилдан кейин эса мевали дарахтлар ҳосилини тўлиқ бозор нархларида сотиб олишни ҳам кафолатлаймиз. Бундан ташқари, яқинлашаётган февраль ойида тарвуз, помидор, булғор қалампири уруғини 2 мингта махсус елимхалтага солган ҳолда аҳолига текин етказиб беришни режалаштирганмиз. Апрель ойида униб чиққан кўчатларнинг ҳар бирини камида 500 сўмдан харид қиламиз.
– Шарофат билан ҳамкорлик қилаётган хонадонлар шу йилнинг ўзидаёқ даромад ола бош­лади, – дейди маҳалла фаоли Синдор Эшонқулов. – Улар ҳовлиларига қадалган кўчатлар тагига плёнка тортиб, элимиз севиб истеъмол қиладиган исмалоқ уруғи сепишди. Айни пайт­­да бир текис униб чиққан бу ўсимликни янги йил арафасида йиғиштириб олиш ниятидамиз. Клас­тер ана шу исмалоқнинг бир килосини 4500 сўмдан харид қилишни зиммасига олган. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 сотих ерга экилган исмалоқдан май ойигача 1 тонна ҳосил олиш мумкин экан. Фойдасини ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг…
Мутахассислар ҳисоб-китобига қараганда, кооперация асосида ҳамкорлик қилган хонадон эгаси гул кўчатларидан 18 миллион, тарвуз, помидор, булғор қалампири кўчатларидан 1 миллион, павловниядан 1,8 миллион, исмалоқдан 4,5 миллион, умуман, бир йилда жами 25 миллион сўмдан зиёд даромад олар экан.
– Томорқамиз 2 сотихдан иборат, – дейди Олмачи қишлоғида яшовчи Малоҳат Ҳасанова. – Кам даромадли оила аъзоси сифатида «Аёллар дафтари»га киритилганман. Шарофат опа билан ҳамкорлик натижасида, ёнимдан бир сўм ҳам сарфламай, ойига 4-4,5 миллион, бир йилда 50 миллион сўмлик даромадга эга бўлаяпман. Биздан фақат астойдил ишлаш талаб қилинади.
Ўрни келганда айтиб ўтиш жоизки, «Гулчи опа томорқа хизматлари» кластери жамоаси таж­рибасини ўрганиш учун турли вилоятлардан кўплаб тадбиркорлар келишади. Яқинда эса хоразмлик тадбиркорлар иштирокида семинар уюштирилди. Унда Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ­раиси Рустам Холматов, Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилояти раиси Нусратилла Пардаев қатнашди.
– Мен Қўшкўпир туманидаги Ғазовот қиш­лоғиданман, – дейди Ражаббиби Собирова. – Йигирма йилдан буён гулчилик қиламан. 4 сотихли иссиқхонамиздан биргина ўтган йилнинг ўзида 25 миллион сўмлик даромадга эга бўлдим. Бугунги семинар чоғи янада кўпроқ нарсаларни ўргандим. Очиғи, Шарофатхон амалга оширган ишларга фақат тасаннолар айтиш керак.
Жамоанинг чорвачилик ва паррандачилик соҳасидаги фаолияти ҳам диққатга молик. Бугунги кунда хўжаликда 80 бош йирик шохли, 200 бош майда шохли чорва моллари, 6 мингта парранда мавжуд. Шарофат Нориева ушбу йўналиш­лар бўйича ҳам хонадонлар билан кооперация асосидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида.
– Бузоқлаш арафасидаги сигирларни хонадонларга тарқатишни ва уларга ем-хашакни бепул етказиб беришни мўлжалллаяпмиз, – дейди кластер мутахассиси Озода Эргашева. – Сўнгра болалаган сигирнинг 1 литр сутини 4000 сўмдан, 12 ой ўтгач эса, бузоғини бозор нархининг ярим баҳосида сотиб оламиз. Қарабсизки, уй эгаси бир бош сигир боқишдан йилига ўртача 7 миллион сўм даромад орттиради. Бундан ташқари, биз ҳар бир хонадонга қиймати 1,2 миллион сўм бўлган беш бош қўй-эчкини ҳам тарқатиб, 2 миллион сўмлик ем-хашакни бепул етказиб берамиз. Уч ойдан сўнг бу жониворларнинг ҳар бири камида 2-2,5 миллион сўмдан сотилади, тушган даромад эса хонадон ва кластер ўртасида тенг тақсимланади.
– Кластернинг жўжа очириладиган инкубатори ҳам бизда катта қизиқиш уйғотди, – деб суҳбатга қўшилади шовотлик Ойжамол Хўжамуротава. –Чунки жўжалар оилаларга 50 тадан тарқатилиб, бепул озуқа билан таъминланар экан. Қизиғи, хўроз жўжалар кластерга қайтариб берилар, қолганлари уч ойдан кейин тухум қўя бошлар, кластер уларнинг ҳар донасини 1000 сўмданга сотиб олар экан. Шарофатхоннинг айтишича, кластер билан чорвачилик соҳасида ҳамкорлик қилган оила йилига 17-18 миллион сўмлик соф даромадга эга бўлар экан.
Табиийки, бу жараёнда кластер ҳам ўзига яраша наф кўради. У қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мустақил равишда реализация қилиш натижасида йилига ўртача 4 миллиард, чорвачилик ва паррандачилик йўналишидаги ҳамкорликдан эса 3 миллиард сўмдан ортиқ фойда олиши кутилмоқда. Тузилма мутахассислари ва тажрибали ишчи-ходимлари кооперацияга жалб этилган аёлларга деҳқончилик усулларини, тарқатилган кўчатларни экиб парвариш­лаш, уруғлар етиштириш, чорва моллари ва паррандаларни боқиш сир-асрорларини ўргатиб боришга аҳд қилишган. Чунки олинадиган ҳосил ёки етиштириладиган маҳсулот қанчалик кўп ва сифатли бўлса, иккала томон учун ҳам бирдек фойдалидир.
Қолаверса, кластер ва Ўзбекистон аграр соҳа аёллари уюшмаси ҳамкорлигида 100 нафар ўқувчига мўлжалланган икки ойлик ўқув курс­лари ташкил этилмоқда. Уларда кооперация асосида ишлаш ёки мустақил тадбиркорликни йўлга қўйиш истагида бўлган хотин-қизлар ўқитилади.
– Хуллас, зиммамиздаги масъулият тобора ортмоқда, – дейди Шарофат Нориева. – Эндиликда ўзим туғилиб ўсган маҳалла ёшлари ва хотин-қизларини кўпроқ иш билан таъминлаб, турмушда янада фаол бўлишга ундаш ниятидаман. Мамлакатимизда ишбилармонликка, хусусан, оилавий тадбиркорликка яратилган шарт-­шароитлар ва имкониятлардан бошқалар ҳам фойдаланишларини, шу тариқа турмушлари обод, кўнгиллари шод бўлишини истайман.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
Комила БОЙМУРОДОВА,
«ISHONCH» мухбирлари