Ўтган йили таваллудининг 145 йиллиги кенг нишонланган адиб, публицист, педагог, олим, дин ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг асосчиларидан ва етакчиларидан бири эди.
Жадид адиби, ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий кишиларни ўтмишда бўлиб ўтган воқеалар ҳақида чуқур фикр-мулоҳаза юритишга, улардан сабоқ чиқаришга, рўй берган хато-камчиликларни такрорламасликка чорлаб, «Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар», деб ёзган эди.
Жадидчиликнинг ғоявий отаси саналмиш Исмоилбек Гаспринский тарихдан сўзлаш келажакни билишни англатишини уқтирганди. Яъни инсонлар ўз кечмишлари ва кўрган-билганларини таҳлил этиш асноси келгусида яна нималарни бошидан ўтказиши мумкинлигини тахмин қилиши, шунга қараб иш тутиши лозимлигини эслатганди.
Сўнгги йилларда бот-бот тилга олинаётган «Янги Ўзбекистон», «Учинчи Ренессанс» каби иборалар бугун мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий жиҳатдан янги босқичга кўтарилаётганидан далолат бермоқда. Бундан 120-130 йилча муқаддам юртимиз ҳаётида содир бўлган мураккаб, шу билан бирга, ўта шиддатли ва зиддиятли воқеаларга бой кечган даврни ёдга солмоқда.
Дарвоқе, XIX аср охири ва XX аср бошида Шарқ мамлакатлари бўйлаб ёйилган ислоҳотчилик ҳаракати чор Россияси тобелигидаги Туркистон ўлкасига ҳам кириб келди. У тарих саҳифаларига «жадидчилик», вакиллари эса «жадидлар» номи билан муҳрланди. Ўзбекистон Истиқлолга эришган 1991 йилдан ҳозирга қадар олиб борилган илмий тадқиқотлару ёзилган талай мақолаларда жадидчиликнинг туб моҳияти турлича тадқиқ ва таҳлил қилинди, кўлами ва жамиятга таъсири ҳамда уни ривожлантирган шахсларнинг ҳаёти ва ижоди баҳоли қудрат ёритилди. Аммо бу масалалар ҳануз тўла-тўкис очиб берилмади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 30 сентябрь куни Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида жадидчилик ҳаракати тўғрисида алоҳида тўхталиб, жумладан шундай деди:
«Кўпчилик зиёлилар қаторида мен ҳам бир фикрни ҳамиша катта армон билан ўйлайман: мамлакатимизда Учинчи Ренессансни йигирманчи асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди. Нега деганда, бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрларини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар. Шу йўлда улар ўзларининг азиз жонларини ҳам қурбон қилдилар».
Давлатимиз раҳбари худди ўша куни имзолаган фармонга мувофиқ, Ватанимиз тарихининг ғоят мураккаб даврида – ХХ аср бошларида ўзининг маърифатпарварлик фаолияти ва фидокорона хизматлари билан миллий таълим-тарбия тизимини яратишга ҳамда юртимиз истиқлоли, халқимиз озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг обод ва фаровон ҳаётини таъминлашга беқиёс ҳисса қўшган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди. Уларга ҳукумат томонидан кўрсатилган бундай юксак эътиборни келгусида жадидларнинг миллат келажаги ва мамлакат тараққиёти, унинг мустақиллиги ва эрки йўлида қилган хизматларини кенг жамоатчиликка, хусусан, навқирон ёш авлодга асл ҳолича етказиш борасида амалга оширилажак ишларнинг дебочаси дейиш мумкин.
Зеро, жадидчилик ҳаракати ҳамда жадидлар фаолиятини бугунги кунда ўрганиш ва тарғиб қилиш ҳаводай зарур. Биз Учинчи Ренессансни стратегик вазифа ҳисоблаб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқчи бўлсак, жадидларимиз таъкидлашганидек, ҳар ким ўзгариши ва ўзгаришни ўзидан бошлаши керак. Айниқса, зиёлилар ва мансабдорлар шундай йўл тутмасалар, олдимизга қўйилган юксак стратегик вазифани уддалай олмаймиз.
Энди асл муддаога ўтайлик. Жадидлар ислоҳотни мактабдан, янада аниқроғи, бошланғич мактабдан бошлашди. Чунки мактаб барча нарсаларнинг, жумладан, маънавий-маърифий тараққиётнинг пойдеворидир. У мукаммал бўлмаса, миллат равнақи ҳақида гапириш бефойда.
Шунга биноан, Маҳмудхўжа Беҳбудий бошлиқ туркистонлик жадидлар бошланғич таълимни она тилида беришга мўлжалланган миллий мактабларнинг умуммиллий институтини яратишга доир дастурни таклиф этишди. Негаки, ўша кезлар мактабларда ўқитиладиган барча дарсликлар фақат форс ёки араб тилида эди. Жадидлар эса бола дастлабки саводини ўз она тилида, яъни туркий тилда чиқариши унинг онгига миллат ва миллият тушунчалари чуқурроқ сингдирилишини таъминлайди, деган тўхтамга келдилар. Пировардида, «Барчамизга офтоб каби равшан ва аёндурки, макотиб – тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дарвозасидур. Ҳар миллат энг аввал, макотиби ибтидоийсини замонча ислоҳ этиб кўпайтурмагунча тараққий йўлиға кируб маданиятдан фойдаланмас» деган ақидани илгари сурган Беҳбудийга эргашдилар.
Ўз навбатида, Беҳбудий қуйи ва юқори мактабнинг ислоҳ қилинишини миллатнинг ислоҳ этилишига қиёслади ва уни умуммиллий ғоя деб билди. Миллатга «ўқумоқ, ўқутмоқ керакдур. Болаларга оталардан илми диний ва илми замоний мерос қолсун», дея мурожаат қилиб, ўзи илгари сурган миллий ғояни барча тарғиб қилиши зарурлигини таъкидлади. Унинг тушунтиришича, миллатни улуғлаш, мақсадларни юқори даражага кўтариш, миллатнинг ҳақиқий бирлигини таъминлаш қолган барча ғоялардан устун турувчи умуммиллий ғоянинг туб моҳиятини ташкил этади. Бу ғояда миллатнинг келажакка интилиши ва ундан келадиган фойда ўз ифодасини топиши лозим.
Беҳбудийнинг умуммиллий ғояси тарғиботи учун миллий матбуот керак эди. Жадидлар чиқара бошлаган газета-журналлар росманасига фикр алмашиш, илғор ғоя ва фикрларни тарғиб этиш, баҳслашиш майдонига айланган, демократик қадриятларни ўзида акс эттирган, фикрлар қарама-қаршилигини кўтара оладиган, ижтимоий-сиёсий мавзулардаги танқидий мақолаларни ёритадиган матбуот нашрлари эди. Масалан, Маҳмудхўжа Беҳбудий муҳаррирлик қилган «Ойина» журнали маърифат ва маданият тарқатиш мақсадида миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқларига, тарихига, тил ва адабиёт масалаларига, дунёдаги аҳволга оид турли-туман мақолаларни чоп этди. Шунингдек, айни йўналишлардаги баҳслар учун минбар вазифасини ўтади.
Таниқли олим Бегали Қосимовнинг фикрича, Туркистон жадидларининг газета ва хайрия жамиятларини таъсис этиши, янги усул мактабларини ёйиши, театр ишлари ва бошқа барча ҳаракатлари бир миллий ғоя учун хизмат қилди. Ҳар қандай ғоя миллий ғояга айланиши учун эса иккита талабга жавоб бериши даркор: аввало, миллатнинг ҳақиқий эҳтиёжидан, турмуш тарзидан, асрий анъана ва имкониятларидан келиб чиқиши, иккинчидан, миллийлаштирилиши, яъни миллатнинг ҳар бир вакили юрагига етиб бориши керак.
Маҳмудхўжа Беҳбудий миллий ғоясининг яна бир тарғибот қуроли, бу – адабиёт эди. Жадидлар Навоий, Фузулий, Саъдий сингари буюк зотлар ҳаёти ва ижодини чуқур билишгани сабабли адабиётни халққа яқинлаштиришга, унинг тилида ёзишга интилдилар ва бу ишни уддаладилар. Абдулла Қодирийнинг бугунги кунда ҳам исталган етук бадиий асар билан бемалол беллаша оладиган «Ўткан кунлар»и, Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз»и ҳамда шеърлари шу тариқа яратилди. 1916 йили Тошкентда бўлиб, «Турон» труппаси спектаклларини томоша қилган рус шарқшуноси А.Самойлович «Туркистонда янги адабиёт майдонга келди. Янги адабиётнинг маркази – Самарқанд… Ёш қаламкашларнинг бош илҳомчиси самарқандлик муфти Маҳмудхўжа Беҳбудийдир», деб ёзди.
Беҳбудий бошлиқ жадидлар халқни серхаражат тадбирлардан воз кечиб, уларга сарфланадиган маблағларни миллий иқтисодиётнинг барча тармоқлари бўйича миллий кадрлар тайёрлаш, ёшлар маҳаллий ва хорижий таълим муассасаларида таҳсил олиши учун йўналтиришга ундашди. Бу саъй-ҳаракатларни умуммиллий ишлар, олий мақсадлар, хоҳишлар ва интилишлар деб аташди. Уларни амалга ошириш учун эса ирода, янада аниқроғи, сиёсий ирода керак эди. Беҳбудий ХХ аср бошидаги Туркистоннинг йирик сиёсий арбоби сифатида Туркистон Мухторияти тузилишидан 11 йил аввал – 1906 йилдаёқ Туркистон Миллий-маданий Мухторияти лойиҳасини ишлаб чиқиб, юқори доираларда муҳокама қилиш учун Россия давлат Думасига йўллади. Бу лойиҳада у таълим-тарбия ва ер муаммоларини қатъий масала қилиб қўйди, айниқса, рус муҳожирларини кўчириб келтирмаслик ва ҳосилдор ерлар маҳаллий аҳоли ихтиёрида қолиши кераклиги ҳақида астойдил қайғурди.
Беҳбудий маънавий устози Исмоилбек Гаспринский сингари мусулмонларга сиёсий ҳуқуқлар берилиши мавжуд муаммоларни ҳал этмаслигини теран англаб етди. Унга кўра, замон тили бўлган рус тилини ва мавжуд қонунларни билмаслик, ҳаммасиданам ачинарлиси, мусулмонларнинг замонавий билимлардан бехабарлиги қўлга киритилган барча сиёсий ҳуқуқларни йўққа чиқаради. Бинобарин, бобокалонимизнинг «Ҳақ олинур, берилмас… Ғайрат ила олинур» деган чақириғи замирида миллат озод бўлиб, ўзининг мустақил давлатини ўрнатмагунча, ижтимоий адолатни тиклаб бўлмайди, деган фикр мужассамлашганди.
Шу ўринда Беҳбудийнинг жадидларнинг ёш авлоди тўғрисидаги фикрларини ҳам келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Унинг аниқлашича, бу авлод ўртасида ғоявий ихтилоф мавжудлиги туфайли халқ жадидлардан юз ўгирган. Шуни назарда тутиб, ёшларни тезроқ ўзаро келишув йўлини топишга ва қайтадан эл-улус ишончини қозонишга чақирди. Чунки умуммиллий ғоя йўлида бирлашиб ҳаракат қилмаслик миллат бўлинишига ва айрим умуммиллий лойиҳалар муваффақиятсизликка учрашига олиб келиши мумкин эди.
Шавкат Мирзиёев тўғри таърифлаганидек, жадидлар «Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас» деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билдилар. Миллий истиқлол, тараққиёт ва фаровонликка, аввало, маърифат орқали, дунёвий ва диний билим, замонавий илм-ҳунарларни чуқур эгаллаш орқали эришиш мумкин, деб ҳисобладилар. Маҳмудхўжа Беҳбудий бу борада сафдошлари ва издошларига ибрат кўрсатди.
Бизнингча, эндиликда Туркистондаги жадидчилик ҳаракати минтақада ўзига хос ўрин тутганини кўрсатиб бериш, жадидлар фаолияти ва ижодини чуқур ўрганиш, кенг кўламли илмий тадқиқот ишларини олиб бориш ва тарғиб қилиш мақсадида етук маърифатпарвар, сиёсатчи, адиб, ношир ва публицист Маҳмудхўжа Беҳбудий номи билан аталадиган «Жадид тадқиқотлари академияси»ни ташкил этиш вақти келди. Чунки жадид мактаби, бугунги истилоҳлар билан айтсак, инновацион ва «смарт» мактаб эди. Унда жорий этилган «товуш усули» замонавий таълимнинг асоси, таъбир жоиз бўлса, тамал тоши бўлиб қолди. Қолаверса, Учинчи Ренессанс бўсағасида турган янги Ўзбекистонда ҳам мактабгача таълим ва мактаб таълими бўлғуси Ренессанснинг узвий халқаси, жадидлар «аркони миллат» ёки «миллат устунлари» деб атаган зиёлилар эса янги Уйғониш даврининг таянч устуни сифатида қабул қилинди.
Энг муҳими, жадидчилик ҳаракати ва жадидлар замонавий ўзбек жамияти ва давлатчилиги шаклланишига катта ҳисса қўшдилар. Уларнинг бой илмий ва ижодий мероси бугунги мураккаб даврда Ўзбекистонда миллий ғоя ва мафкуравий иммунитетни кучайтиришда, ўз мустақил фикрига эга ҳамда фидойи ва ватанпарвар авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Чўлпонларнинг ғоявий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак, деб ҳисоблаймиз.
Зайнобиддин АБДУРАШИДОВ,
филология фанлари доктори, доцент,
Алишер Навоий номидаги Тошкент
давлат ўзбек тили ва адабиёти
университети проректори
