бозордаги санитар-гигиеник аҳволга кимлар масъул?
Бугун одамларда тиббий маданият қандай? Шу саволга жавоб излаб Тошкент шаҳар Санитар-эпидемиологик назорати маркази ходими Шавкат Сафаров билан Олмалиқ шаҳридаги «Ойдин» деҳқон бозорида бўлдик.
Дастлаб, бозор ҳудудида кабоб, сомса, гумма ва бошқа иссиқ егуликлар пишириб сотиладиган шохобчаларда бўлганимизда, уларнинг аксариятида санитар-гигиеник манзара аянчли ҳолатда эди.
Бозор ҳудудида жойлашган якка тартибдаги тадбиркор Акмал Ураимовга қарашли бўлган донали таом маҳсулотлари сотиладиган шохобчага кирганимизда, пиширилган маҳсулотларнинг усти очиқлиги, сотувчи аёлнинг эса махсус кийими йўқлиги диққатимизни тортди. Якка тартибдаги тадбиркор Мавжуда Мисоровага қарашли озиқ-овқат савдо дўконида тадбиркор ўрнида унинг турмуш ўртоғи ҳеч бир гигиена талабларига риоя қилмай, махсус кийимларсиз фаолият олиб бормоқда эди. Дўконда қандолат маҳсулотлари, печеньеларнинг очиқ ҳолда турганига қарамай, у дўкон ичини чангитиб супираётганидан ҳайратимиз янада ошди.
Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар Элёр Турғунов, Обиджон Деҳқонов, Ортиқой Ортиқова, Зокир Деҳқонов ва Азиза Саидовага қарашли овқатланиш шохобчаларида карантин талабларининг бузилганлик ҳолатларига гувоҳ бўлдик. Чиндан-да санитар-гигиеник аҳволни қониқарли деб бўлмасди.
Сут ва сут маҳсулотлари, тузламалар сотилаётган расталарда аҳвол қониқарли дейиш мумкин, аммо маҳсулотда муаммо бўлмаса-да, уларни сотаётган шахсларнинг биттасида ниқоб бўлмаса, иккинчисида махсус қўлқоплар йўқ эди.
«Ана СЭС келяпти»… Жаранглаётган шу жумлаларгина уларни махсус либосларни кийишга, ниқобини тақишга ёки қайсидир санитар-гигиеник нормаларни бажаришга ундагани ҳам аччиқ ҳақиқат. Худди шу манзара нон сотаётган опахонлар ўртасида ҳам кузатилди: кимдир рўмолини тўғирлаган, яна кимдир ниқобини тақишга уриняпти…
Бозор ҳудуди бўйлаб айланарканмиз, қўл ювиш жойларида бирорта совун ёки бошқа тозалаш воситасига кўзимиз тушмади. Овқатланиш шохобчаларининг ҳаммасида ҳам идиш ювадиган ва уларни қуритадиган жойлар соз ҳолатда деб бўлмайди.
Тозалик учун курашиш ҳар биримизнинг «мен»имизда шакллансагина овқатдан заҳарланиш, санитар-гигиеник ҳолатлар салбийлашувининг олдини олиш мумкин. Тўғрими? Сиз нима дейсиз?
Дилафруз ЭГАМБЕРДИЕВА,
журналист
