Ер тўймаса, эл бойимас

1461

ёхуд оёқ остидаги имкониятлардан қачон тўлиқ фойдаланамиз?

Деҳқоннинг асосий мақсади мўл ҳосил етиштириб, уни сотишдир. Ана шу ниятлари амалга ошса, у меҳнати роҳатини кўради. Масалага шу нуқтаи назардан ёндашганда, бугунги кунда серқуёш заминимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг саксондан ортиқ тури олтмиш олти мамлакатга етказиб берилаётгани, айниқса, мева-сабзавотлар ва дуккакли экинлар маҳсулотларининг экспорт ҳажми охирги беш йил ичида қарийб икки баробарга кўпайгани қувонарли ҳолдир.

Жорий йилнинг 24 ноябрида Президентимиз раислигида мева-сабзавотчилик ва деҳқон хўжаликларини ривож­лантириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида пахта-тўқимачилик, ғаллачилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик кластерлари сифат ва даромад жиҳатидан изчил ўсаётгани, мева-сабзавотчилик бўйича ҳам кўплаб ­кластерлар ташкил этилгани таъкидланди. Шунинг баробарида эришилган натижалар мавжуд салоҳият даражасида эмаслигига алоҳида урғу берилди. Масалан, тармоқдаги экспорт миқдорини ҳозирги 1 миллиард 200 минг доллардан 5 миллиард долларга кўпайтириш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилингани айтилди.
Давлатимиз раҳбари алоҳида уқтирганидек, биз илгари пахтачиликда фақат хомашё сотардик. Энг яхши ҳосил олинган йилда даромад 1 миллиард доллар атрофида бўларди. Ҳозир эса пахта ўзимизда қайта ишланаётгани сабабли экспорт салоҳияти 3 миллиард долларга чиқди.
Ишни тўғри ташкил этиб, мева-сабзавотчиликда ҳам шундай натижаларга эришса бўлади. Чунки, ҳисоб-китобларга кўра, 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хомашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш мумкин. Қисқаси, оёғимиз тагидаги имкониятдан янада унумли фойдалансак, фаровонликка эришилади, янги иш ўринлари яратилади ва мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти юксалади.
Президентимиз ўша видеоселектор йиғилишидан бир кун олдин «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Унга мувофиқ, келаси йил пахта ва ғалладан қисқартириладиган 80 минг гектар ер аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун берилиши белгиланди. Аҳолига экинзорлар очиқ электрон танлов ўтказиш орқали, 10 сотихдан 1 гектаргача ўлчамда, ўн йил муддатга ижарага бериладиган бўлди.
Бу ерларда оилавий тадбиркорлик доирасида кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, полиз маҳсулотлари, дуккакли ва мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган эҳтиёжманд оилаларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича катта имкониятлар мавжуд. «Қарс икки қўлдан чиқади» деганларидек, ҳар қандай қарор ёки фармоннинг ҳаётийлиги халқимиз унинг моҳиятини теран тушунишига ва ҳаётга изчил татбиқ этишига боғлиқ. Аммо бу йил Андижон вилоятида «Ёшлар дафтари» рўйхатида турган ёшлар билан шивитнинг ҳар килосини 5-6 минг сўмдан сотиб олишга келишган харидорлар ҳосил тарозига тушганда минг сўмдан ошиғига кўнмасликларини айтиб, деҳқонни куйдирганини қандай тушунса бўлади?
Таассуфки, бундай алданиб қолиш ҳолатлари муқаддам боғ ораларига гармдори ва карам экиб, парваришлаган боғбонлар бошига ҳам тушганди. Оқибатда бир йил тупроқ чангаллаб меҳнат қилган одамларнинг ҳафсаласи пир бўлиб, аксарияти ердан узоқлашди. Ахир, шунча меҳнатнинг меваси қоқи нархидан ҳам паст баҳоланса, қишлоқ одамларининг бири икки бўладими? Бундай ҳолатлар так­рорланмаслиги учун эса деҳқон билан харидор ўртасида томонлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ва пухта ўйланган қонуний шартнома зарур. Унга кўра, бу ҳужжат расмийлаштирилиши биланоқ деҳқонга бўнак пули берилиши мақсадга мувофиқдир.
Яна бир аҳамиятли жиҳати, юртимизда пишиб етилган ва Россия ёки Қозоғистон бозорлари пештахталарини тўлдириб турган ноз-неъматлар бошқа ўлкалардан келтирилган мева-сабзавотлардан мазаси, дармондориларга бойлиги билан кескин ажралиб туради. «Ўзбекистонда етиштирилган», деган иборанинг ўзи бренд даражасига кўтарилган. Лекин биз жаҳон бозорида ушбу соҳада ҳали ўз ўрнимизни тўлиқ топа олганимиз йўқ.
– Туманимизда боғдорчиликка мўлжалланган 4 минг гектар ер бор, – дейди Андижон тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ва сув масалалари бўйича ўринбосари Садриддин Эсонов куюнчаклик билан. – Гектаридан 5 тоннадан ҳосил кўтарилганда ҳам 200 минг тонна маҳсулот тайёрланади. Афсуски, моддий манфаатдорлик бўлмагани, аниқроғи, ҳосил вақтида реализация қилинмаётгани туфайли боғлар қаровсиз қолиб кетмоқда. Зеро, бугунги кунда миришкор деҳқонлару боғбонларни қийнаётган муаммо улар етиштирган маҳсулотлар кўпинча сотилмаётгани билан боғлиқдир. Боз устига, тез айниб, истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб қоладиган мева-сабзавотларни вақтида экспортга йўналтириш шарт. Бунинг учун мазаси тилни ёрадиган ноз-неъматларимиз дунё бозорида харидорини ва ўрнини топиши, чет эллик харидорлар билан имзоланган узоқ муддатли пишиқ-пухта шартномалар зарур.
Дарҳақиқат, деҳқон қачонки ҳосилини пайкал бошида пуллай олса, қўли пул кўради. Бунинг учун, бизнингча, аввалги мева-сабзавот тайёрлов идоралари фаолиятини тиклаш вақти келди.
Халқимизда «Сара уруғ – ҳосили бўлуғ» деган ҳикмат ҳам бор. Биз ҳозир сара уруғни Хитой, Голландия ва Туркиядан оляпмиз. Масалан, маккажўхори уруғининг 1 килограмми 10 доллар туради. Касалликка чидамли, серҳосил ва харидоргир уруғлик помидорнинг ҳар донаси эса 1 доллар атрофида. Аксарият экинларни озиқлантирадиган ва зараркунанда ҳашаротларга қарши қўлланиладиган кимёвий дорилар ҳам четдан олиб келинади. Ҳатто иссиқхоналарни ёпиш учун зарур полиэтилен плёнкаларни ҳам сифати юқори бўлгани боис кўпроқ Туркиядан келтирамиз. Томчилатиб суғоришда эса Хитойда ишлаб чиқарилган мосламалар жонимизга оро кирмоқда. Ўзимизнинг чувалчанглар бир оз танбаллашиб кетган шекилли, улардан кўра «Калифорния чувалчанги»ни маъқул кўряпмиз.
Энди ўзингиз айтинг-чи, деҳқончилигимиз шу тариқа чет давлатларга тобе бўлиб қолмаяптими? Бундан-да ачинарлиси, қишлоқ хўжалигида топилган даромад четга чиқиб кетмаяптими? Мақсад оддий халқнинг бирини икки қилиш экан, қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида маҳаллийлаштиришга алоҳида ­эътибор қаратишимиз керак. Шундай йўл танлайликки, токи касалликка чидамли, серҳосил ва дунё бозорида харидоргир навлар ўзимизда яратилсин, кимёвий воситалардан тортиб барча асбоб-ускуна ва ашёлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилсин.
– Фарғона водийсидаги ерларнинг иқтисодий баҳоси юқори ҳисобланади, – дейди иқтисодчи олим Расулжон Абдумажидов. – Улар қўшни давлатлар ерларидан 8-10 баробар қиммат. Демак, биз вақтни бой бермай, ҳосилдор заминимизнинг ҳар қаричидан унумли фойдаланишимиз керак. Бироқ бугунги кунда ҳам аксарият экин майдонларига нуқул буғдой ва пахта экавериб, уларни чарчатяпмиз. Далаларни маъданли ўғитлар билан озиқлантиришга зўр беряпмиз-у, маҳаллий ўғит солишга ҳафсала қилмаяпмиз. Алмашлаб экиш, яъни тупроқ унумдорлигини ошириш учун вақти-вақти билан экинзорларнинг маълум қисмига тўйимли чорвачилик экини – беда экишни-ку, бутунлай унутиб юбордик. Оқибатда ерларимиз тобора «ориқлаб» кетмоқда. Ҳолбуки, давлат томонидан айни йўналишда фермерлар, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларига етарлича имконият ва имтиёзлар берилган. Фақат улар ортиқча маъмурий буйруқбоз­ликлардан қутула олмаяпти.
Тажрибали олимнинг фикрларига қўшилган ҳолда айтишимиз мумкинки, келгусида ўтказилажак танловларда ер ҳақиқий эгаларига топширилса, хориждаги сингари уларга йил бўйи бепул тавсиялар бериб борадиган консалтинг марказлари ташкил этилса, фойдадан холи бўлмайди.
Зироатчилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришнинг яна бир муҳим манбаи респуб­ликамиз аҳолиси ихтиёридаги томорқалардир. Расмий маълумотларга қараганда, ҳозир 5,5 миллион нафардан ортиқ томорқа эгалари ўз ихтиёрларидаги 502 минг 800 гектар ерда деҳқончилик қилишмоқда. Мамлакатимизда етиштирилаётган картошканинг 84, сабзавотларнинг 71, полиз маҳсулотлари, узум ва меваларнинг 55-60 фоизи, чорвачилик маҳсулотларининг 94 фоизидан ортиғи уларнинг ҳиссасига тўғри келмоқда.

Томорқалардан янада самаралироқ фойдаланиш мақсадида ­тупроқ ва иқлим шароитини назарда тутиб, туманларни ва ҳатто маҳаллаларни маълум йўналишга ихтисослаштириш яхши натижа бермоқда. Президентимизнинг юқорида тилга олинган қарорида маҳаллий аҳоли тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, «Бир ҳудуд – бир маҳсулот» тамойили асосида ноз-неъматлар етиштиришга жиддий эътибор қаратиш келгусида белгиланган ҳудудлардаги деҳқонлар юқори ҳосил олишларида, ўзаро тажриба алмашиб, муайян соҳа бўйича мактаб яратилишида муҳим омил вазифасини ўтайди.

Анваржон ҲАЛИМОВ,
журналист