Катта раҳбар йиғилиш аввалида кун тартибидаги асосий масала – коррупцияга қарши курашиш мавзусида узоқ гапирди. Гапирганда ҳам даврадагиларни ўзига яқин тутиб, «Ҳаммангиз менинг жамоамдаги, менга яқин кишиларсиз. Агар сизларнинг оёғингизга бирорта зирапча кирса, менинг жисмимга санчилгандай бўлади. Шунинг учун коррупцияга йўл қўйманг» деди жонкуярлик билан.
Ўша кезлар эндигина баҳор бошланиб, кўкаламзорлаштириш ишлари қизғин тус олганди. Катта раҳбар йиғилишни тугатиб, даврани тарк этгач, ундан кичикроғи маҳалла оқсоқолларига юзланди: «Ҳаммаларингиз, ернинг тагидан топиб бўлса ҳам, 200 тупдан гул кўчати олиб келишларинг шарт! Мен бу топшириқни бажармаганлар билан ишламайман. Улар кўзимга кўринмасин» деди.
Ана, холос! Маҳалла раиси бечора раҳбар айтган кўчатларни сотиб олиш учун салкам бир ойлик маоши миқдорида маблағ сарфлаши керак.
Хўш, энди нима қилсин? Топшириқни бажармаса, ишдан ҳайдалади, бажарса, кўрган зарари ўрнини қоплаш учун маҳалла идорасига нажот истаб келадиганларнинг қай бирига «бола пули», бошқасига «ёрдам пули» ажратишни ваъда қилиб, эвазига «хизмат ҳақи» олиши керак.
Бу эса, тан оламизми-йўқми, коррупция тобора авжига чиқишига сабаб бўлувчи иллатлардан биридир!
Анваржон ҲАЛИМОВ,
журналист
