ЗАМОНАВИЙЛИК, ТЕЗКОРЛИК  ВА ЮҚОРИ СИФАТ

687

Миллий матбуот марказида “АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”: трансформация ва истиқбол” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда банк бошқаруви раиси Алишер Муратов сўзга чиқиб, Президентимизнинг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармони соҳани замон талаблари асосида  ривожлантиришда, кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш ва оммабоплигини таъминлашда дастуриламал  бўлаётганини  таъкидлади.

Мазкур фармон билан тасдиқланган банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясидан кўзланган асосий мақсад эса “инсон қадри учун” тамойилини  ҳаётга татбиқ этишдан, аҳолини ва мижозларни рози қилишдан иборатдир. Буни  “Қишлоқ қурилиш банк” ҳам устувор вазифа сифатида қабул қилган. Шу асосда масофавий банк хизматларини ривожлантириш, янги инновацион хизматларни йўлга қўйиш, мобиль дастурларни такомиллаштириш орқали аҳолига ҳар томонлама қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Замонавийлик, тезкорлик ва юқори сифат айни йўналишдаги саъй-ҳаракатлар негизини ташкил этмоқда.

Тадбирда банкда амалга оширилаётган трансформация жараёнлари тўғрисида ҳам ахборот берилди. Ҳозир банк трансформацияси доирасида Осиё тараққиёт банки ва халқаро консалтинг компаниялари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, халқаро консалтинг компанияси билан бирга банкни 2020-2025 йилларда ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилиб, унинг ташкилий тузилмаси қайта кўрилди ва банкда лойиҳа офиси очилди. Шунингдек, кўрсатилаётган хизматлар қамровини кенгайтириш ва сифатини ошириш  ниятида 46 та банк хизмати офиси ва 77 та ўзига-ўзи хизмат кўрсатиш маркази (24/7) ташкил этилди. Эндиликда мижозлар билан муносабатларни бошқариш (CRM) лойиҳасини якунлаш, кредит бериш тизимини соддалаштириш ва кредит конвейери технологиясидан фойдаланиш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда. Келгусида эса андеррайтинг электрон дастурини такомиллаштириш, мижозлар билан ҳамкорликда Cash-back тизимларини жорий қилиш, тажриба тариқасида смарт офис очиш, “онлайн ипотека”, уй-жой бозори портали, “Маркетплейс” электрон савдо платформасини яратиш, масофавий (мобил банкинг, интернет банкинг орқали) хизматларни ва мультивалютали ўтказмалар тизимларини амалиётда қўллаш мўлжалланмоқда.

Анжуманда журналистларни қизиқтирган  саволларга  жавоблар берилди.

 

Комила БОЙМУРОДОВА.

“ISHONCH”