“ОЛТИН ҲУМО”  МУНОСИБЛАРНИ ТАҚДИРЛАДИ

1811

Бугун кино санъатига ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Бошқа соҳалар каби ўзбек миллий киноси ривожи учун кенг йўл очиб берилди. Аслида, бу санъат инсон онги ва қалбига кучли таъсир этувчи беқиёс қудрат ва имкониятларга эга.

Ана шу жиҳатларни қамраб олган ҳолда Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси томонидан Киночилар уйида анъанавий “Олтин Ҳумо” миллий киномукофотининг навбатдаги тантанали маросими бўлиб ўтди. Мазкур миллий кино тақдимотига хорижий меҳмонлар, ижодкорлар, мутахассислар, блогерлар ва ёшлар ташриф буюришди. Маросим аввалида киноюлдузлар ва ижодкорлар анъанавий қизил йўлакчадан ўтишди.

Тақдимот ўзбеккино соҳасида йил давомида амалга оширилган ишлар акс этган махсус видеоролик намойиши билан бошланди. Шунингдек, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Киноматография агентлиги бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов, Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчоновлар  сўзга чиқиб, ташриф буюрганларни миллий кино тақдимотининг байрам шукуҳи билан муборакбод этдилар.

Тадбир давомида ўтганлар хотираси ҳам алоҳида ёдга  олинди. Ўзбек киносининг дарғалари тасвирларда яна бир бор эсланиб, сўнгра МДҲ давлатлари томонидан ташриф буюрган меҳмонлар билан таништирилди.

Ташкилотчилар ва иштирокчилар томонидан Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировнинг кино фаолияти ҳам алоҳида эътироф этилганлиги қувонарли ҳол бўлди. Шундан сўнг элимиз суйган санъаткор “Темир хотин” фильмидаги саунтрекини ижро этиб, ташриф буюрганларга ўзгача кўтаринкилик бағишлади.

“Олтин Ҳумо” миллий кинотақдимоти қуйидаги номинациялар бўйича ўз эгаларига топширилди:

  • Энг яхши ҳужжатли фильм: “Халқ жасорати”, режессёр Али Ҳамроев;
  • Энг яхши анимацион фильм: “Автосаргузаштлар 4”, режессёр Абдулатиф Ҳайдаров;
  • Энг яхши компьютер графикаси: “Ибрат” фильми учун Дилшод Латифҳўжаев;
  • Энг яхши кино бастакори: “Рангсиз тушлар” фильми учун Убайдулла Каримов;
  • Энг яхши монтаж иши: “Тенгиз” фильми учунХуршид Алиҳўжаев;
  • Энг яхши грим рассоми: “Илҳақ” фильми учун Зилола Собирова;
  • Энг яхши либос бўйича рассос иши: “Илҳақ” фильми Зуҳра Ғаниева;
  • Энг яхши рассом иши: “Қўқон шамоли” фильми учун Исобек;
  • Энг яхши овоз режессёри: “Илҳақ” фильми учун Анвар Файзуллаев;
  • Энг яхши сценарий: “Рангсиз тушлар” фильми учун Умид Ҳамдамов;
  • Энг яхши операторлик иши: “Илҳақ” фильми учун Дилором Каримова;
  • Энг яхши режессёрлик иши: “Рангсиз тушлар” фильми учун Аюб Шаҳобиддинов;
  • Энг яхши аёл роли: “Илҳақ” фильми учун Долором Каримова;
  • Энг яхши эркак роли: “Ибрат” фильми учун Карим Мирҳодиев;
  • Томошабин меҳрини қозонган фильм: “Қор ёғмоқда оппоқ қор”, режиссёр Рихсивой Муҳаммаджонов;
  • Йилнинг энг яхши фильми: “Илҳақ” фильми учун режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов;

Тақдимотда Маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков “Санъатдан бахтини топганлар” номли қўшиғини ижро этиб, йиғилганларни ҳушнуд қилди.

Киносанъатининг ўзига хос қонун-қоидалари асосида яратилган экран асарлари намойиши давомида томошабин кино қаҳрамон яшаб турган маконда у билан бирга нафас олади, дардлари ва шодликларига шерик бўлади. Ана шундай киноасарларнинг эса умри узоқ бўлади. Миллий кино тақдимотлари киноижодкорлар учун ижодий кўтаринкилик бағишлаб, улар томошабин эътиборини қозонадиган, ана шундай “умри узоқ” асарларни кўпроқ яратсалар, ажаб эмас.

Шаҳло АБДУРАҲМОНОВА,

“ISHONCH”