Ҳурматли кашанда биродарлар!
Яқинда бир газетада нос ҳақида мақола ўқиб қолдим. Унда муаллиф носнинг сигаретага нисбатан тиббий афзалликлари ҳақида сўз юритиб, ўз фикрини илмий ва ҳаётий далиллар билан асослаб беришга уринган.
Очиғи, ўша мақоладан сўнг мен ҳам нос маъқулми ёки сигарет дея ўйланиб қолдим. Шу десангиз, тунов куни сигарет чекаётиб, бехосдан носнинг сигаретадан бир қанча афзалликлари борлигини кашф этдим-қўйдим.
Қанақа кашфиёт, дейсизми? Жуда зўр! Фақат эшитишга шошилманг-да, оғайни. Олдин битта-битта чеки-и-иб олайлик. Кейин ҳаммасини «от и до» айтиб бераман. Маъқулми? Ҳа, бу бошқа гап. Қани, чекишдан олинг-чи…
Шундай қилиб, оғайнилар, ҳозирча ақлим етгани қуйидагилар: биринчидан, нос сигаретадан анча арзон. Агар ишонмасангиз, ана, бозорга боринг.
Иккинчидан, нос чекиш учун жой танланмайди. Унча-бунча жойда бемалол чекса бўлади. Фақат шу, биргина туфлаб ташлаш муаммоси ҳал этилса, бас. Хумори тутган вақтда сигарет чеколмайдиган кашандаларга алам қилсин… йўғ-е, уларга ҳамдардлик билдираман.
Учинчи «кашфиёт» шуки, нос чекиш учун ҳеч вақо, сигарет чекишга эса олов керак. Ҳожибой Тожибойнинг сигарет чекиш мақсадида кечаси шам кўтариб, гугурт қидирган танишини бир эсланг. Ҳа, шунақа. Керакли пайтда гугурт топилмаса ҳам қийин. Буям кичик бир муаммо.
Тўртинчидан, зарур бўлганда бир дона сигаретани 5-10 кашанда «баҳам» кўриши мумкин. Аммо нос тилнинг тагига тушдими, тамом, у сизники. Ҳеч қандай «қолдиринг», «чекишайлик»ларга ўрин қолмайди.
Бешинчидан, нос чекувчи биродарларимиз нос харид қилишда имтиёзга эга экан. Яъни, улар олиш-олмаслигидан қатъи назар (пули бўлса, албатта олади), бир отим носни текинга чекиб кўришлари мумкин. Бир дона сигаретани бепул чекиб кўринг-чи, сотувчидан нақ балога қоласиз…
Олтинчидан, шу нос қурғур анча «баракали». Яъни, уч-тўрт сўмлик носни камида бир ҳафта чекиш мумкин. Аммо, фалон сўмлик бир қути сигаретани бир кунга етказмай «кул қиладиган»лар ҳам кўп.
Э-э, хуллас, кимга маза, нос чекувчиларга маза экан-да…
Ҳозирча шу. Қолганини носга ўтганимдан сўнг, ўша савилни тил тагига ташлаволиб, бафуржа гаплашамиз. Энди битта чектиринг. Раҳмат, биродар. Ҳечам сигаретага зориқиш нималигини билманг.
Маслаҳатим шу: носга ўтинг. агар носнинг қандай тайёрланиши ва унга нималар қўшилишини билсангиз эди…
Энг яхшиси, чекмаган маъқул.
Прим ПАПИРОСнинг
айтганларини ёзиб олувчи
Алижон АБДУРАҲМОНОВ
