ОПВга қарши эмлаш

2147

ёхуд хавфли хасталикни енгиш учун синалган усул

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда онкологик касаллик­ларга чалиниш кўрсаткичлари йил сайин ўсиб бормоқда. Айниқса, кўкрак бези, меъда, ўпка ва бачадон бўйни саратони энг кўп учраётган хасталикларга айланмоқда.

Бачадон бўйни саратони олдини бутунлай олиш мумкин бўлган ягона онкологик касалликдир. Унинг энг муҳим шарти – хасталикни эрта аниқлаш, ташхислаш, айниқса, ўсмир ёшдаги қизларни режали эмлаш зарур. Бу эса касалланиш ва ўлим ҳолатларини бартараф этишга ёрдам беради.
Яна бир далил: папиллома вирусининг 200 дан ортиқ тури мавжуд. Уларнинг 13 таси онкологик касаллик­ларга сабаб бўлади. Хусусан, вирусга қарши ўз вақтида вакцина олинмаса, хунук оқибатларни келтириб чиқаради. 16- ва 18-типлари бачадон бўйни саратонига олиб келади. Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бачадон бўйни саратонини бартараф этишни тезлаштириш бўйича глобал стратегиясида 9-14 ёшдаги қизларни одам папиллома вируси (ОПВ)га қарши эмлаш тавсия этилган.
– Бачадон бўйни саратони тарқалиши бўйича жаҳонда аёлларда учрайдиган рак касалликлари орасида тўртинчи ўринда туради, – дейди Республика санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бош мутахассиси Хурсаной Жамолова. – Мамлакатимизда бу хасталик барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринни эгаллайди. Ўлим кўрсаткичи бўйича эса барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон бези саратонидан кейин учинчи ва туғиш ёшидаги аёллар орасида иккинчи поғонада қайд этилади. Ўзбекистонда ўртача 1700 нафарга яқин аёлда ОПВ сабабли бачадон бўйни саратони касаллиги аниқланмоқда. Шунинг учун ҳам ушбу вирусга қарши эмлаш ишларини олиб бориш касалликка қарши курашишнинг энг самарали усули ҳисобланади. Бироқ бу жараёнда қўлланиладиган вакцинанинг нархи анча қимматлиги туфайли аксарият давлатларда эмлаш пулли асосда бажарилади. Бизнинг юртимизда эса ўсмир қизлар давлат ҳисобидан бепул эмланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, бундай вакциналар хотин-қизларнинг соғлом ва узоқ умр кўришини таъминлайди. Шу боис 102 та мамлакатда миллий эмлаш дастурига 9 ёшдан бош­лаб қизларни эмлаш киритилган. Ўзбекистон ҳам 2019 йилдан эътиборан ана шу давлатлар сафига қўшилди. Ҳозир диёримизда 12-14 ёшли қизлар ўртасида эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Чунки айнан шу ёш оралиғида вакцинадан сўнг иммунитет энг кучли шаклланади. Бунинг учун жойларга, эҳтиёжга қараб, 1 миллион 400 минг доза ОПВ вакцинаси ва шприцлари етказиб берилган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг маълум қилишича, бундай вакциналарнинг 270 миллиондан ортиқ дозаси 102 давлатда қўлланилган. Юртимизга Нидерландиянинг «Мерк» корхонасида ишлаб чиқарилган 1 миллион 400 минг доза «Гардасил» вакцинаси олиб келинган ва яроқлилиги текширилиб, тасдиқланган.
Шу ўринда яна бир маълумотни айтиб ўтиш жоиз. Айни кезларда республикамиздаги вакцинация жараёнлари 3 минг 138 та эмлаш пунктида амалга оширилмоқда.
– Ҳар йили юртимизда 16 ёшгача бўлган болаларда миллий эмлаш календарига мувофиқ, ­дифтерия, шол, кўкйўтал, қоқшол, вирусли гепатит В, қизамиқ, қизилча, сил ва ротавирусли инфекция каби 13 турдаги бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши вакцинация тадбирлари ўтказилмоқда, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим бошлиғи Дилором Турсунова. – Шунингдек, 2019 йилдан 9 ёшли қизларни 6 ой оралиқ муддат билан икки марта папиллома вирусига қарши эмлаш тадбирлари амалиётга татбиқ этилган. Жорий йилда юртимизда 12-14 ёшли қизларни 1-доза билан, 2022 йилда 2-доза билан эмлаш белгиланган. Шу тариқа мамлакатимиздаги 14 ёшгача бўлган қизларнинг барчаси ОПВга қарши эмланади.
Дилором Турсунованинг уқтиришича, одам папиллома вируслари гуруҳи инсон танасининг турли қисмлари шиллиқ қобиқларига жиддий шикаст етказади. Унга қарши эмланиш эса 90 фоиз ҳолатда бачадон бўйни саратонининг олдини олиш имконини беради.
Тўғри, бошқа вакциналар сингари ОПВ вакцинаси ҳам жуда кам ҳолатларда енгил ножўя таъсир қилиши мумкин. Жумладан, эмланишдан сўнг баъзан инъекция ўрни қизариши, шишиши, оғриши кузатилади. Айрим қизлар бош оғриғи, тана ҳароратининг бироз кўтарилиши ёки умумий ҳолсизликдан шикоят қилишлари мумкин. Бироқ бундан хавотирга тушиш керак эмас. Негаки, қўлланиладиган вакциналар бутунлай хавфсиз.

Обиджон БЎТАЕВ