Қалби қайноқ, шижоати баланд ёшлар – учинчи ренессанс бунёдкорлари

1242

«Mенинг Президентим» ижодий ишлар танловининг
республика босқичи ғолиблари тақдирланди

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор
Қудратилла Рафиқовнинг «Менинг Президентим» ижодий ишлар танлови ғолибларини тантанали тақдирлашга бағишланган маросимдаги табрик сўзи

Ассалому алайкум, азиз фарзандларимиз, меҳрибон устозлар ҳамда ҳурматли меҳмонлар, қадрли ҳакамлар ҳайъати аъзолари!
Бугунги тадбиримизда иштирок этаётган барча зукко ва билимли ўғил-қизларимиз – «Менинг Президентим» ижодий ишлар танловининг республика босқичи қатнашчилари ҳамда уларнинг устозлари ва ота-оналарини айни шу муваффақият билан чин қалбимдан ­табриклайман.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат ­Миромонович Мирзиёев таълим масаласини давлат сиёсати даражасига кўтарганларидан барчамиз яхши хабардормиз.
Давлатимиз раҳбари шу йил Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида «Эндиги муҳим вазифамиз – мана шундай фарзандларимиз орасидан янги авлод Берунийларини, Ибн Сино ва Улуғбекларини, Хоразмий ва Фарғонийларини тарбиялаб, вояга етказишдан иборат», дея таъкидладилар. Дарҳақиқат, буюк алломалар эътироф этганидек, Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади ва нажот фақат ва фақат билимдадир!
Айни шу мезонларга таяниб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорликда мактаб ўқувчилари ўртасида сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар моҳиятига бағишланган «Менинг Президентим» ижодий ишлар танловини ўтказишга қарор қилди.
Ҳа, Ўзбекистон Юртбошимиз раҳбарлиги остида улкан янгиланишлар мамлакатига айланди. Буни бутун дунё эътироф этмоқда.
Бугунги ўзгаришлар ёшларимиз, фарзандларимиз қалбида қандай акс-садо бермоқда? Улар келажак эстафетасини қабул қилишга қанчалик тайёр? Хўш, улар бугун нималар ҳақида фикрлашмоқда?
Бизни айни шу саволлар қизиқтирмоқда эди. Бугун ушбу танловни якунлаш ва ғолибларни тақдирлаш учун йиғилдик.
Мен ушбу ҳаяжонли дамда танлов иштирокчилари бўлган ёшларга мурожаат қилмоқчиман.
Азиз фарзандларимиз!
Айни дамда сизлардан-да бахтиёр инсон бўлмаса керак. Аввало, Сизлар шу истиқболи порлоқ азиз юртнинг фарзандларисиз! Қолаверса, шу азиз Ватан равнақи, унинг эртанги куни учун ўзингизни дахлдор деб билмоқдасиз.
Буни биз мамлакат бўйлаб ўтказилган «Менинг Президентим» ижодий ишлар танловидаги фаолиятларингиз мисолида кўрдик, билдик.
Сизлар бугун ғолибсизлар, ўз тенг­қурларингиз орасидаги етакчи ва сардордир- сизлар. Бир сўз билан айтганда: ўз ақлу билимингиз билан юртимиз ёшларининг сардорлари эканликларингизни исботладингиз. Президентимиз айнан сиздек азиз фарзандлари тимсолида Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга қодир авлодни кўрмоқдалар.
Азиз дўстлар!
Бугун сизу биз гувоҳи бўлаётган танлов бош­­қа танловлардан анча фарқ қилади.
Янгича форматдаги ушбу танлов юртимиздаги тарихий ислоҳотлар ёшларимиз тафаккури ва қалбида қандай акс-садо бераётганини аниқлаб олишга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир.
Сир эмас, ҳозирги китоблар, илмий ва ­оммабоп рисолалар, мақолалар сифат ва савия жиҳатдан даражаси анча ошган.
Ёшлар орасида эса ушбу адабиётларга қизиқишнинг ортаётгани бизни бағоят қувонтиради.
Негаки, кўз ўнгимизда юз бераётган янгиланишларни теран идрок этиш ва уларга дахлдорлик туйғусини фарзандларимиз қалбида ҳозирданоқ шакллантириш биз учун ғоятда муҳим масаладир.
Жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойлари давомида ушбу танловнинг барча босқичлари ўтказилди. Мазкур танловда 9 872 та мактабдаги 600 минг нафарга яқин ўқувчи иштирок этди.
Улар орасида ўзбек тилидан ташқари рус, қорақалпоқ, тожик, туркман, қирғиз ва қозоқ тилларида ҳам иншо ёзган ўқувчилар борлиги, айниқса, кишини қувонтиради.
Бу эса шу азиз Ватанга миллатидан қатъи назар ҳар бир ёш авлоднинг меҳри беқиёс бўлиб ўсаётганидан далолатдир.
Азиз ёшлар!
Очиғини айтганда, мазкур танлов натижаларини нуфузли ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолаган бўлса-да, уларга бу ишни бажариш осон бўлмади.
Чунки ҳар бир ижод намунаси ўзига хос бир асар эди. Бир сўз билан айтганда, уларнинг аксариятини мухтасар пишиқ бир асар дейиш мумкин.
Бироқ, бу танловнинг ҳам ўз Низоми бор ва биз барча аълолар ичидан энг аълоларини ажратиб олишимизга тўғри келди.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бугунги мусобақада мағлуб йўқ, барчангиз ғолибсиз. Чунки, Ватани ва Миллати бахту ­саодати йўлида кўзи ёниб, юраги жўшиб турган инсонни ҳеч ким ва ҳеч нарса енга олмайди!
Шуларни инобатга олиб, биз ушбу нуфузли танловда иштирок этган ҳар бир ўқувчига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ноутбук совға қилишга қарор қилдик.
Ҳурматли меҳмонлар ва азиз ўқувчилар!
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни кириб келаётган Янги йил билан чин қалбдан ­табриклаймиз! Барчангизга сиҳат-саломатлик ­тилаб қоламиз.
Шу ўринда, шундай фарзандларни тарбиялаган ота-оналар ва устозларга ҳамда ижодий ишларни холисона баҳолаб борган ҳакамлар ҳайъати аъзоларига ҳам ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Эътиборингиз учун раҳмат!