Оналарнинг… барчаси она

1057

Ўқишдан қайтаётиб, метрога тушдим. Бўш ўриндиқлардан бирига ўтирар эканман, ногоҳон, рўпарамдаги аёл эътиборимни тортди. Ёмғир ёққан бўлишига қарамасдан, юпингина кийинган. Ёнидаги қизалоқ эса аёлнинг пинжига тиқилар, қўлларидан ушлаб олганди. Қизчанинг эгнида куртка, оёғида этик, хуллас, онасиникидан кўра башангроқ кийинган. Она эса ранги ўчган шим, териси бир оз кўчиб қолган плаш кийган, қўлида боғичи уринган сумка…

Бир пайт она сумкасидан ҳамёнини чиқариб, пулларини санай бошлади. У атроф­дагиларга эътибор бермас, фақат нималарнидир ўйлар, хаёлида олиши керак бўлган нарса учун маблағи етиш-етмаслигини ҳисоб­ларди, чамаси. Қизча эса хотиржам, аёлнинг бармоқларини ўйнаб, овози чиқар-чиқмас қандайдир қўшиқ хиргойи қилар, онасини ўйлантирган қандайдир ташвишлар унга мутлақо бегона эди.
Кўз ўнгимдаги бу ҳолатдан алланечук таъсирландим. Онамнинг бағрида эркаланиб юрган дамларим, болалигим, қишлоғим ёдимга тушиб кетди. Ва яна она-боланинг ҳолати, нимагадир пули етмаслигидан ўйланиб қолган аёл қиёфаси ўша куни кечгача кўз ўнгимдан кетмай юрди. Шунда онамни соғинганимни ҳис қилдим.
Она! У ким бўлишидан қатъи назар, фарзандининг суянган тоғи, бедор қалб эгаси. Уларнинг барчасида фарзандлари учун чексиз меҳр-муҳаббат бор. Барчаси ўз дилбандлари учун бир хил – ишонч ва меҳр-муҳаббат макони! Ва албатта, уларнинг бебаҳо хислатлари таъзимга лойиқ!

Унсиной АРЗИҚУЛОВА,
ЎзЖОКУ талабаси