ТАДБИРКОР ВА ХАРИДОР ЎРТАСИДАГИ ТИЛСИЗ ВОСИТАЧИ

819

ёхуд бизнесда бренднингаҳамияти қанчалик муҳим?

Бизнесда муваффақият қозонган барча компания­лар тинимсиз изланишлар сабаб шу даражага кўтарилган. Бренд – компаниянинг ташриф қоғозидир. Таниқли белги ёки ном компания тарихи, тажрибаси, бозордаги нуфузи, маҳсулот сифати, харидор ишончи ва ниҳоят, имижи ҳақида сўзлайди. Демак, бренд – тадбиркор ва харидор ўртасидаги тилсиз воситачи.

«Аmazon» корпорациясининг бренд нархи 221 миллиард АҚШ долларига, «Google» бренди 160 миллиард, «Apple Cо.» бренди 141 миллиард, «Microsoft Cо.» бренди 117 миллиард, «Samsung» бренди 94 миллиард АҚШ долларига баҳолангани бренднинг халқаро бозорда қанчалик муҳимлигидан далолат.
Бугунги кунда миллий корхона ва фирмаларимиз товар белгиларининг бор-йўғи 72 таси халқаро рўйхатдан ўтказилган. Мамлакатимизда 2001 йилда янги таҳрирда қабул қилинган «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги қонунда ушбу тушунчага ҳуқуқий таъриф берилган. Унга кўра, товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси бир юридик ва жисмоний шахслар товарлари ва хизматларини бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг шу турдаги товарларидан фарқлаш учун хизмат қиладиган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган белгилардир.
Айтиш мумкинки, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни ният қилган ҳар бир юридик ёки жисмоний шахс ўзига тегишли маҳсулот ёки хизматнинг қонуний муҳофазасини амалга ошириши, келажакда ушбу маҳсулот ёки хизматнинг узоқ йиллар давомида харидорларга ишончли хизмат қилиши, ҳақиқий рақобатбардош ва халқаро стандартларга жавоб берадиган маҳсулот ёки хизмат яратиш учун кафолат сифатида муҳим роль ўйнайди.
Шундай экан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ёки хизматлар ҳар томонлама сифатли ва асл бўлиши, экспорт бозорида муносиб ўрин эгаллаши учун ҳам ҳар бир тадбиркорнинг маҳсулот ёки хизмат кўрсатиш белгиси давлат рўйхатидан ўтказилиши ишончли тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Моҳинур БАҲРОМОВА,
ТДЮУ ўқитувчиси,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори