Шу йил 8 январь куни мамлакатимизда илк бор коронавируснинг «Omicron» штамми аниқланди.
Вазиятдан келиб чиқиб, айни пайтда жорий қилинаётган чекловлар ҳақида Махсус комиссия, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан етарлича маълумотлар берилаётганига қарамай, аҳоли орасида «Яна карантинга қайтарканмиз-да…», деган ваҳималар «болалаяпти».
Хўш, бундай гаплар нечоғли асосли? Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Махсус комиссия бошчилигида АОКАда ташкил этилган матбуот анжуманида бу ҳақда батафсил маълумот берилди.
Бошқа штаммлардан фарқи
Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, бу штамм фавқулодда тез тарқайди. Аммо анча енгил кечади. Бурун оқиши, томоқ қичиши, йўтал тутиши, ҳолсизлик каби белгилари бор. Уни юқтирган инсон узоғи билан уч-тўрт кунда буткул соғайиб кетади. «Omicron» фақат ёш болалар ҳамда сурункали касаллиги бор шахсларда оғир кечиши мумкин. Мазкур штаммга ҳам ҳозиргача амалда қўлланилаётган вакциналар юқори даражада таъсир ўтказа олади ва унинг юқувчанлигини камайтиради.
Мамлакатимизда «Omicron» штамми аниқланган хорижлик фуқаро билан бир самолётда келган барча йўловчилар карантинга олинган. Улардан 130 нафар ўзбекистонлик фуқаролар уй шароитида, 70 нафар хориж фуқароси эса меҳмонхонада назорат остида.
Карантинга қайтамизми?
Мутасаддиларнинг баёнот беришича, ҳозирча мамлакатда қайта карантин жорий қилишга зарурат йўқ. Фақат бунинг учун ҳамма касалликка қарши эмланиши керак. Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳеч ким мажбурий эмланмайди. Мазкур жараён тиббий хулосага биноан амалга оширилади.
Ўқиш онлайн бўладими?
Қишки таътил муддати ниҳоясига етгач, ОТМ ва мактабларда таълим жараёни аввалги ҳолатда давом этади. Онлайн форматга ўтказилмайди. ОТМдаги якуний назорат имтиҳонлари ўз вақтида ташкиллаштирилади.
Жаримага тортилмайди, аммо…
Масъулларнинг изоҳ беришича, тиббий ниқоб тақмаган фуқаролар ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари томонидан огоҳлантирилади ҳамда тиббий ниқоб берилади. Хуллас, жаримага тортилмайди. Аммо бу билан бемалол ниқобсиз юрсак ҳам бўлавераркан-да, деган хаёлга бормаслик керак.
Махсус комиссия маълумотларига қараганда, шу вақтгача икки юз мингдан ортиқ аҳоли коронавирус билан оғриган. Шундан 1497 нафар бемор кўрилган чораларга қарамай, вафот этган. Айни вақтда шифохоналарда 2 мингдан ортиқ фуқаро шу касаллик билан курашмоқда. 190 нафардан ортиғининг аҳволи оғир.
Айни дамда мамлакатимизда 9,1 миллион дона захира вакцина мавжуд. Шифохоналарда захира ўринлари етарли даражада. Муҳими, вазият қаттиқ назоратга олинган. Ҳозирча ортиқча хавотирга ўрин йўқ.
Шундай бўлса-да, эҳтиёткорлик ва мутасаддилар талабларига қатъий амал қилиш, айниқса, вакцина олиш касалликни енгишнинг энг самарали усули эканини унутмаслигимиз шарт!
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»
