ЖАНАОЗЕНДА БОШЛАНГАН ОҚИМ ҚАЙ ЎЗАНГА БУРИЛДИ?

16125

ёхуд Ўзбекистонда Қозоғистондаги воқеаларга ҳеч ким бефарқ эмас

Ўзи нималар бўлди?
Марказий Осиёнинг энг барқарор ва иқтисодий жиҳатдан бақувват мамлакати ҳисобланган Қозоғистон кутилмаганда аланга ичида қолди. 2022 йилнинг 2 январида Манғистов вилоятига қарашли Жанаозен шаҳри аҳолиси суюлтирилган газ нархининг 50 тенгедан 120 тенгега (қарийб 3 минг сўмга) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий ­митингга чиқди. Ўша кез тинч бошланган намойиш бир неча кун ўтиб қонли тўқнашувларнинг дебочасига айланишини ҳеч ким кутмаган эди.
Ҳукумат намойишчиларнинг талабини қондирди – Манғистов вилоятида газ нархи литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Аммо аланга учқунлари мамлакатнинг кўпгина қисмига ёйилиб улгурганди. Иқтисодий талаблар ортидан ­сиёсий талаблар бўй чўзди. Тинч намойишга чиққанлар орасида мамлакатда тартибсизликлар келтириб чиқаришга, зўравонликка, қурол ишлатишга мойил ва шубҳасиз, қайсидир кучлар томонидан бошқарилаётган ёшлар кўпайиб борди.
4 январда Олмаота шаҳрида ҳам тартибсизликлар бошланди. 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузган 200 нафардан ортиқ кишини қўлга олди.
Худди шу куни Қозоғистон ҳукумати истеъфо берди. Шунингдек, Қозоғис­тоннинг Биринчи Президенти – Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини эгаллаган Президент Тоқаев мамлакатда вазият издан чиқаётганини сезгач, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)дан ёрдам сўради. Бунга жавобан Қозоғистонга ­тинчликпарвар кучлар киритилди. Тинчликпарвар кучлар асосан мамлакатнинг стратегик муҳим сиёсий, ижтимоий объектларини қўриқлашга киришди.
Ҳозирги кунга келиб, Қозоғистондаги вазият нисбатан барқарорлашган. Аммо аксилтеррор операциялари ҳануз давом этмоқда.
9 январь куни оммавий ахборот воситаларида берилган маълумотларга қараганда, Қозоғистондаги тартибсизлик­ларда 164 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 2200 нафардан ортиқ одам шифохонага мурожаат қилган. Бироқ Қозоғистон ССВ бу рақамлар ҳақиқатга мос эмас, деган баёнот билан чиқди.
Бу – минтақа учун ўта жиддий ­воқеанинг жуда қисқа хронология­­си. Тафсилотларни эса бутун дунё хавотир билан кузатиб бормоқда.

Сиёсатшунослар нима дейди?

Дунёнинг кўплаб сиёсатшунослари Қозоғистон фожиасини турлича таҳлил ва талқин этяпти. Бировлар ­воқеаларнинг бундай тус олишида ташқи кучларни, бировлар эса ички кучларни айбламоқда.
Кимдир Қозоғистонни зир титратган ушбу воқеаларга коррупция, иқтисодий муаммолар, жамиятдаги тенгсизлик, адолатсизлик сабаб деса, кимдир бунда сиёсий элитанинг ҳокимият талашишини, ҳатто қудратли давлатлар қўлини кўрмоқда.
Қозоғистонга КХШТ тинчликпарвар кучларининг киритилиши ҳам дунё сиёсатшунослари томонидан турлича баҳоланмоқда. Чиқарилаётган хулосалар жуда кўп. Уларнинг баъзиларини эътиборингизга ҳавола этамиз:
1) Қозоғистон кўпвекторли сиёсатдан воз кечган бўлиб, кўпроқ ён қўшниси Россия таъсир доирасида;
2) Қозоғистон келажаги сиёсий элитанинг ушбу фожиадан чиқарган хулосасига боғлиқ, яъни, мамлакат сиёсати қай томонга қараб ўзгаради: демократик тамойилларга асосланган туб ­сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ислоҳотларга юз бурадими ёхуд бунинг аксими;
3) Қозоғистондаги воқеалар Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг самарали фаолиятига жиддий зарба беради;
4) Қозоғистондаги вазият барқарорлашади, аммо умумий вазият узоқ вақт хавф-хатардан холи бўлмайди…
Сиёсат илмини соҳа мутахассисларига қўйиб берамиз-да, қозоғистонлик сиёсатшуносларнинг воқеалар ривожига нималар туртки бўлгани ҳақидаги фикрларига қулоқ тутамиз.

Марат Шибутов,
сиёсатшунос:

– Қозоғистондаги сўнгги воқеалар 2018 йилда Россияда рўй берган воқеаларга ўхшаб кетади. Фақат Россия­даги тартибсизликларга бензин қимматлашгани сабаб бўлган бўлса, бизда – газ нархи. Бунга мамлакатдаги умумий вазиятдан норозилик ҳам қўшилди.
Кўриниб турибдики, намойишчиларни бошқараётган қандайдир ички қўл бор. Менимча, бу ерда кўп нарса аралашиб кетган: ковид, иқтисодий муаммолар, қурғоқчилик, умумий инфляция. Ҳаммаси йиғилиб, портлаган. Ҳукуматга ишонч даражаси атиги 20 фоизни ташкил этади. 2017 йилда у 60 фоиз атрофида эди.

Дўсим Сатпаев,
сиёсатшунос,
Рискларни баҳолаш гуруҳи директори:

– Бу – классик ижтимоий портлаш. Унинг сабаблари бир неча йиллар давомида йиғилиб бораверган. Ташқаридан қараганда, гап газ нархининг ошишидадек гўё. Аммо бу фақат сабаб, холос. Шунчаки, Қозоғистон аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ёмон эканидан норозилик даражаси юқори.
Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан солиштирганда, Қозоғистон ҳамиша муваффақиятли давлат сифатида эътироф этилган. Аммо бу шунчаки ташқи таассурот. Мамлакат аҳолисининг каттагина қисми қашшоқлик ботқоғига ботган. Коронавирус эпидемияси туфайли унинг кўлами янада ортди. Қозоғистондаги 6 миллион боланинг 1 миллиони кам таъминланган оилаларда яшайди.
Ҳозир, айниқса, мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан кўпчилик савол бермоқда: шу 30 йил ичида нималарга эришдик?
Мамлакат олигархик самарасиз иқтисодиётга эга классик авторитар тизимни яратди. Қозоғистон сиёсий элитасида ҳар доим профессионалликдан кўра кўпроқ садоқат қадрланган. Ушбу салбий танлов мамлакатда ҳукуматнинг барча даражаларида, шу жумладан, инқирозга қарши бошқарувда ҳам самарали менежерлар тақчиллигини юзага келтирди.
Оқибатда, инқироз юзага келганда, ҳукумат нима қиларини билмай, норозилик тўлқинини камайтириш учун популистик қарорлар қабул қила бошлайди ёки куч қўллайди. Буни ушбу воқеалар мисолида ҳам кўриб турибмиз. Илк намойишлар бош­ланганда, одамлар билан гаплашадиган бирорта обрўли сиёсатчи топилмади.
Қозоғистонда бирлаштирувчи куч, нуфузли мухолифат партияси йўқ. Шунинг учун ҳозирги барча норозилик ҳаракатлари стихия­­ли характерга эга.
Намойишга чиққанлар асосан ёшлар – мустақиллик авлоди. Агар Олмаота мисолида олсак, шаҳар чеккасидан намойишчилар кўп. Уларнинг аксарияти – ҳаёт байрамида ўзларини бегона ҳис қилаётган ёшлар. Уларнинг ҳозирги тизимда истиқболи йўқ. Бу ёшлар ҳозирги ҳукумат даврида яхши ўқишга, квартира сотиб олишга, оила қуришга қодир эмаслигини яхши тушунади. Улар – йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ аутсайдерлар…
Нима бўлганда ҳам, Қозоғистондаги вазиятнинг ёмонлашуви, терроризм, экстремизм, жиноий тўдаларнинг бош кўтариши, одамларнинг қўлига қурол олиб, тинчлик ва осойишталикка рахна солиши, босқинчилик, зўравонлик, мародёрлик ва вандализмнинг авж олишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Мамлакатлар тараққиётига болта урган, мисли кўрилмаган даражада зарар келтирган, жамиятни, оддий одамларни аросатда қолдирган бундай ҳолатларни бошқа давлатларда рўй берган рангли инқилоблар, давлат тўнтариш­лари, урушлар мисолида ҳам кўриб, билиб турибмиз. Беқарорлик ҳеч бир замонда халққа наф келтирмаган.

Ён қўшни – жон қўшни

Ўзбекистон қўшни қондош, жондош ва дўст мамлакатдаги беқарорликдан асло манфаатдор эмас. Аксинча, бутун Марказий Осиё минтақасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик, яхши қўшничилик муносабатлари тарафдори. Зеро, қўшнинг тинч – сен тинч. Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг турли давлат раҳбарлари билан телефон орқали ўтказган мулоқотлари, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг Қозоғистондаги воқеалар юзасидан берилган баёнотида ҳам алоҳида таъкидланди.
Қолаверса, бизни кўплаб иқтисодий лойиҳалар, қўшма корхоналар боғлаб турибди. Қозоғистон Ўзбекистоннинг Хитой ва Россиядан сўнг турадиган энг йирик савдо ҳамкори эканини унутмаслик керак. Қўшни мамлакатдан Ўзбекистонга катта ҳажмда нефть маҳсулотлари, дон, чўян, пўлат ва бошқа товарлар импорт қилинади. Мамлакатимиз эса Қозоғис­тонга автомобиль, мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилади. Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича, 2020 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3 млрд. долларни, 2021 йилнинг 11 ойида эса 3,53 млрд. долларни ташкил қилган. Ўтган йили Ўзбекистон Қозоғистонга 1 млрд. долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлса, 2,5 млрд. долларлик маҳсулотни импорт қилган.
Шунингдек, Қозоғистон Ўзбекистон учун Россия ҳамда бошқа Европа давлатларига асосий транзит йўлаги ҳамдир.
Демак, стратегик аҳамиятга эга бўлган товарлар импортидаги узилишлар, транзит йўлакларининг ёпилиши ҳамда Қозоғистон истеъмолчилари ва корхоналарининг импорт товарларга бўлган талабининг пасайиши Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир қилмай қолмайди.
Бу – масаланинг бир томони. Иккинчи томони – муштарак тарихга эга, тили ва дини бир қўшни мамлакатда ватандошларимиз – минглаб меҳнат муҳожирлари, талабалар бор. 600 минг нафардан зиёд миллатдошимиз ҳам шу заминни муқаддас ватан билиб, истиқомат қилади. Ана шу жиҳатдан олиб қараганда ҳам, ўзбек халқи дўст-биродар қозоқ халқига ҳамиша яхшилик истайди, ютуқларидан қувониб, кулфатларидан оғринади.

Хулосалар…

Энг аввало, Қозоғистондаги мудҳиш воқеалар ортда қолиб, тинчлик-барқарорлик тиклансин! Аммо ундан сабоқ чиқариш Марказий Осиё истеблишменти учун жуда муҳим.
Хулосалар эса жуда оддий: оқилона сиёсат, одамларни рози қилиш, уларнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ҳуқуқларини ­мустаҳкамлаш ва энг асосийси, мамлакат тинчлигини кўз қорачиғидек асраш зарур.
Мамлакатимиздаги барча ислоҳотлар, бунёдкорликлар, ўзгаришлар юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилмоқда – камбағалликни камайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, инсон ҳақ-ҳуқуқларини, сўз ва эътиқод эркинлигини таъминлаш каби долзарб масалаларда ижобий ўзгаришлар рўй бераётгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатга айланмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёев «Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди. Бизнинг меҳнаткаш, оқкўнгил, бағрикенг халқимиз бунга тўла ҳақлидир» дер экан, айнан шу ўзгаришларни назарда тутган бўлса, ажаб эмас.
Мухтасар айтганда, давлатнинг бош мақсади – халқи фаровон, иқтисодиёти ­мустаҳкам, ёшлари билимли, касб-ҳунарли, инсон қадри баланд Янги Ўзбекистонни бунёд қилиш. Бунинг учун эса тинчлик-­осойишталик, халқнинг донолигию бирдамлиги сув ва ҳаводек зарур!

Жаҳонгир НАҲАНОВ,
«ISHONCH»