– Вой, дугонажон, яхши бир хабарни эшитдингизми? – дея гап бошлади туз сўраб чиққан қўшним Фарида. – Анави, даҳамизга кираверишдаги «дом»да турадиган Азиза опа бор-ку, у отинг ўчгур пандемия даврида зўр иш қилибди. Анчадан буён ўтириб қолган уч қизини турмушга чиқариб, катта ўғлини уйлантирибди…
Ҳар яхшининг бир ёмони бўлганидек, ҳар ёмоннинг бир яхшиси ҳам бўлади. Инчунин, бир неча йилдан буён давом этаётган коронавирус деган бало-ю офат одамларга катта ғам-ташвиш ва кулфат келтириш билан бир қаторда, уларни ҳушёрликка, бир-бирига ҳамдард-ғамхўр бўлишга ва ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймасликка ўргатди.
Бизнинг аксарият ҳамюртларимиз ҳам карантин даврида жорий этилган тақиқ-чекловларга қатъий риоя этиб, тўй-маросимларни ихчам ва камчиқим қилиб ўтказишга одатланишди. Ҳатто келинни икки нафар янгаси билан карнай-сурнайсиз ва ижарага олинадиган қимматбаҳо келин либосисиз, миллий кўйлакда куёвнинг уйига олиб бориш ҳолатлари ҳам кўп кузатила бошланди. Жумладан, мен ўзим яшаётган маҳаллада ўндан ортиқ шунақа тўйлар ўтказилганининг гувоҳи бўлдим.
Шу ўринда яна бир ибратли мисол. Тадбиркорликка қўл урган Абдуллоҳнинг иши аввалига роса юришди. У салкам йигирмата дўкон очиб, бир неча кишини иш билан таъминлади. Табиийки, даромади ҳам меҳнатига яраша бўлди. Шу боис бирин-сирин вояга етиб келаётган фарзандларига данғиллама уй қуришга чоғланди. Бироқ орадан кўп ўтмай яқин дўстининг хиёнати туфайли савдоси ногаҳон касодга учраб, ўзи қарзга ботди. Оқибатда бошлаб қўйган қурилиши ўлда-жўлда қолиб кетди. Уни ҳали уйланмаган ўғиллари ҳамда ёши 30 дан ошган бўлса-да, оила қурмаган қизининг келгуси тақдири, тўйлар ўтказиш учун эса қўли калталик қилиши бир неча йиллар давомида қаттиқ ташвиш ва изтиробга солиб келди.
Буни қарангки, пандемия даврида Абдуллоҳга омад яна кулиб боқди. Шу йил ёзда узоқ вақт ғам-қайғу аримаган уйда карнай-сурнай садолари янгради. У ихчамгина тўй қилиб, қизини турмушга узатди. Ҳозир эса катта ўғлининг бошини иккита қилишга ҳозирлик кўряпти…
Энди ўз-ўзидан ҳақли савол туғилади: хўш, шу пайтгача камчиқим ва ортиқча дабдабасиз тўй қилиш учун бизга ким ёки нима халақит бераётган эди? «Пул кетса-кетсин, обрў кетмасин!» деган ножўя ақидага ихлос қўйганимиз учун ким айбдор? Ўзимиз эмасми?.. Юртбошимиз эл-улусни тўйларни олдиндан пухта режалаштириб, ноўрин сарф-харажатсиз ўтказишга, қудаларни бир-бирини қийнаб қўймасликка чорлаб, жон куйдирса-да, «орзу-ҳавас» дея ноўрин исрофгарчиликларга йўл қўйган ҳам сизу биз эмасми?
Ёки бошқа савол: орзу-ҳаваснинг чеки-чегараси бўладими? Бу ибора фақат тўй-томошаларга нисбатан ишлатиладими? Тўйдан сўнг қарз тўлаш кетидан айрим ёш оилаларнинг бузилиб кетаётгани қанчадан-қанча?!. Умуман олганда, бирон-бир қонун ёки китобда қурбинг етса-етмаса, қарзга ботиб бўлса ҳам, дабдабали тўй қилишинг шарт, деб ёзиб қўйилганми?..
Очиғини тан олайлик, карантин чекловлари сабабли камчиқим тўйлар қилиш, уларни «озгина-ю созгина» меҳмонлар билан ўтказиш бизга ёқиб қолди. Бу, айниқса, иқтисодий аҳволи бирмунча ночор камбағал оилалар учун жуда маъқул бўлди.
Дарвоқе, халқимизда «Кўрпангга қараб оёқ узат», «Бўйингга қараб тўн бич!» деган пурмаъно нақллар бор. Ҳадисларда эса Яратганнинг берганига шукр қилиб яшаш, ношукурлик қилмаслик лозимлигига доир ҳикматлар кўп учрайди.
Модомики, шундай экан, келинг, азизлар, орзу-ҳавасни чўнтагимизга қараб қилайлик. Тежамкорлик ва ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик борасида бошқаларга ва келажак авлодларга ибрат бўлайлик.
Дилором ХУДОЙБЕРГАНОВА,
«ISHONCH»
