ёхуд иккинчи жаҳон уруши даврида Афғонистондаги вазият билан боғлиқ воқеалар тарихига назар
Замон доимо ўзгариб туради, аммо халқлар, миллатлар турли шароитларда ҳам тинч-тотув яшашга интилаверади. Ўзбекистоннинг қўшнилари тўғрисида гап кетганда, «Сен тинч – қўшнинг тинч» нақлидан келиб чиқиб, дастлаб Афғонистон тушунилади.
Афғонистон давлати яратилибдики, унинг атрофида доимо сиёсий ўйинлар бўлиб келади. Ушбу ҳудуд Искандар Зулқарнайн давридан бошлаб то ҳозирга қадар ҳарбий ҳаракатлар майдонига айланиб қолмоқда.
Афғонистоннинг пойтахти Кобул ҳар замонда стратегик мавқени эгаллаган. Узоқ ва яқин тарихдан маълумки, бу мамлакат бойликларини ишғол қилиш ва унинг имкониятларидан фойдаланиш учун, аввало, Кобулга кўз олайтирилган. Англия, Эрон, чор Россияси, СССР ва АҚШ ҳам катта ҳарбий куч ва маблағ сарфлаб, уни эгаллашган, ўша ердан туриб, ҳукм ўтказиш йўли билан давлатни бошқаришган. XIX аср охирида инглизлар, ўтган асрнинг 70-йиллари ниҳоясида советлар ва яқин ўн йилда америкаликлар у ерда бўлишган. Бу ишғолларнинг ҳар бири алоҳида тарихга эга.
Биргина мисол. Чор Россияси савдо-сотиқни ривожлантириш мақсадида XIX асрнинг иккинчи ярмида Оренбург – Бухоро – Кобул карвон йўлига асос солган. Шу асно Бухорода олтита карвонсарой қурилган. Улардан энг каттаси Абдурашид савдогарники бўлиб, уч минг туяни қабул қилиш имконига эга бўлган. Қолганлари минг-бир ярим минг туяга мўлжалланган.
Биз Иккинчи жаҳон уруши йилларида Афғонистонда рўй берган воқеалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги Фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги полковник, тарихчи Худойберди СОҲИБОВ билан, архив ҳужжатларига асосланган ҳолда, суҳбатлашдик.
– Ҳурматли Худойберди Соҳибович, бугунги суҳбатимиз мавзуси учун Афғонистонни танлаганимиз бежиз эмас. Бу мамлакат янги даврни бошидан ўтказмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир неча бор таъкидлаб ўтганидек, Афғонистон масаласини ҳал этмай туриб, тинч ва юксак даражада тараққий этган Марказий Осиё ҳақида гапириб бўлмайди.
– Албатта, мамлакатимиз барқарор ва мустақил давлат ташкил топишидан манфаатдор. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 2021 йил октябрь ойида Афғонистондаги Муваққат ҳукумат аъзолари билан самарали мулоқот ўтказди. Вазир қайд этиб ўтганидек, Афғонистон нафақат хавф-хатар ва таҳдидлар, балки минтақавий конструктив ва яратувчан лойиҳаларга асос бўладиган янги имкониятлар манбаи бўлиб қолади.
Ўтган йил ёзда Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда ҳам Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланиши учун тўсиқ эмас, балки кўприк вазифасини ўтамоғи зарурлиги алоҳида таъкидланди.
– Афғонистон ҳар қандай даврда ҳам ўз геосиёсий жойлашуви нуқтаи назаридан хорижий давлатлар эътиборида бўлган. Бугун бу мамлакатнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги мавқеи ҳақида гаплашсак.
– 1939 йилгача Буюк Британиянинг Афғонистонга таъсири сезиларли даражада кучли бўлган. Уруш бошлангунга қадар Германия, Италия ва Япония давлатлари Афғонистон билан савдо-сотиқ орқали алоқалар ўрнатиб, бир қатор ривожланиш дастурларини амалга оширишган. Қўшни давлат Иккинчи жаҳон урушига аралашиб қолмаслик мақсадида уруш бошланиши биланоқ ўзининг нейтралитет мақомини эълон қилган ва уни 1945 йилгача сақлаб қолган.
Урушни бошлаган фашистлар Германияси етакчиси Гитлернинг нияти ниҳоятда катта бўлгани тарихдан маълум. У Афғонистон ҳудудида туриб, советларга қарши учинчи фронт очиш ва Ҳиндистонга ҳамла қилиш каби жиддий режалар тузган. 1941 йил апрелида Гитлернинг махфий топшириғига кўра, «Омонулла» коди билан тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, Германия қўшинлари, аввало, Афғонистонни батамом босиб олишни, кейин Ҳиндистон сари салб юриш ҳаракатини таъминламоқчи бўлган. Ҳисоб-китоблар бўйича немислар Вермахт ҳарбий қисмларини Ҳиндистон чегарасида жойлаштириб, Англияга қарши жиддий ҳаракат бошлашмоқчи эди.
Аввалдан режалаштирилган 17 та дивизияга кейинчалик Ўрта Осиёлик ҳарбий мусулмон асирлардан тузилажак «Турк дивизияси»ни ҳам қўшиш, Яқин ва Ўрта Шарқнинг мусулмон аҳолиси ўртасида тарғибот ишлари олиб бориш учун «ҳарбий муллалар» тайёрлаш мўлжалланганди. 400 десантчи Кобулни ишғол қилиши, шоҳ режимини қулатиш ҳам кўзда тутилганди. Бироқ немисларнинг Москва остонасидаги мағлубияти ҳамда Кавказдаги жанговар ҳаракатларнинг кучайтирилиши, кейинроқ эса Сталинград остонасидаги мағлубият фашистлар режаларини пучга чиқарди.
– Совет ҳукумати фашистлар бундай режаларини қачон амалга оширар экан, деб қўл қовуштириб ўтирмагандир?..
– Албатта, немис фашистларининг ҳар нафаси ва қадами имконият даражасида назоратга олинганди. Назарий иш Берлинда, амалий иш Кобулда олиб борилаётганди. Уруш йиллари собиқ Иттифоқнинг Афғонистон пойтахтидаги резидентурасида беш киши фаолият кўрсатарди холос. Улардан икки нафари техник вазифаларни бажарарди. Разведкачиларнинг шаҳарда бор-йўғи 15 нафар «ёрдамчиси» бўлиб, атиги 7 нафари анча самарали фаолият кўрсатарди. «Ёрдамчи»ларнинг миллий таркиби ҳам аралаш бўлиб, тожик ва ўзбек аслли афғон фуқаролари етти киши, поляклар ва руслар икки кишидан, француз ва швейцарияликлар эса бир нафардан эди. Улар асосан немисларга қарши иш олиб боришар, Кобулдаги чет эл колониялари ва Ўрта Осиё муҳожирлари орасида фаолият юритишар ва Афғонистондаги сиёсий вазият тўғрисида маълумотлар тўплашарди. Бундан ташқари, СССРга кўнгил қўйган ёлланма афғонлар ҳам бор эди.
– Немислар ниятларига эришиш учун қандай ҳаракатларни амалга оширишган?
– Тарихий ҳужжатларга қараганда, ўша кезлар Афғонистонда Европа давлатлари ичида энг кўп немислар колонияси тўпланиб қолганди, уларнинг сони 300 дан ортиқ эди. Мамлакатнинг деярли барча вазирликларида Германиядан келган маслаҳатчилар ишлар, афғон полицияси ва армиясида инструкторлар бўларди.
1939 йилда тузилган Битимга кўра, Германия Афғонистонда турли саноат ва қурилиш объектларида ишлаш учун юбориладиган мутахассисларнинг монопол ҳуқуқини қўлга киритганди.
1938 йилда афғонларга Германиядан ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа сотиб олиш учун фоизсиз кредит ажратилганди. Немис разведкаси, албатта, бу вазиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланган. Масалан, Кобулдаги «Нажот» номли лицей том маънода немис ҳукумати манфаатларига хизмат қилган. Унда дарслар тўла равишда немис тилида олиб борилган, ўқувчиларга дарсликлар ва муқовасига Гитлер расми туширилган дафтарлар бепул тарқатилган. Дафтарлар устига «Германия бутун дунёда ғалаба қозонади!», деб ёзиб қўйилган.
Германиянинг Афғонистондаги элчиси Пильгер уруш тугамасдан олдин асир олиниб, Москвага юборилади. Тергов жараёнида у «Германия миссияси афғон ҳукуматининг рухсати билан иттифоқдошларига қарши фаол пропаганда олиб борганини, бу иш Германиянинг Совет Иттифоқига ҳарбий ҳужумидан кейин янада кучайтирилганини» айтиб беради.
Иш шу даражага етиб борадики, совет ҳукумати Германия нейтрал мақомга эга Афғонистон ҳудудида фаоллигини кучайтиргани учун бу ҳукуматдан жиддий жавоб беришни талаб қилади. Ўз навбатида, расмий Кобул немисларнинг фаолияти совет чегарасидан 30 километрга қадар ҳудудда олиб борилмайди, деб жавоб беради.
Фашистлар Германиясининг Афғонистон давлати ва унинг ҳудудидан самарали фойдаланиш ниятини қуйидаги мисол тасдиқлайди. 1941 йилнинг 11 июлида Германиянинг Кобулдаги элчиси вазир Риббентроп топшириғига биноан қирол Зоҳиршоҳга Германия билан ҳамкорлик қилиш таклифини беради.
1 ноябрь куни юзга яқин Афғонистоннинг нуфузли қабила раҳбарлари, олий дин арбоблари ва ҳукумат вакиллари мамлакатнинг Олий кенгаши – Лоя Жирға мажлисига тўпланишади. Давлатнинг нейтралитет мақоми рўкач қилиниб, «Ҳеч қандай хорижий давлатга ҳеч қандай тарзда Афғонистоннинг бутун ҳудуди ёки унинг маълум қисмида ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириши ёки уруш давомида қандайдир имтиёзга эга бўлишига йўл қўйилмайди», деган қарор қабул қилинади.
– Демак, икки давлат орасида ўзаро ишонч бўлмаган экан-да…
– Аслида расмий Берлин Афғон ҳукуматига, Зоҳиршоҳ авлодига ҳеч қачон ишонч билдирмаган. Барча Нодиршоҳ авлодлари Англия томонидан «сотиб» олинган, деб ҳисобланган. Шунинг учун немислар ҳам Афғонистонни эгаллагач, Кобул ҳукуматини алмаштириш ва ўзининг қўғирчоқ раҳбарини тайинлашни режалаб қўйишганди.
Албатта, Афғонистон ҳукумати ҳам анойилардан эмас эди. Сталинград жанги мағлубиятидан кейин у ҳам Германияни жиддий қабул қилмай қўяди.
– 1943 йили урушда содир бўлган туб бурилишдан кейин Афғонистон Германиядан кескин юз ўгиришини табиий ҳол, деб қабул қилиш керак, албатта.
– Тўғри, аммо Германия қисқа муддатда афғонлар орасида «ўз одамлари»га эга бўлган. Манбаларда келтирилишича, Германиянинг ҳарбий разведка ташкилоти – Абвер Афғонистон амалдорлари орасида жуда самарали иш олиб борган, уларнинг ҳам кўпкишилик ва кўптармоқли «ёрдамчилари» бўлган. 1942 йилнинг 1 февралигача бўлган маълумотга кўра, Афғонистон армияси штаби бошлиғи Мустафохон, кавалерия бригадаси қўмондони Султон Аҳмадхон, ҳарбий вазирлик ҳузуридаги разведка бошқармаси бошлиғи Муҳаммад Аҳмадхон ва бошқалар тўлиқ Германия фойдасига «хизмат» қилишган.
Москвадаги тергов пайти элчи Пильгер таъкидлаганидек, бош вазир Ҳошимхон ва унинг ўринбосари Наимхон Германия ҳукуматига ва унинг Кобулдаги миссиясига нисбатан ниҳоятда илиқ муносабатда бўлади. Сталинград учун қақшатқич жанглар давом этаётган бир пайтда Наимхон Пильгерни қабулига чақиради. «Афғонистон ҳукумати Германия сиёсатини тўла қўллаб-қувватлайди ва немис ҳукуматига ҳарбий куч билан кўмак беришга тайёрлигини билдиради», деб баёнот беришга ҳам улгурган эди ҳатто…
Ўрни келгани учун янада бир муҳим тарихий воқеани айтиб беришни лозим кўрдим.
1943 йил ёзига келиб, фашистларнинг мағлуб бўлиши яққол сезилиб қолади. Шунда Абвернинг Афғонистондаги резиденти Расмусни советларга оғдириб олиш фикри туғилади.
Ўрта Осиё ва Ҳиндистонга режаланган уруш буткул амалга ошмагани рўкач қилиниб, Давлат хавфсизлик наркомидан Расмус бўйича иш олиб боришга рухсат олинади. Расмус билан суҳбат давомида Берлиннинг минтақа давлатларини босиб олишдек ниҳоятда йирик режаси барбод бўлгани, шунингдек, резидентга совет разведкаси қўлга киритган маълумотларни, хусусан, Кобул ва Деҳли бўйича амалга оширилиши учун берилган йўриқномалар ва бошқа ҳужжатларни кўрсатиш мўлжалланади.
Режа юқори даражада тасдиқланади. Уни амалга ошириш учун Германия давлати бўйича йирик мутахассис, разведкачи Александр Коротков раҳбар этиб тайинланади. Кобулда фаолият кўрсатаётган разведкачи М.Аллахвердов унга ёрдамчи бўлади.
1943 йил октябрь ойида Расмус билан учрашув ўтказилади, ўзини полковник Михайлов деб таништирган А.Коротков суҳбатни бошлайди. Архив ҳужжатида қайд этилишича, у немис резидентига шундай дейди:
«Авваламбор, мана шу ҳужжатлар ва буюмлар билан танишиб чиқишингизни сўрайман. Вазиятни совуққонлик билан ва тўғри баҳолашингизга умид билдираман. Бу ҳужжат ва пуллар Сизнинг диққатсизлик ва қўпол хатоингиз туфайли бизнинг қўлимизга тушиб қолган. Мана бу – рация. Радиоалоқанинг матнини ўқийдиган шифрлар ва кодлар. Бу ҳам Сизнинг айбингиз туфайли… Тўғри, ҳамма хато қилиши мумкин. Аммо Сизнинг барча хато ва нотўғри ҳисоб-китобларингиз бизга булардан ўз манфаатимиз йўлида фойдаланишга имкон берди. Бундан баттар бўлиши мумкин эмас. Бу ғирт хиёнатнинг ўзи! Бу Германиянинг душманларига бевосита ёрдам бериш билан баробардир. Бундай «кўмак»ни биз Сиздан мунтазам олиб турганмиз. Биз бу ҳужжатларнинг аслини Берлинга юбориб, Сизни шарманда қилишимиз мумкин. Раҳбариятингиз бунинг учун Сизни ҳеч қачон кечирмаслиги аниқ!».
Гарангсираб қолган Расмуснинг ўзига келишини кутиб турмай, монолог давом эттирилади:
«Германия яқин орада урушдан мағлуб бўлиб чиқади. Сиз Абвер резидентини Берлин авф этган тақдирда ҳам ғолиблар ўтказадиган суд жараёнида иттифоқдош давлатларга қарши жосуслик фаолияти олиб борганингиз учун жавобга тортиласиз. Ҳозиргина ўзингиз кўрган ва биздан эшитган гапларга асосланиб, Сизга бир чиқиш йўлини таклиф эта оламиз. Биз билан ҳамкорлик қилинг! Эвазига Сизга самимий дўстлик ва урушдан кейинги Германияда муносиб иш топиш кафолатини берамиз!».
Доим ўзини совуққон тутган ва ўзига ўта ишонган Расмус роса калтак еган кишидек эс-ҳушини йўқотиб, тили калимага келмай қолади. Бир оздан сўнг ўзига келиб, «Ҳозир сизларга тайинли гап айтишга ҳолим йўқ. Мени тўғри тушунинглар. Шунинг учун айтилган таклифни диққат билан ўрганиб чиқишим учун менга вақт керак», дея суҳбатдошларига ёлвора бошлайди. Шунингдек, ёзма жавоб тайёрлаб, уни яқин орада ўзи яшаётган хонадон соҳибидан бериб юборишга ваъда беради.
– Йўқ, Расмус, қатъиян йўқ! Жавобни ўзингиз берасиз. Шахсан. Ҳозироқ, шу ернинг ўзида, – дейди «полковник Михайлов» ниҳоятда кескин равишда.
– Хўп, жавобни ўзим бераман. Фақат индинга шу ерга келишни ваъда қиламан!
Расмус сўзи устидан чиқмайди ва бир неча кундан кейин яширин тарзда Кобулдан чиқиб кетиб, Берлинга етиб боргани тўғрисида гап-сўзлар тарқалади. Алқисса, унинг кейинги ҳаёти номаълум бўлиб қолади.
– Уни қидириш ишлари давом эттирилмаганми?
– Давом эттирилган, Германия ва Австрия тинтиб чиқилган. Аммо вафот этганлар ва ярадорлар рўйхатидан, ҳарбий асирлар ва фуқаролар ичидан ҳам топилмайди. Унинг изига тушган «Смерш»нинг бутун саъй-ҳаракатлари зое кетади. У ўзини отиб ўлдирган ёки махсус хизматлар томонидан гумдон қилинган, деган фаразлар ҳам бор. Ўша вақт тахминларига кўра, ҳар ҳолда, Англия разведкаси Расмуснинг «изи»ни йўқотиш учун уни Европа ёки Жанубий Америкага чиқариб юборган бўлиши мумкин.
– Бир суҳбатимизда биринчи ўзбек разведкачиси Баҳром Иброҳимов ҳам Афғонистонда хизмат қилган, Расмус билан мулоқотда бўлган, деган эдингиз…
– Тўппа-тўғри, у Афғонистонда муваффақиятли хизмат қилган, Расмус билан ҳам самарали ҳамкорлик юритган. Айнан шу боис немис-фашистларнинг учинчи фронтни очиш нияти барбод бўлади.
Келинг, яхшиси, ўша замон тафсилотларини қисқача гапириб берай. Ҳар ҳолда, ота-боболаримиз «Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир», дейишган.
– Жуда яхши бўларди. Чунки ёш авлод ҳалигача ўз миллий қаҳрамонлари тўғрисида тўлиқ маълумотга эга эмас. Қолаверса, бундай суҳбатлар орқали аждодлар хотирасини ёдга олиб, савобли ишга қўл урган бўламиз.
– Тарихнинг очилмаган қирралари ниҳоятда кўп, назаримда, бугунги мавзуимиз уни тўлдиришга хизмат қилади.
Ўтган асрнинг 30-йилларидан бошлаб, Буюк Британия разведкачилари Эрон, Афғонистон ва Хитой ҳудудидан туриб Ўрта Осиё республикаларига қарши иш олиб боришган. Ўша даврда бу давлатларда СССРдан борган кўплаб муҳожирлар истиқомат қилишарди. Давлат хавфсизлик идорасига Ўрта Осиёлик муҳожирлар ташкилотлари ичига кириб олиш, раҳбарлари орасидаги қарама-қаршиликлардан моҳирона фойдаланиш ва келгуси режалари тўғрисида маълумотлар тўплаш вазифаси топширилади. Бу ишга бошқа разведкачилар қатори ўзбекистонлик Баҳром Иброҳимов ҳам жалб этилади.
24 ёшли Баҳром тенгдошларидан кескин ажралиб турган. Ўша даврдаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий вазиятни яхши идрок этган. Араб, турк, форс ва немис тилларини билган. Қўшни давлатлардан бирида махсус тайёргарликдан ўтган. Ишонарли баҳоналар ўйлаб топилиб, унинг хорижга «қочиб кетиши» уюштирилган.
Б.Иброҳимов 1931 йили Эроннинг Машҳад шаҳрига етиб боради. Қисқа фурсатда туркистонлик муҳожирлардан ташқари, немис ва япон разведкачилари билан ҳам танишиб олади. Бир ярим йилдан сўнг Москва Баҳромни афғон ҳудудига ўтказишга қарор қилади. Чунки уни Афғонистонда разведкамиз мавқеини кучайтиришга, мураккаблашиб бораётган вазиятда ишлашга қодир, деб топади. Демак, ўзбек разведкачисининг имкониятларидан тўла фойдаланиш зарурати туғилган. Бу ечим ўзини оқлагани Б.Иброҳимов ишларининг ижобий якунларидан маълум. У чет эллик разведкачилар билан ўрнатилган ишончли алоқалар натижасида ўта муҳим, давлат аҳамиятига молик маълумотлар тўплай бошлайди. Шулардан бири фашистлар Германиясининг 1941 йил бошида Совет Иттифоқига уруш очиш режаси ҳақидаги хабар эди.
– Худойберди Соҳибович, сўзингизни бўлганим учун маъзур тутасиз. Биз фашистларнинг бу режасини биринчи бўлиб, афсонавий разведкачи Рихард Зорге маълум қилган, деб эшитгандик.
– Тўғри, дунё уруши тарихи саҳифаларига шундай деб ёзилган. Зорге Германиянинг Япониядаги элчихонасида норасмий равишда матбуот атташеси лавозимида ишлаган. Бинобарин, Берлиндан келаётган маълумотлар билан мунтазам танишиб борган.
Б.Иброҳимов Афғонистонда СССРнинг ашаддий душмани, босмачилик ҳаракатининг фаол иштирокчиси, деб танилгани сабабли Кобулда Германия элчиси Пильгер, Абвер резиденти Расмус ҳамда Япония ва Туркия элчилари билан доимо учрашиб турган. Ўзбек разведкачиси тўплаган маълумотлар асосли бўлган. Расмий Берлиннинг ёпиқ қарорлари бир вақтнинг ўзида Токиога ҳам, Кобулга ҳам, Анқарага ҳам етиб турган. Аммо Зорге юборган маълумотлар асос учун қабул қилинишини бошқа манбалар, жумладан, Б.Иброҳимовнинг ҳар қандай шубҳалардан холи жонфидолик кўрсатиб, қўлга киритган ахборотлари билан тасдиқланиши деб тушуниш керак. Қолаверса, Москва ўзбек разведкачиси эришган улкан ютуқларни тан олса-да, Б.Иброҳимов хизматларини ошкора намойиш этишга шошилмайди. Бунинг сабаби ҳам маълум.
– Разведкачимиз жасоратини бундай таҳлилда илк бор эшитишим. Лекин Б.Иброҳимовнинг фаолияти фақат шу билан чекланиб қолмагандир…
– Разведкалар иши ҳар доим ҳам ошкор қилинавермайди. Бунинг учун вақт-соати етиши керак. Дунё тажрибасида шундай. Оз-оздан «сирли» одамларимизни маълум қилиб борамиз.
Дарвоқе, ҳозир Баҳром Иброҳимов ҳақида фильм олиш учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Андаккина қўллаб-қувватловчи ишлар қолган холос. Бадиий талқинда ишланажак бу фильм орқали халқимиз ўз қаҳрамонини тўлиқ тасаввур қилиб олади.
Баҳром аканинг йирик ишларидан яна бири немисларнинг учинчи фронт очиб, Афғонистон ҳудудидан Ўрта Осиё республикаларига бостириб кириш нияти барбод бўлишига муносиб ҳисса қўшганидир. Бевосита унинг иштирокида Афғонистон шимолида кенг фаолият юритаётган фашистлар раҳнамолик қилиб келган «Юнион» ташкилоти фош этилган. Германиянинг Афғонистондаги элчиси Пильгер эътироф этганидек, «Абвернинг СССРга қарши қўпорувчилик юритаётган «Юнион»дан кейин барча режалар барбод бўлади. Пучга чиқади».
Бу ташкилот режаларига кўра, 1943 йилда қарийб 60-70 минг жанговар қўшин СССР ҳудудига кириб, аввало, Бухорони, кейинги босқичларда бутун Туркистонни советлардан озод этиши керак эди. Пильгернинг айтишича, немис қўмондонлиги пул маблағидан ташқари, бу ташкилотни самолёт ва бошқа ҳарбий қуроллар билан таъминлашни ўз зиммасига олган эди.
Ўзбек разведкаси маълумотлари асосида СССРнинг Кобулдаги элчиси К.Михайлов Афғонистон ҳукуматига норозилик нотасини топширади. Унда Германия разведкасининг бу ҳудуддан туриб, Совет Иттифоқига қарши олиб бораётган фаолиятини тўхтатиш, ҳарбий бўлинмаларни қуролсизлантириш ва тарқатиб юбориш, унинг фаолларини ҳибсга олиш ва судга бериш талаблари баён этилади.
Ўз навбатида, 1942 йил 13 октябрда Германиянинг немис разведкаси резидентураси раҳбари Расмус Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, Афғонистон қироли Муҳаммад Зоҳиршоҳнинг кескин норозилиги етказилади. Маҳаллий қонунларга зид равишда фаолият юритаётган қўпорувчилик ташкилотларини тузиш ва уларни қурол-яроғлар билан таъминлаш айби қўйилади. Натижада 1943 йилнинг март ойида Афғонистон хавфсизлик идораси томонидан 100 га яқин фаол қамоққа ташланади. Улар орасида Баҳром Иброҳимов ҳам бор эди. Беш йилдан кейин озод этилгач, учинчи давлатларда разведка фаолиятини давом эттириб, 1955 йилда юртимизга қайтиб келади.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари Афғонистондаги вазият билан боғлиқ воқеалар ана шулардан иборат.
– Разведкачимизнинг мамлакатимиздаги тақдири ҳам газетхонларни қизиқтиради…
– Баҳром Иброҳимов Ватанга қайтиб келгач, севган касби – журналистика соҳасида ишлади. «Ўзбекистони сурх» газетасида, маданият ва давлат сиёсий нашриётида шарқ бўлимларини бошқарди. «Интилиш», «Мирзода ишқи» китобларини чоп эттирди. «Йўқсил» тахаллуси билан шеърлар битди. Тўртта чет тилини биларди, таржималар қиларди. Жами 50 дан ошиқ китобни ўзбек тилига ўгирди. 1963-1975 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида илмий иш билан машғул бўлди.
Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов Баҳром Иброҳимовнинг кўрсатган жасоратларидан фахрланарди. Шу боис уни Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига тавсия этади. Бироқ Москва билан олиб борилган узоқ ёзишмалар самара бермади, разведкачимиз фақат жанговар «Қизил байроқ» ордени билан тақдирланди. Шароф Рашидов эса унга Тошкентнинг сўлим жойларидан икки қаватли уй (коттеж) ва «Газ» автомобилини совға қилди…
– Худойберди Соҳибович, мазмунли суҳбатингиз учун Сизга миннатдорчилик билдирамиз.
Суҳбатдош:
Аброр ҒУЛОМОВ,
дипломат журналист
