Уэльс шаҳзодаси Чарльзнинг 1993 йили Оксфорд университети қошидаги Ислом тадқиқотлар марказида сўзлаган «Ислом ва Ғарб» нутқида шундай иқрор бор: «Ислом табиати ҳақида бизда тарқалган тушунмовчиликлар билан бирга, Ғарб маданияти, цивилизациямиз Ислом дунёси олдида қанчалар қарздор эканини яхши билмаймиз. Менимча, бунга сабаб – бизга мерос бўлиб қолган нохолис тарих. Ўрта асрларда Ислом дунёси Марказий Осиёдан Атлантика океани соҳилларигача олиму фузалолари билан равнақ топган дунё эди. Бироқ биз Исломни Ғарбнинг душмани, ғаним ва бегона маданият, жамият ва эътиқод тизими сифатида кўришга интилганимиз туфайли Исломнинг тарихимизга кўрсатган муҳим таъсирини унутиб қўйдик. Саккизинчи – ўн бешинчи асрлар оралиғида Испанияда мавжуд бўлган исломий жамият ва унинг юксак маданияти (Европа учун) нақадар муҳим бўлганини ҳамиша камситиб келганмиз. Мусулмон Испаниянинг инквизиция даврида юнон классик таълимотини сақлаб қолгани, кейинчалик Ренессанс даврининг равнақ топишига ўз ҳиссасини қўшгани аллақачон тан олинган ҳақиқат. Мусулмон Испания қадим Юнон ва Рим маданиятининг зеҳний меросини асраб қолгани баробарида мазкур билимларни қайта изоҳлаб, янада ривожлантириб, бутун дунёга тарқатиб, инсоният билимининг астрономия, математика, алгебра, қонуншунослик, тарих, тиббиёт, фармакология, оптика, зироат, илоҳиёт, мусиқа каби аксарият соҳаларига ўзининг муҳим ҳиссасини қўшди. Британияда қирол Альфред таомларни тўғри тановул қилиш тўғрисида ислоҳотлар ўтказаётган бир пайтда, мусулмон Испанияда китобларни абонемент бўйича олиш йўлга қўйилган кутубхоналар мавжуд бўлган. Испания мусулмонлари қоғоз ишлаб чиқариш маҳоратини Хитойдан тўрт юз йил аввал ўрганиб олган эдилар. Ўзидан фахрланаётган Европанинг кўп хислатлари бевосита Испаниядан ўзлаштирилган».
Ислом маърифати ҳамда Андалузияда мусулмонлар эришган муваффақиятлар хусусида сўз кетганда, бошқа илмий-маърифий манбаларга ҳам мурожаат этиш зарур бўлади. Чунончи, машҳур маърифатпарвар олим Исмоилбек Гаспринский қаламига мансуб «Дорур-роҳат мусулмонлари» асарида Исломнинг Ғарб маданияти ва умуман, дунёвий илм-фан тараққиётига қўшган бемисл ҳиссаси ғоят таъсирчан мисоллар ёрдамида очиб берилади: «Ислом аҳли қўлга киритган Андалуз ўлкаси қанчалар барокатли ва хуш ҳаво бўлишига қарамай, аҳолининг беҳунар, маданиятсизлигидан мамлакат хароб ва тап-тақир эди. Асари маданият ва зако ўлароқ, ҳар тарафга йўллар, кўприклар қурилди. Йўлларда чашмалар, қирларга ариқ ва қувурлар чиқарилиб, сув бўйларида минглаб тегирмонлар, фабрикалар, қишлоқ ва шаҳарлар бунёд этилди. Саҳролар боғу боғчаларга, қирлар экинлик ва бўстонлик ерларига айланди».
Муаллифнинг ёзишича, Андалузияда мусулмонлар томонидан олиб борилган одилона сиёсат натижасида ушбу ўлка Европа ва Осиё давлатларига анча йиллар намуна бўлиб турган, илм-фан, қурилиш беқиёс равнақ топган, 800 дан ортиқ мадрасада олим ва донишмандларнинг турли анжуманлари муттасил ўтказиб турилган. Биргина шаҳар ҳокимининг шахсий кутубхонасида 600 мингдан зиёд китоб бўлган. Мамлакатдаги етмишдан ортиқ кутубхонада сақланаётган китоблардан аҳоли, талабалар бемалол фойдаланишган. «Европа мамлакатларидан фаранглар Андалузга келиб, мусулмон мадрасаларида илм ва ҳунар ўрганганлар, – деб ёзади Исмоилбек. – Шу сабабли Андалуз мусулмонлари Европанинг маданияти ва жадидаси (янги маданияти) юксалишига асосий сабабчи бўлганлар. Улар Европанинг муаллим ва устозлари ҳисоб этилсалар жоиз».
Ушбу асарни ўзбек тилига ўгириб, муаллифнинг бошқа асарлари билан бирга нашр эттирган ҳассос олим Бегали Қосимов Исмоилбек Гаспринскийнинг бу баҳосини изоҳлаш учун америкалик олим Драбернинг «Европада ақлий тараққиёт тарихи» китобидан қуйидаги иқтибосни келтиради: «Европанинг бугунги улуғ зиёси мусулмонлар ёққан шамъ ва чироқларнинг ёғдусидан майдонга келгандир». Дарҳақиқат, мусулмонлар Андалузияда ўз қобиқларига ўралиб қолмадилар, фақат ўзларини ўйламадилар, ўз майлларини қондирмадилар, Аристотель, Платон каби буюк даҳоларнинг фавқулодда муҳим илмий асарларини ўрганиб, уларни пешма-пеш Европага танитдилар. Гаспринский ёзади: «Юнон маданияти Европадан аввал Ислом дунёсига ёйилди, мусулмонлар уни тараққий эттириб, камчилик ва нуқсонларини камайтириб, Европага топширдилар».
Мусулмонларнинг Юнон маданиятидан баҳрамандлиги қандай содир бўлди, бу маданият Ислом оламига қандай кириб келди? Ушбу саволларга Исмоилбек шундай жавоб беради: «Бу (жараён) VIII асрдан, Аббосий ҳукмдор Абу Жаъфар Абдуллоҳ ал-Мансур замонидан бошланган. Илм-фанни севган Абу Жаъфар ҳинд олимларидан илми нужум ва ҳайъатни ўрганган, юнонларда бу фанларнинг тараққий топганини англаб, уларни таржима қилишни йўлга қўйган эди. Воқеа бундай бўлган: Аббосийлар замонида насронийлар орасида «несторийлар» деган бир гуруҳ пайдо бўлади. Булар 431 йилда Эфес ибодатхонасида дунёвий қарашлари учун сазойи қилиниб, юртдан бадарға этилган патриарх Несторнинг издошлари эди. Улар Эрон, Ўрта Осиё шаҳарларида дарбадар кезиб юрар эдилар. Абу Жаъфар уларни тўплаб, ўз ҳимоясига олиб, таржима ишларини бошлаб юборади. Қисқа муддатда Бағдод, Шом илму ҳикмат хазиналарига айланади. Бу борада Ҳорун ар-Рашид, Маъмун каби ҳукмдорлар катта ҳикмат ва жасорат кўрсатадилар».
Исмоилбек бу фикрини дадиллаш маъносида Ҳорун ар-Рашид Франция ҳукмдори Буюк Карлга (742-814) юборган совғалари орасида занг чаладиган соат бўлиб, бу европаликларни ҳайратга солганини, улар бир муддат совға ўралган матони ечишга журъат қилолмай туришганини эслатади.
«Дорур-роҳат мусулмонлари»да келтирилган маълумотларга кўра, Абу Жаъфар Юнон ҳукмдори билан иноқ бўлиб, Афинадан беадоқ китоблар олдиради. Маъмун даврида Яҳё ибн Холид Бармакий Птоломейнинг «Мажистий» асарини таржима қилади. Санад бин Али ва Холид бин Абдумалик Марварудий астрономия бўйича янги маълумотларни қўлга киритадилар. Ер шарининг узунлик ва кенглик даражалари ўлчаб чиқилади. Аббос бин Саййид Жўшарий каби машҳур олимлар юнонларнинг астрономияга оид асарларидаги кўплаб хатоликларни аниқлайдилар, қуёш доғлари, ой ва кун тутилиши, думли юлдузлар борасида бир қанча кашфиётлар қиладилар. Европалик олимлар ҳандаса илмини хуросонлик Абулвафонинг ҳижрий бешинчи аср бошида тузган «Аз-зижи Шомил» ва «Мажистий»сидан ўрганади…
Афсуски, ХI асрга келиб, замон нотинчликлари кучайиб боради. Бир томондан ғазнавий, салжуқийларнинг мулк дағдағаси, иккинчи томондан Чингиз истилоси, учинчи томондан Қуддуси шариф учун бошланиб кетган «салб юришлари» ислом оламини ларзага солиб, илм-ҳунар йўлларини бузиб юборади. Лекин илм-маориф нури сўнмайди, аксинча, душманларга ҳам зиё бериб, уларни ҳам мунаввар қилади. Мўғулларнинг катта қисми ислом маданиятини қабул қилади, европаликлар эса юз йиллик салб юришлари давомида у ерлардан бойлик ўмариш билан бирга, қанчадан-қанча санъат ва ҳунарларни ўрганиб қайтадилар. Ислом маданияти ўчоқлари Бағдод, Шероз, Нишопур, Самарқанддан ташқари, Африка ва Испанияда, яъни ислом оламининг деярли барча нуқталарида мавжуд бўлиб, у ерларда илм-фан бениҳоя ривож топади.
Тарихдан маълумки, Батлимус (Птоломей) «Жуғрофия»си Маъмун замонига келиб эскиради. Унинг амри билан янги мукаммал жуғрофия китоби – «Расм ул-арз» яратилади, аввалги китоблардаги хатоликлар тузатилиб, матнга хариталар илова қилинади. Мирзо Улуғбек кўрсатмаси билан Али Қушчи ернинг кенглик даражаси ва сатҳини ўлчаш борасида катта ютуқларга эришади.
«Олами исломиятда машҳур ва Оврупо Фарангистони уламосига маълум «муаллими соний» номини олган Абу Наср Форобий ҳазратлари турк ўғли туркдирки, ҳам биринчи уламодан, ҳам биринчи ҳукамодандир, – деб ёзади Исмоилбек. – Али Ҳусайн ибн Сино ҳазратлари Оврупода «Ави-Сена» номи ила машҳур бўлган турк ўғли туркдир. Юнон қавми Буқрот каби табиб ва Арасту каби филўсўф ила ифтихор қилади. Ибн Сино эса Арастунинг акси эмас эди ва лекин Арастунинг шогирди ҳам бўлмай, ўзининг истеъдоди ва ақлия зеҳнияси ила Арастуга баробар келмишдир. Ибн Сино Бухоро мевасидир».
Муаллиф шу ва бошқа кўплаб маълумотларни келтирар экан, ҳар бир миллат, халқнинг буюклиги ва қувватлилиги унинг илм ва ҳунарни нечоғли эгаллагани билан ўлчанишини таъкидлайди, «илм ва ҳунарга эга миллат ва халқ энг улуғ, энг буюк халқдир», дейди.
Таассуфки, орадан асрлар ўтиб, гуллаб-яшнаган Андалузия таназзулга юз тутади. Бунинг сабаби нима эди? Исмоилбек Гаспринский бу саволга ғоят таъсирчан жавоб беради: «Инсон иши, инсон тартиби ҳеч қачон боқий бўлмайди. Чунки борлик ва йўқлик, тараққиёт ва таназзул сабаблари ўз ичимизда. Талафотимизга сабаб бўлган оғу ва заҳар ҳам, жони саодатимизга сабаб бўлган қувваи маънавия ҳам вужудимиздадир. Тўғрилик ва нафсоният, ҳаққоният ва зулм, марҳамат ва ғаддорлик, танбаллик ва ғайрат, илмга муҳаббат ва жаҳолатга майл, мардлик ва олчоқлик, баҳодирлик ва қўрқоқлик – барчаси инсонга хос. Шундайки, ушбу ҳолларнинг қай бири ғолиб келса, жамияти башария ана шунга мувофиқ тартиби маишат қилади… Инсонлар ҳусн ахлоқли, хуш қилиқли бўлсалар, жамият ва ҳаётлари давомли бўлиб тараққий этар, саломат ва саодатҳол бўлурлар. Акс ҳолда, ичидан чириган олмадек, бир-бир тўкилиб, инқирозга юз тутади… Уч юз йил камоли шуҳрат ва ном ила салтанат қилиб, Андалуз давлати охир-оқибат бошқа йўлга юз тутди. Афкорлар, одатлар ва ҳиссиётлар ўзгара бошлади. Танбаллик, қайғусизлик, кибр, тафриқа (бўлиниш, парчаланиш) илон оғуси каби вужуди давлат ва миллатни чирита бошлади. «Ҳолсизланмиш дарахтда соғ мева бўлмас», деганларидай, адолатсиз қозилар, порахўр волийлар, ақли ноқис ва ғайратсиз ҳукмдорлар келиб, фитнабозлар – уламога, ширин ёлғон сўйловчилар – содиқ бандаларга, нафсоният ва манфаати шахсия – фавоиди умидияга, риёбозлик ва намойиш учун ўқилган намозлар амали хайрияга ва миллатпарварликка ғолиб келди. Бу заҳар икки юз йил Андалузнинг вужудини кемириб, хароб қилди. Бир давлат уч-тўрт қисмга бўлиниб, бир-бирларига иддао билан уруш йўлига ўтдилар…».
Бу фикрга тўла қўшилган ҳолда айтиш зарурки, Шарққа хос уч иллат – кўпхотинлилик (улардан туғилган фарзандларнинг ўзаро тахт талашуви), маишатбозлик (огоҳликнинг йўқотилиши) ва мол-мулкка ружу қилиш, хазинани тўлдириш учун солиқларни ошириш биргина Андалузияни эмас, кўплаб бошқа салтанатларни ҳам вайрон этган.
Мусулмонлар ўртасидаги бундай иттифоқсизлик натижасида бутун бир давлат уч-тўрт қисмга бўлиниб, ҳокимлар бир-бирларига уруш эълон қиладилар. Бу ҳолат Кастилия насронийларининг ночор ҳукмдори Фердинандга қўл келади ва у Андалузиянинг ички ишларига аралашиб, ўлка инқирозини тезлаштириб юборади.
Бу инқироз тарихнинг бизгача етиб келган, унутиб бўлмайдиган сабоқларидан биридир. Андалузиянинг уқувсиз, журъатсиз сўнгги ҳукмдори Абу Абдуллоҳ ас-Соғир ўзининг жони, роҳати ва мол-мулкини ўйлаб, Фердинанд билан яширин музокаралар олиб боради, унинг тилёғламалик билан берган ёлғон ваъдаларига ишонади. Бу музокара март ойининг сўнгги кунида бўлиб ўтади. Ал-Ҳамро саройида ўтказилган йиғинда қўрқоқ ҳукмдор вазиятдан чиқиш йўллари тўғрисида эмас, шаҳарни душманга топшириш, таслим бўлиш, бошқа чора йўқлиги тўғрисида сўзлайди. Шунда жасоратли, ориятли саркарда Мусо ўрнидан туриб, «Йўқ, султоним, муҳорабага чорамиз бор. Душманга таслим ила жон ва молимизни омон сақлаб бўлмайди. Ўзимиз асир ва қул бўламиз, молимиз эса яғмо ва ғоратда қолади. Душман қиличидан қўрққан бу кўзларимиз (эртага) хотин-қизларимизни уларнинг қучоқларида ва ишрат мажлисларида шароб қадаҳларини тўлатишларини кўражакдир… Бизга вожиб бўлган нарса – сўнгги, охирги нафасга қадар миллат ва юрт қайғусида ғайрат қилмоқдир. Жаноби Ҳақ оғир кунларда ўзи қўллайди. Бу йўлда жон ва бошни фидо қилмоқ ва ор-номус ила дунёдан кетмоқ номуссизлик ила бориб, душманга асир бўлишдан минг маротаба лаззатли ва шарафлидир», дейди. Аммо бошқа ҳеч кимдан садо чиқмайди.
Саркарда Мусо мажлисни тарк этиб, уйига келади, оила аъзолари, хизматкорларини йиғиб, уларга, шаҳар таслим бўлса, хавф-хатарсиз чиқиб кетиш йўлларини тушунтиради, улар билан видолашар экан, ҳеч қачон, аввало, диндан, илм-маърифатдан, иш ва ғайратдан чекинмасликларини уқтиради. Шундан сўнг отини эгарлатиб, бир ўзи қуролланган ҳолда йўлга тушади. Шаҳардан чиқаверишда қирол Фердинанд аскарлари уни қуршаб олади. Тенгсиз олишувда Мусо уларнинг йигирма нафарини ер тишлатиб, ўзи ҳам ҳалок бўлади.
Шаҳар бутунлай душман қўлига ўтади. Мусулмонларга қарашли мол-мулклар талон-тарож қилинади, аёллар асирликка олинадилар. Қўрқоқ ҳукмдор мулозимлари Фердинанднинг мулозимларига қараб: «Кеча сизлар жонингизга ҳам, молингизга ҳам тегмаймиз», дегандингиз-ку?» деганларида, улар сурбетларча: «Бу кеча айтилган ёлғон ваъда эди, бугун эса 1 апрель», дейишади.
Шу-шу баъзи мамлакатларда 1 апрель ёлғон гапириш, содда одамларни лақиллатиш, масхара қилиш кунига айланади. Бу кунни кулги куни сифатида нишонлаш ўтмиш сабоқларидан бирини унутиш деганидир.
Шу ўринда Ислом динига қилинаётган хуружлар, асоссиз айбловлар, қаерда бир нотинчлик юз берса, уни албатта муқаддас динимиз билан боғлаш ҳаракатлари ёдга тушади. Таассуфки, диний мазҳаблар ўртасида мавжуд айрим келишмовчилик, зиддият, ноиттифоқлик, қонли можаролардан кўз юмиш қийин. Аммо ҳар бир иллатнинг илдизи аслан қаерда, ноаҳиллик қандай ва нима сабабдан бошланган, бу иллатга кимлар ва нималар сабаб бўлган, деган саволлар пайдо бўлиши табиий ҳол. Уларга ўтмиш ҳақиқати асосида мантиқли жавоб қайтариш тарихчи олимларимизнинг муҳим бурчидир.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист
